ЕХҲТ ДИИҲБ миссияси: “Сайловлар ҳукуматнинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларга нисбатан ошиб бораётган ҳурмати шароитида бўлиб ўтди”

2019 йил 23 декабрь ЕХҲТ расмий веб-саҳифасида ЕХҲТ ДИИҲБ миссиясининг жорий йилнинг 25 ноябридан 25 декабригача Ўзбекистон Республикаси парламент сайловларининг кузатувлари натижалари тўғрисида эълон қилинган дастлабки ҳисоботи эълон қилинди.

Ҳисоботда таъкидланишича, “сайловлар, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев ташаббуси билан 2017 йилдан Ўзбекистоннинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий соҳаларида ўзгаришларни босқичма-босқич амалга оширишга қаратилган кенг қамровли ислоҳотлари доирасида ўтказилди”.

Шу билан бирга, “Янги Ўзбекистон – янги сайловлар” шиори остида Олий Мажлисга ўтказилган сайловлар модернизация ва демократлаштириш жараёнидаги муҳим босқич бўлиб, давлат раҳбарининг таърифига кўра – ортга қайтариб бўлмайдиган характерга эга эканлиги алоҳида қайд этилган.

ЕХҲТ янги қабул қилинган Сайлов кодексида илгари ЕХҲТ ДИИҲБ томонидан берилган тавсиялар мавжуд бўлиб, ушбу тавсиялар сайловларнинг ҳуқуқий асосларини халқаро стандартлар ва ЕХҲТ мажбуриятларига яқинлаштирганини тан олади.

“Марказий сайлов комиссиянинг парламент сайловларини намунавий тарзда ўтказиш бўйича амалга оширган сезиларли даражадаги саъй-ҳаракатларига” ижобий баҳо берилди.

Ҳисоботда Марказий сайлов комиссиянинг сайловларни ўз вақтида ва белгиланган тартибда ўтказишга амал қилганлиги айтилади. Сайловчиларнинг хабардорлигини ва сайлов комиссияси вакилларининг саводхонлигини ошириш, ногирон шахсларга керакли шароитларни яратиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилганлиги эътироф этилди. Жазони ўташ муассасаларида озодликдан маҳрум қилинган, ўта оғир бўлмаган жиноят содир этганликда айбланган шахсларга овоз бериш ҳуқуқининг тақдим этилганлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Кўп маротаба овоз беришни бартараф этувчи ва тенг овоз бериш ҳуқуқини кафолатловчи сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати татбиқ этилганлигига “улкан ютуқ” сифатида баҳо берилди.

Сайлов кампанияси ҳукуматнинг сўз ва фикр эркинлигига нисбатан ошиб бораётган ҳурмат шароитида ўтганлиги таъкидланди. ЕХҲТ экспертларининг фикрига кўра бу “ОАВга сайлов жараёнларини кенг ёритиш имконини берди”.

Бундан ташқари, амалга оширилган ислоҳотлар фуқаролар ва сиёсий партиялар учун сиёсий таклифлар ва ҳукуматга нисбатан танқид билан чиқиш имконини берганлиги ЕХҲТ томонидан юқори баҳоланди.

Ҳисоботда энг муҳим янгилик сифатида жонли эфирда дебатларнинг тез-тез ўтказилганлиги таъкидланган. Мустақил шарҳнинг муҳим манбаи сифатида кўриладиган блогерларнинг таъсири ортиб бораётганлиги кўрсатиб ўтилган. ЕХҲТ кузатувчилари миллий озчиликнинг ҳуқуқлари бузилиши ҳолатлари кузатилмаганлиги таъкидлаган.

Биринчи марта “Сайлов кодекси сайлов қонунчилигининг бузилишига жавобан ҳуқуқий воситаларни ва партияларнинг сайлов олди ташвиқоти доирасида молиявий ресурслар сарфланганлиги тўғрисидаги ҳисоботларни бир ой ичида ўз веб-сайтларида ва ОАВда эълон қилиш мажбуриятини таъминлайдиган оқилона қонунчилик базасини яратганлиги” эътироф этилган.

Алоҳида қайд этилишича, сайловда 820 дан ортиқ халқаро кузатувчилар ва 135 нафар чет эллик журналистлар иштирок этган ва улар учун сайлов жараёнининг барча жабҳаларига тенг ва тўсиқсиз кириш имконияти яратилган.

ЕХҲТ ҳужжатида давлат ва жамоат бошқарув тизимидаги, сайлов амалиётидаги бир қатор ижобий ўзгаришлар ҳам қайд этилган.

Шу билан бирга, ЕХҲТ Миссиясининг ҳисоботида сайлов қонунчилиги ва сайлов амалиётини такомиллаштиришга қаратилган қатор тавсиялар мавжуд.

Туҳмат қилиш, “фуқароларнинг қадр-қимматини камситиш” ва “ёлғон маълумот” тарқатиш учун жиноий жазоларни бекор қилиш таклиф этилади. Бу Миссиянинг фикрича, журналистлар фаолиятини ва фикр эркинлиги ҳуқуқини сезиларли даражада чеклайди.

Шу муносабат билан, ЕХҲТ/ДИИҲБ Президентнинг 2019 йил 13-15 декабрь кунлари туҳмат ва ҳақоратлар энди қамоқ жазоси билан жазоланмаслиги учун қонунларга ўзгартиришлар киритишни топшириқ берганлигини олқишлайди.

Бундан ташқари, ЕХҲТ/ДИИҲБ Миссияси таъкидлашича, депутатликка номзодларга сайлов кунидан камида беш йил давомида мамлакатда бўлиш та
лабларини белгилаш энг яхши сайлов амалиётига мос келмайди.

Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган шахсларга сайловда овоз бериш ҳуқуқини бериш, шунингдек фуқароларга мустақил номзод сифатида иштирок этиш имкониятини кўриб чиқиш таклиф этилади.

ЕХҲТ Миссиясининг фикрига кўра, ҳозирги вақтда аёллар мамлакат жамоат ва сиёсий ҳаётида етарли даражада фаол қатнашмаяпти. Гендер тенглик кампаниянинг энг чекланган мавзуси эди ва ушбу мавзу оммавий ахборот воситаларида муҳокама қилинмади, аксинча асосан эркак-номзодлар мавзуси муҳокама қилинди.

Шу билан бирга, ДИИҲБ Миссияси Марказий сайлов комиссиясида аёллар сони 3 тадан 7 тагача, сайлов органларида эса 49%га ошганини таъкидлаб ўтди. Номзод сифатида кўрсатилган аёллар сони 41 фоиздан ошганлиги ҳам алоҳида таъкидлаб ўтилди.

ДИИҲБ Миссияси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 июндаги Олий Мажлис Сенатининг ялпи мажлисидаги нутқида аёлларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги ўрни ва ролини янада кучайтириш муҳимлиги тўғрисидаги фикрини келтириб ўтди.

Қолаверса, Миссия, овоз бериш куни сайлов участкаларида гуруҳ-гуруҳ бўлиб овоз бериш ҳолатлари, сайловчиларни рўйхатга олиш ва овозларни санаб чиқиш жараёнида кузатилган ҳуқуқбузарликлар ва якуний протоколларни тўлдиришда қийинчиликлар кузатилганини қайд этди.

Таъкидлаш жоизки, сайлов куни Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси билан биргаликда сайлов қонунчилиги бузилиш ҳолатлари учраганини тан олди ва ушбу ҳолат юзасидан ҳозирги вақтда тегишли текширувлар ўтказилмоқда.

Хулосада Миссия Марказий сайлов комиссияси ва Ташқи ишлар вазирлигига сайлов жараёни кузатиш учун таклиф этилгани учун ташаккурнома билдирган.

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссиясидан маълум қилишларича, Ўзбекистонда бўлиб ўтган сайловларда биринчи маротаба ЕХҲТ ташкилотига аъзо бўлган 37 давлатдан 316 кенгайтирилган кузатувчилар делегацияси, шу жумладан, ЕХҲТ/ДИИҲ бюросидан – 271 ва ЕХҲТ Парламент Ассамблеясидан 45 нафар кузатувчи қатнашди.

Шунингдек, олдинги ҳисоботлардан фарқли ўлароқ, ушбу ҳисоботда ЕХҲТ Парламент ассамблеяси делегациясининг кузатув натижалари ҳам ҳисобга олинган.

 

ЎзА