Ўзбекистон – Татаристон: савдо-иқтисодий алоқалар жадал ривожланмоқда​

Татаристон Республикаси Президенти Рустам Миннихановнинг мамлакатимизга ташрифи доирасида 26 ноябрь куни пойтахтимиздаги “International Hotel Tashkent” меҳмонхонасида “Ўзбекистон – Татаристон” ишбилармонлари бизнес-форуми бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон ва қардош Татаристоннинг иқтисодиёт, савдо, инвестиция, туризм, нефтни қайта ишлаш, металлургия, енгил саноат, машинасозлик, оммавий ахборот воситалари соҳасида фаолият юритувчи қатор вазирлик ва идоралари, қўмита ва агентликлари раҳбарлари, йирик ишлаб чиқариш ва бизнес компаниялари вакиллари, ишбилармон доиралар иштирок этди.
3.JPG
4.JPG
Форум очилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Э.Ғаниев меҳмонларга мамлакатимизда қарор топган бизнес муҳит, хорижий инвесторлар учун яратилган қулайликлар ҳақида маълумот берди. Мавжуд ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш борасида сўз юритди. Айни пайтда Ўзбекистон ва Татаристон ўртасида умумий қиймати 1,5 миллиард доллардан зиёд 50 дан ортиқ лойиҳа амалга оширилаётгани таъкидланди.
Татаристон Республикаси Президенти Р.Минниханов ўз чиқишида Ўзбекистоннинг янгиланган ташқи сиёсати, аниқ натижага асосланган саъй-ҳаракатлари барча давлатлар қатори Россия, жумладан, Татаристон билан манфаатли алоқаларни сезиларли даражада кенгайтириш имконини бераётганини қайд этди. Мамлакатларимиз ҳудудлари ўртасида тўғридан-тўғри муносабатлар ривожланаётгани, 2018 йилда юртимизда ўтказилган Ўзбекистон – Россия ҳудудлараро форумида эришилган келишувлар доирасида ҳамкорлик янада мустаҳкамланаётгани таъкидланди.
13.JPG
14.JPG
Жорий йил май ойида Татаристон Республикаси Бош вазири ўринбосари, саноат ва савдо вазири Альберт Каримов бошчилигидаги делегация ташриф билан мамлакатимизда бўлди. Музокаралар натижаси бўйича нефть-газ, соғлиқни сақлаш ва фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, автомобилсозлик, туризм, табиий бойликларни қазиб олиш ва қайта ишлаш, ахборот технологиялари сингари ўнлаб соҳаларни қамраб олиш кўзда тутилган қатор келишувларга эришилди. “Татнефть”, “КАМАЗ”, “НТЗ, “ТЭМ-ПО”, “Химград”, “Эйдос-медицина”, “Татхимфармпрепарати”, “Бионоватик” сингари Татаристоннинг дунё бозорида муносиб ўрин эгаллаган ўнлаб йирик корхоналари билан қўшма лойиҳалар ишлаб чиқилди ва амалиётга жорий қилинди. Бугунги кунда ушбу ҳамкорлик натижалари реал рақамларда ҳам ўз ифодасини топмоқда.
Хусусан, 2018 йилда Ўзбекистон билан Татаристон ўртасидаги маҳсулот айирбошлаш ҳажми 145 миллион АҚШ долларидан ошди. 2017 йилда бу рақам 92,6 миллион эди. Бироқ бу икки томон ҳамкорлигида эришилиши мумкин бўлган дастлабки самаралардир. Фойдаланилмаган улкан имкониятларни тўлақонли ишга солиш орқали иқтисодий шерикликда юксак натижалар қайд этиш мумкин. Мазкур бизнес-форумдан кўзланган мақсад олий даражадаги ташрифлар чоғида асос солинган янги, замонавий шаклдаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада юксалтиришдан иборат.
15.JPG
Анжуманда Ўзбекистон – Татаристон ишбилармон доиралари иштирокида В2В шаклидаги учрашув ўтказилди. Музокараларда полимер қувурлар, совутиш ускуналари, ўсимлик етиштиришда қўлланувчи микробиологик препаратлар, сувни тозалаш учун реагентлар, иссиқлик изоляцияси материаллари, дизель автомобиллари, насос ва компрессор ускуналари ишлаб чиқариш, шунингдек, муҳандислик, энергетика, инфратузилма, транспорт ва логистика соҳаларида ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Манфаатли келишувларга эришилди.
Форум доирасида нефть-газ ва кимё саноати, кон-металлургия, ахборот соҳаларидаги муносабатларни янада ривожлантиришга қаратилган стратегик шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумлар, шартномалар имзоланди.

 

Ғайрат ХОННАЗАРОВ, Оқил ҒУЛОМОВ​ (сурат), ЎзА