Ўзбекистон – Россия: парламентлараро алоқалар кенгаймоқда

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси парламенти билан Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Давлат думаси ўртасидаги алоқалар бўйича парламентлараро дўстлик гуруҳи аъзоларининг учрашуви бўлиб ўтди.
Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва иқтисодий соҳаларни модернизация қилишда парламент, сиёсий партияларнинг ролини янада кучайтириш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси хорижий давлатлар парламентлари билан алоқаларни кучайтириш устида иш олиб бормоқда. Хусусан, парламентлараро дўстлик гуруҳларини ташкил этиш бу борадаги ишлар самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Қонунчилик палатаси депутатлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган тадбирда парламентлараро дўстлик гуруҳлари хорижий давлатлар парламентлари билан алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим платформа бўлиб хизмат қилиши алоҳида қайд этилди.
Россия Федерацияси билан фан, таълим, маданият, санъат, спорт, туризм соҳаларидаги ҳамкорлик изчил ривожланмоқда. Икки давлат халқлари бир-бирининг маданияти ва адабиётига ҳурмат билан қарайди. Москва шаҳрида буюк ўзбек шоири ва мутафаккири Алишер Навоий ҳайкали, пойтахтимизда рус шоири Александр Пушкин ҳайкали қад ростлаган. Мамлакатимизда Россиянинг етакчи олий таълим муассасалари филиаллари очилган. Таълим соҳасидаги ҳамкорлик туфайли 2019/2020 ўқув йилида 100 нафарга яқин мамлакатимиз йигит-қизлари Россиядаги олий таълим даргоҳларида таҳсил оладиган бўлди.
Ўзбекистон ва Россия Президентларининг сиёсий иродаси икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ривожлантиришда пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда. Мамлакатларимиз ўртасидаги мулоқотни фаоллаштиришда парламентларнинг ўрни ва аҳамияти ҳам тобора ошиб бормоқда. Парламентлараро алоқалар икки мамлакат парламентлари вакилларининг ташрифлари орқали мустаҳкамланмоқда. Aйни пайтда Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Давлат думасида Ўзбекистон парламенти билан ҳамкорлик бўйича депутатлар гуруҳи мавжуд.
Учрашувда Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Давлат думаси раиси В.Володин бошчилигидаги делегациясининг Ўзбекистонга кутилаётган ташрифига доир масалалар муҳокама қилинди. Ташриф чоғида Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Давлат думаси ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ўртасида парламентлараро ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланиши режалаштирилган.
Иштирокчилар жорий йил декабрь ойида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига ўтказиладиган сайловларга Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Давлат думасидан кузатувчиларни чақириш бўйича таклифлар билдирди. Халқаро алоқалар ва парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш бўйича келгусида амалга оширадиган вазифалар белгилаб олинди.

 

Абдулазиз МУСАЕВ, ЎзА