Дзюдо: Шарофиддин Лутфуллаев жаҳон вице-чемпиони

Бугун Япония пойтахти Токио шаҳрида дзюдо бўйича катталар ўртасидаги жаҳон чемпионати баҳсларига старт берилди. Бу ҳақда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар қилади.
 
Мусобақанинг дастлабки кунида вазни 60 кг.гача бўлган полвонлар ғолиблик учун татамига чиқишди. Қувонарлиси, ушбу вазн тоифасида юртимиз шарафини ҳимоя қилган спортчимиз Шарофиддин Лутфуллаев якунда кумуш медалга сазовор бўлди.
Лутфуллаев ярим финалда қозоғистонлик Гусман Қирғизбоев устидан соф ғалабага эришган эди. Финалда эса ҳамюртимиз грузиялик Чхвимиани Лухумига қарши татамига чиқди. Афсуски, олтин медаль учун кечган беллашувда Шарофиддин рақибига имкониятни бой берди ва жаҳон чемпионатининг вице-чемпионига айланди.
Мазкур жаҳон чемпионатида Токио-2020 ёзги Олимпия ўйинларига рейтинг баллари ҳам тақдим этилади. Лутфуллаев ушбу муваффақияти орқали 1 400 рейтинг баллга эга бўлди ва Олимпия рейтингидаги мавқеини мустаҳкамлаб олди.
Таъкидлаш керак, спортчимиз жаҳон чемпионатига мураббийлари Бекзод Тўрабоев, Андрей Штурбабин ҳамда Фарҳод Тўраевлар қўл остида тайёргарлик олиб борганди.
Шарофиддин Лутфуллаевнинг ушбу муваффақияти мамлакатимиз мустақиллигининг 28 йиллигига муносиб совға бўлди.

 

ЎзА