Ўзини ўзи банд қилган фуқароларга вақтинчалик меҳнат гувоҳномаси бериш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди (ВМнинг 9.07.2019 йилдаги 566-сон қарори).
Ўзини ўзи банд қилганлар ким
Улар жумласига қуйидаги жисмоний шахслар киради:
● меҳнат даромади олишга йўналтирилган жисмоний ва юридик шахсларга хизматлар кўрсатиш, ишларни бажариш бўйича шахсий меҳнати билан иштирок этишга асосланган фаолиятни мустақил амалга оширадиган;
● якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатга олинмаган;
● ўз фаолиятида ёлланма ходимлар меҳнатидан фойдаланмайдиган жисмоний шахслар.
Якка тартибдаги тадбиркорлардан ташқари, ҳунармандчилик фаолияти субъектлари ва деҳқон хўжаликлари аъзолари ўзини ўзи банд қилувчилар деб ҳисобланмайди.
Вақтинчалик меҳнат гувоҳномалари 24 та фаолият тури бўйича берилади (Рўйхат, 566-сон ВМҚга 3-илова). Айрим бандлари баъзи чекловлар билан Хусусий тадбиркорлар юридик шахс ташкил этмасдан шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхатига (7.01.2011 йилдаги 6-сон ВМҚга 1-илова) мос келади. Масалан, ўзини ўзи банд қилиш мақомида репетиторлик қилиш, мебель йиғиш ва таъмирлаш билан шуғулланиш мумкин, лекин фақат уйда.
Гувоҳномада кўрсатилганлардан ташқари ўзини ўзи банд қилувчи ҳужжатнинг амал қилиш даврида 566-сон Рўйхатдаги исталган бошқа фаолият билан шуғулланиши мумкин.
Гувоҳнома нима беради
Биринчидан, солиқ имтиёзлари:
● ўзини ўзи банд қилиш сифатида меҳнат фаолиятини амалга ошириш натижасида олинган даромадларга ЖШДС солинмайди;
● ташкилотлар жалб қиладиган кўрсатилган фуқаролар меҳнатига ҳақ тўлаш ЯИТ ҳисоблаб чиқариш объекти ҳисобланмайди.
Иккинчидан, меҳнат фаолияти ҳақиқатда бажарилган ёки бажарилмаганлигидан қатъий назар гувоҳномада кўрсатилган давр ёшга доир, ногиронлик ва боқувчисини йўқотганлик пенсиясини ҳисоблаш учун қабул қилинадиган иш стажига ҳисобланади.
Учинчидан, камида 6 ой амал қиладиган муддатга меҳнат гувоҳномасини расмийлаштирган ўзини ўзи банд қилувчи меҳнат органи тавсиясига кўра ўз фаолият тури учун имтиёзли микрокредитлар олиши мумкин.
Тўртинчидан, ўзини ўзи банд қилувчиларга (3 ойгача давом этадиган) қисқа муддатли касбга ўқитиш, қайта ўқитиш ва малака ошириш, шунингдек, тадбиркорлик кўникмаларини ўргатиш курсларида бепул ўқитиш кафолатланади.
Бешинчидан, ўзини ўзи банд қилганларга меҳнат қуролларини (мотокультиваторлар, ўт ўриш ўроқмашиналари, перфораторлар, пайвандлаш аппаратлари ва ҳоказо), шахсий ҳимоя воситалари ва иш кийимини имтиёзли асосда ижарага бериш пунктлари очилади.
Гувоҳнома қандай олинади
Аризани доимий яшаш жойидан қатъий назар (экстерриториаллик принципи бўйича) меҳнат органига бериш зарур. Буни шахсан тақдим этиш, вакил орқали, буюртма хат билан ёхуд электрон шаклда махсус онлайн-майдонча орқали амалга ошириш мумкин. Аризага 3х4 ўлчамли 1 та фотосурат ва тўлов тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат илова қилинади.
Тўлов миқдори ҳужжат бериладиган муддатга боғлиқ ва базавий ҳисоблаш миқдорига каррали ҳисобланади:
● 1 ойга – 0,5;
● 3 ойга – 1,4;
● 6 ойга – 2,6;
● 9 ойга – 3,7;
● 12 ойга – 4,5.
Амал қилиш муддати тамом бўлгунга қадар янги гувоҳнома олиш учун такроран мурожаат қилиш мумкин, бундай такрорий мурожаатлар сони чекланмаган.
Олег Заманов, “Norma” МЧЖ эксперти.
Манба: “Солиқ ва божхона хабарлари” газетаси.
ЎзА