Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ташаббуси билан Илғор технологиялар базасида Гематология ва қон қуйиш илмий текшириш институти билан ҳамкорликда ўзак ҳужайралар банкини яратиш режалаштирилмоқда. Вазирлик ахборот хизматининг хабар беришича, банк рўйхатида мамлакатимиз аҳолиси популяцион таркиби акс этади, шунингдек, онкологик касалликлар, гемопоэз, анемия, нур касаллиги ва бошқа оғир касалликлар билан хасталанган беморларга трансплантация қилиш учун ўзак ҳужайраларнинг мавжудлиги тўғрисида махсус тиббий муассасаларга маълумотлар берилади.
Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда жиддий ва ҳаёт учун хавф туғдирадиган хасталикларни даволашда ўзак ҳужайралари трансплантациясининг самараси ҳеч кимда шубҳа туғдирмайди. Илмий асосли тиббиётда саратон, нейродегенератив, ирсий ва қон-томир касалликларини даволашда катта натижаларга айнан ўзак ҳужайралардан фойдаланиш орқали эришилиши кутилмоқда.
Трансплантология дунё тиббиётининг етакчи соҳаларидан биридир, мамлакатимизда ҳам бу йўналишда катта ўзгаришлар рўй бермоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Гематология ва қон қуйиш илмий текшириш институти ходимлари томонидан лимфома ва миелома билан хасталанган беморларнинг орқа миясидаги периферик қонидан олинган соғлом ўзак ҳужайраларини трансплантацияси бўйича муваффақиятли жарроҳлик амалиётлари амалга оширилган. Лейкознинг ўткир шаклларида, беморнинг орқа мияси зарарланган ҳолатларда ҳар бир ҳолат учун алоҳида қариндошлар ёки қон гуруҳи мос келадиган инсонлар орасидан донор танлаб олишга тўғри келади, бу эса анча вақтни талаб этади.
Гемопоэтик ўзак ҳужайраларнинг ўрнини киндик қони босиши мумкин. Таъкидлаш жоизки, киндик қони чақалоқ туғилиши заҳоти олинади ва бу хавфсиз, оғриқсиз муолажа бўлиб, орқа мия ва периферик қондан донорлик ўзак ҳужайраларини олишдан кўра осон, оғриқсиз усулдир.
Эслатиб ўтамиз, бугунги кунда дунёда киндик қони ўзак ҳужайраларини сақловчи 150 та банк мавжуд, у ерда одамларнинг ўзлари учун сақлаб қўйган ҳужайра намуналари ҳам, донорлик ўзак ҳужайралари ҳам сақланади.
ЎзА