Ҳукумат парламент сўровига қандай жавоб берди?

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар мамлакат ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий ҳаётига доир бир қатор қонун лойиҳаларини муҳокама қилдилар.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон – маданий мерос объектларига, тарихий қиймати юқори иншоотлар ва манзилгоҳларга бой мамлакат. Неча минг йиллик ўтмишимизни ўзида мужассам этган осори-атиқаларни авайлаб-асраш бугунги куннинг энг муҳим вазифаларидан бирига айланмоқда.
Мажлис кун тартибига киритилган масалалардан бири ҳам бевосита ана шунга боғлиқ бўлди. Яъни, депутатлар моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш, алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудларда, тарихий-маданий қийматига кўра Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган жойларда, уларнинг қўриқланадиган ҳудудларида моддий маданий мерос объекти ҳисобланмаган бино, иншоот ва бошқа объектларни рухсатнома олмасдан қуриш ёки бузиш бўйича жавобгарликни кучайтиришни кўзда тутувчи «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда муҳокама қилдилар.
Лойиҳа моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш қоидаларини бузиш ҳамда давлат муҳофазасига олинган моддий маданий мерос объектларини нобуд қилиш, бузиш ёки уларга шикаст етказиш бўйича жавобгарликни кучайтиришни назарда тутади.
Шу билан бирга, мазкур қонун лойиҳаси моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланишни кўзлаб қилинган даъволар ҳамда берилган аризалар юзасидан Умумий юрисдикция ва иқтисодий судларда давлат божини тўлашдан озод қилиш ҳамда бу борадаги қонун ҳужжатларини бузишга оид маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича Маданий мерос департаменти, унинг ҳудудий бошқармалари мансабдор шахслари томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузиш ҳамда қонунда белгиланган тартибда судга юбориш таклиф қилинмоқда.
Депутатларнинг қайд этишича, ушбу лойиҳанинг қабул қилиниши Ўзбекистоннинг сайёҳлик соҳасидаги муҳим роль ўйновчи моддий маданий мерос объектлари, тарихий шаҳарлар ва манзилгоҳларини ишончли муҳофаза қилишни кучайтиради.
Шунингдек, мажлисда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг «Баркамол авлод» болалар марказлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳамда «Умумтаълим мактабларида тиббий хизмат кўрсатиш ҳолатини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги парламент сўровларига Бош вазир ўринбосари А.Абдуҳакимовнинг жавоби ҳақидаги масалалар ҳам кўриб чиқилди.
Таъкидлаш жоизки, мазкур парламент сўровларида ёш авлод тарбияси, саломатлигини сақлаш юзасидан долзарб масалалар кўтарилган эди. Хусусан, «Баркамол авлод» болалар марказлари фаолияти самарадорлигини янада ошириш билан боғлиқ қатор муаммо ва камчиликлар мавжудлиги қайд этилган ҳолда, уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича самарали тизим яратиш, замонавий инновацион тўгаракларни барпо этиш, педагог ходимларининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, марказларнинг таъмирталаб биноларини таъмирлаш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, юридик мақомини янада кучайтириш масалаларига Ҳукумат эътибори қаратилган.
Мазкур парламент сўровига Бош вазир ўринбосари томонидан берилган жавобда айни пайтда марказларни жиҳозлаш меъёрлари ишлаб чиқилаётгани, шунингдек, уларнинг моддий-техник базасини яхшилаш, замон талаблари асосида янги инновацион тўгараклар ташкил этиш, педагогик ходимлар ойлик иш ҳақини босқичма-босқич ошириш, марказлар негизида ижодкор болалар мактабларини ташкил қилиш ишларини тизимли йўлга қўйиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мактабдан ташқари таълим тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси ишлаб чиқилгани ва тегишли муҳокамалардан ўтказилаётгани маълум қилинган.
Қайд этиш жоизки, таълим муассасаларида тиббиёт ходимлари фаолиятининг самарали ташкил этилиши вояга етмаганлар ўртасида касалликларни эрта аниқлаш, профилактика қилишда ўта муҳим аҳамиятга эга.
Шундан келиб чиқиб, иккинчи парламент сўровида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан жойларга чиққан ҳолда ўтказилган ўрганишлар мобайнида умумтаълим мактабларида тиббий хизмат кўрсатиш талаб даражасида ташкил этилмаётгани қайд этилган эди. Хусусан, таълим муассасаларига хизмат кўрсатадиган шифокор ва ўрта тиббиёт ходими, яъни мактаб ҳамшираси штати тасдиқланган нормативларга нисбатан кам ажратилгани ёки айрим умумтаълим муассасаларида умуман штат бирликлари ажратилмагани ҳолатлари мавжуд. Шунингдек, тасдиқланган штат нормативларда умумтаълим мактабларига хизмат кўрсатадиган врач лавозимлари турлари, тиббий ходимлар учун штат бирликлари қишлоқ туманларидаги мактаблар ва шаҳардаги мактаблар учун турлича миқдорларда белгилангани кўрсатиб ўтилган эди.
Бош вазир ўринбосари йўллаган жавобда умумтаълим мактабларида шифокор педиатр ва ҳамшира штатлари ажратилишида мавжуд номутаносибликлар, айрим мактабларда умуман ажратилмагани ҳолатларини бартараф этиш мақсадида амалда бўлган вақтинчалик штат бирликлари меъёрлари, умумтаълим мактабларида малакали тиббий хизмат кўрсатиш ва ягона ёндашувни жорий қилиш нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқилаётгани маълум қилинган. Ушбу масала Давлат бюджети параметрларида соғлиқни сақлаш тизимига ажратилган маблағлар доирасида кўриб чиқилиб, ҳал этилиши таъкидланган.
Депутатлар мамлакатимизда ёш авлод таълим-тарбияси, саломатлигини сақлашга доир муҳим масала юзасидан кўтарилган ушбу парламент сўровларига Ҳукумат алоҳида эътибор қаратгани, бу борада зарур амалий чораларни кўришга киришганини ижобий баҳоладилар.
Мажлисда парламент қуйи палатаси ваколатларига тааллуқли бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Матбуот хизмати

 

ЎзА