Болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази энг замонавий, мамлакатимиз учун базавий бўлади​

Яшнобод туманининг Махтумқули кўчасида замонавий тиббиёт ва илм-фаннинг энг сўнгги ютуқлари асосида барпо этилаётган тиббиёт маркази 280 ўринга мўлжалланган. Бу ерда кардиохирургия, нейрохирургия, ортопедия ва пластик хирургия, гемодиализ, умумий хирургия, онкология, офтальмология, ЛОР, педиатрия ва реанимация бўлимлари фаолияти йўлга қўйилади. 
Давлатимиз раҳбари мазкур тиббиёт маркази қурилишини бориб кўрди.Корея Республикаси иқтисодий ривожланиш ва ҳамкорлик фонди (EDCF) билан биргаликда бунёд этилаётган ушбу лойиҳанинг умумий қиймати 130,58 миллион долларни ташкил этади. Бугунги кунга қадар 17 миллион долларлик ишлар бажарилган. Бу ерда 4 қаватли 4 та блокдан иборат асосий даволаш корпуси ва 1 қаватли 3 та ёрдамчи хўжалик бинолари қурилаётган бўлиб, асосий биноларнинг 1 ва 2-қаватида пардозлаш, электр, сантехника, вентиляция, 3 ва 4-қаватида ғишт териш, плита ётқизиш, ёрдамчи хўжалик биноларида ички ва ташқи пардозлаш ишлари бажарилмоқда.

Мазкур марказ лойиҳаси Корея Республикаси ва жаҳон тиббиётининг ноёб андозалари асосида ишлаб чиқилган. Бинонинг қурилиш, хавфсизлик тизими, иситиш, совутиш тармоқлари жаҳон стандартлари талабларига тўла жавоб беради. Янги тиббиёт муассасасида кунига 250 беморни қабул қилиш ва йилига 1500 дан кўпроқ мураккаб ва ноёб операция ўтказиш имконияти яратилади.

Болалар кўп тармоқли тиббиёт марказига қиймати 42,3 миллион доллар бўлган 381 турдаги энг замонавий тиббий ускуналар келтирилиши кўзда тутилган, Бу болалар касалликларига 100 фоиз диагностика қўйиш ва даволаш имконини беради.

Диагностика тўғри бўлмагани, шифокорлар малакаси етишмагани туфайли бемор болалар, уларнинг ота-оналари кўп қийналарди, оғирроқ касал бўлса, соғлиғи нуқсонли бўлиб ҳам қоларди. Бу марказнинг энг муҳим томони шундаки, у мамлакатимиздаги ҳамма муассасалар учун базавий бўлади. Телемедицина орқали узоқ ҳудудларимиздаги болаларга ҳам ёрдам кўрсатилади, деди Президент.

Айни пайтда тиббиёт марказининг қурилиши ва жиҳозланиши билан бир қаторда, марказда ишлайдиган кадрлар малакасини ошириш бўйича ҳам қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бугунги кунгача Жанубий Кореянинг Пусан университетида 19 та шифокор малака ошириб келди. Жорий йилнинг ноябрь ойида яна 21 та шифокор, август ойида 30 та ҳамшира, сентябрь ойида 24 та медтехник ва ахборот технологиялари бўйича мутахассис малака ошириш учун юборилади.

Шунингдек, ушбу муассаса ёнида Корея Республикаси иқтисодий ривожланиш ва ҳамкорлик фонди фонди билан биргаликда IV даражадаги катталар кўп тармоқли тиббиёт маркази барпо этиш режалаштирилган.

Давлатимиз раҳбари ушбу лойиҳа билан ҳам танишди.

300 ўринга мўлжалланган тиббиёт марказида кардиохирургия, нейрохирургия, рентгеноэндовоскуляр хирургия, ангионеврология ва ортопедия бўлимлари фаолиятини йўлга қўйиш белгиланган. Бу ерда йилига 8,5 мингта юқори технологик операцияларни ўтказиш имконияти яратилади.

Лойиҳа қиймати 150 миллион доллар бўлган марказни ишга тушириш ҳисобига 764 та янги иш ўрни яратилади. Марказ қурилиши учун 10 гектар ер майдони ажратилиши кўзда тутилган.

1.jpg
2.jpg
3.jpg

 

Зиёдулла Жонибеков, ЎзА