Ўзбекистон - Қозоғистон ҳукуматлараро қўшма комиссияси мажлиси

Тошкентда 21 июнь куни Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси ўртасида икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг ўн саккизинчи мажлиси бўлиб ўтди. 
 
Тадбирда илк бор икки мамлакат ҳукуматлари раҳбарлари, тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари Ўзбекистон ва Қозоғистон Президентларининг ташрифлари доирасида эришилган келишувлар ижросини ўз вақтида таъминлаш, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт, энергетика ва қишлоқ хўжалиги каби соҳалар бўйича ҳамкорликни янада кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.
Дастлаб Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ва Қозоғистон Республикаси Бош вазири Асқар Мамин ўртасида тор доирада учрашув бўлиб ўтди. Шундан сўнг икки мамлакат ҳукуматлари вакиллари иштирокида кенгайтирилган таркибда музокара бошланди.
Мажлисда Ўзбекистон – Қозоғистон муносабатлари кўплаб соҳаларда, жумладан, савдо-иқтисодий йўналишда жадал суръатларда ривожланиб бораётгани таъкидланди.
Кейинги йилларда иқтисодиётнинг етакчи соҳа ва тармоқларида жадаллашган алоқалар туфайли ўзаро савдо ҳажми 2018 йилда қарийб 50 фоиз ўсиб, 3 миллиард доллардан ошди. Икки давлат раҳбарлари томонидан 2020 йилда савдо-иқтисодий алоқаларни янада кенгайтириш ва ўзаро савдо ҳажмини 5 миллиард долларга етказиш вазифаси қўйилган. Бунинг учун мамлакатларимизда етарли салоҳият мавжуд.
Ўтган йили Чимкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон – Қозоғистон биринчи ҳудудлараро форумида қиймати 320 миллион АҚШ долларидан зиёд миқдордаги шартномалар имзоланган, ҳудудлар ўртасида икки томонлама муносабатларни ривожлантириш бўйича 15 та келишувга эришилган эди.
Ўзбекистонда Қозоғистон йили доирасида шу йилнинг тўртинчи чорагида ўтадиган иккинчи ҳудудлараро форум минтақалар ўртасидаги шерикликни янада ривожлантиришга хизмат қилади.
Мажлисда ҳудудлараро ва чегаравий ҳамкорлик, божхона, энергетика, сувдан фойдаланиш, туризм ва ёшлар сиёсати каби соҳалар бўйича ўзаро алоқаларни ривожлантириш истиқболлари ҳам кўриб чиқилди. Транспорт-транзит, космик фаолият, соғлиқни сақлаш йўналишларида манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига эътибор қаратилди. Шунингдек, илмий-техникавий ва маданий-гуманитар ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Тадбир сўнггида икки мамлакат вазирлик ва идоралари томонидан Марказий Осиё савдо-иқтисодий ҳамкорлиги халқаро марказини ташкил этиш, Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасида тезюрар поезд қатновини йўлга қўйиш, туризм, енгил саноат соҳалари бўйича ҳамкорликка доир меморандумлар ва бошқа шартномалар имзоланди.
10 (1).JPG
14.JPG

 

М.ҲУСАНОВА, ЎзА