Автотранспортдан фойдаланишда яқин қариндошлар учун ишончнома олиш тизимининг бекор қилинганлиги ҳақидаги хабар рад этилди

Айрим сайтлар ва ижтимоий тармоқларда автотранспорт воситасидан фойдаланишда яқин қариндошлар учун ишончнома олиш тизимининг бекор қилинганлиги ҳақида хабарлар тарқатилаётган эди. Қонунчилик муаммолариинститути бунга муносабат билдирди. 
“Mening fikrim” веб-порталида “Автотранспорт воситасидан фойдаланишда яқин қариндошлар учун ишончнома олиш тизимини бекор қилиш тўғрисида”ги № 1620-s-p/18-сонли электрон жамоавий мурожаат 2019 йил 2 январь куни етарли овоз тўплади.
Мурожаат Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан тегишли тартибда кўриб чиқилди ва “Mening fikrim” веб-портали орқали “Автотранспорт воситасидан фойдаланишда яқин қариндошлар учун ишончнома олиш тизимини бекор қилиш ҳақида”ги электрон жамоавий мурожаатни кўриб чиқиш натижалари тўғрисида”ги қарор қабул қилинди.
Мазкур қарор автотранспорт воситасидан фойдаланишда яқин қариндошлар учун ишончнома олиш тартибини бекор қилиш масаласини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” Давлат дастурининг 48-банди ижроси доирасида кўриб чиқишни назарда тутади.
Ҳозирда ушбу қарор айрим сайтлар (repost.uz ва бошқалар) ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифа-каналлар томонидан нотўғри талқин қилиниб, автотранспорт воситасидан фойдаланишда яқин қариндошлар учун ишончнома олиш тизими бекор қилинганлиги ҳақида асоссиз ахборот тарқатилмоқда.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, ҳозирда автотранспорт воситасидан фойдаланишда яқин қариндошлар учун ишончнома олиш тизими амалда эканлиги ва бекор қилинмаганлигини маълум қиламиз”, дейилади хабарда.

 

ЎзА