БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Самарқандда

Бирлашган Миллатлар ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш 10 июнь куни Самарқандга келди.

Юқори мартабали меҳмон Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ҳамроҳлигида Самарқанд шаҳридаги Ҳазрати Хизр мажмуасида бўлди. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов қабрига гул қўйиб, унинг хотирасига ҳурмат бажо келтирди.

БМТ Бош котиби Ўзбекистон Республикаси Президентининг Самарқанд вилоятидаги Халқ қабулхонасига ташриф буюрди. Меҳмонга мамлакатимизда фуқаролар мурожаатлари билан ишлашнинг қонуний асослари, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган Халқ қабулхоналари фаолияти, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида сўзлаб берилди.

Антониу Гутерриш Халқ қабулхонасидаги тиббиёт, она ва бола хоналари ҳамда фуқароларни қабул қилиш учун яратилган шароитлар билан танишди. Фуқароларни қабул қилиш, уларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш жараёнларини кузатди.

Самарқанд шаҳридаги “Юксалиш” маҳалла фуқаролар йиғинида БМТ Бош котиби маҳалла фаоллари, бу ерда истиқомат қилаётган турли миллат вакиллари ҳамда вилоятдаги миллий маданий марказлар ходимлари билан учрашди.

Учрашувда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини ташкил этиш ва ривожлантириш, уларнинг давлат бошқаруви идоралари билан ижтимоий шериклик асосида амалга ошираётган ишлари ҳақида сўз юритилди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 3 февралдаги “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида тизимда олиб борилаётган янгилик ва ўзгаришлар, уларнинг ҳудуд ободлиги, аҳоли турмуш фаровонлигини оширишдаги аҳамияти, фуқаролар йиғини қошидаги комиссиялар фаолияти тўғрисида сўзлаб берилди.

Маҳаллада истиқомат қилаётган ўнга яқин миллат вакиллари бир оила каби аҳил-иноқ турмуш кечирмоқда, миллий анъана ва қадриятлари, урф-одатларини асраб, давом эттириб келмоқда.

Антониу Гутерриш бугунги кунда сайёрамизнинг турли минтақаларида миллатлараро келишмовчилик ва бир-бирини тушунмаслик оқибатида ҳар хил низолар келиб чиқаётгани, бундай нохуш ҳолатлар наинки ўша миллатлар, балки дунё халқлари бирдамлиги, хавфсизлигига таҳдид солаётганини таъкидлади. Ана шундай мураккаб шароитда Ўзбекистонда бир юз ўттиздан ортиқ миллат ва элат вакилларининг аҳил-иноқ, ҳамжиҳат ҳаёт кечираётгани, маҳалла институти халқ ҳаётида муҳим ўрин тутаётгани таҳсинга сазовор эканини қайд этди. Ўзбекистондаги тинчлик-осойишталик, барқарорлик ва бағрикенглик муҳити БМТнинг асосий мақсад ва тамойилларига тўла мос эканини алоҳида таъкидлади.

 

Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат), ЎзА