“Ўзатом” агентлигининг ахборот хизмати хабарига кўра, бу Жиззах вилоятидаги Тузкон кўли яқинидаги ҳудуддир.
2018 йилнинг августидан шу йилнинг март ойига қадар АЭС қурилиши учун ажратилган тахминий майдонларда муҳандислик-тадқиқот ишларининг биринчи босқичи амалга оширилди. Унга кўра, Навоий ва Бухоро вилоятларининг Тўдакўл сув омбори яқинидаги 4 та, Жиззах вилоятидаги Тузкон кўли атрофида жойлашган 3 та майдонда илмий-амалий жараёнлар олиб борилган.
Ушбу ҳудудларда олиб борилган муҳандислик-тадқиқот ишлари Ўзбекистон ва Россия давлатлари ўртасида мамлакатимизда атом электр станцияси қуриш бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги келишув ва мазкур ҳамкорлик доирасида тасдиқланган “Йўл харитаси” ижросини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Айни чоғда бу майдонни тасдиқлаш ҳамда лицензиялаш борасидаги ишларнинг иккинчи босқичи давом эттирилаётир.
Жорий йилнинг 17 май куни “Росатом” давлат корпорациясининг муҳандислик бўлимига қарашли «Aтомстройэкспорт» акциядорлик жамияти билан техник лойиҳани ишлаб чиқиш учун муҳандислик-тадқиқот ишларини олиб бориш бўйича шартнома имзоланди. Унга асосан ҳозир дастур ишлаб чиқиш, ходимлар ва техника тақсимоти бўйича ишлар бошлаб юборилган.
Маълумот ўрнида, АЭС қурилиши бўйича майдон танланганлик ҳақида хабар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида АЭС қурилишини амалга ошириш лойиҳасини назорат қилувчи республика ишчи гуруҳининг қўшма мажлиси ва Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Атом энергетикасини ривожлантириш агентлигининг илмий-техник ва экспертлик кенгаши қарори, шу билан бирга, мутахассислар ва халқаро экспертлар хулосаларига асосланилган.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА.