Прокуратура органларининг 1 198та штат бирлиги қисқартирилади

Ўзбекистон прокуратура органлари тизимида қатор лавозимлар ва бошқармалар тугатилди.
Тадбиркорлик фаолиятини ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш ва прокуратура органлари фаолиятини оптималлаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент Фармони қабул қилинди. Бу ҳақида “Ҳуқуқий ахборот” канали маълум қилди.
Фармонга кўра, 2019 йил 1 апрелдан:
  • Тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувларни мувофиқлаштириш ва қонунийлиги устидан назорат қилиш Президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил томонидан амалга оширилади;
  • Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувларга оид қарорлари назорат қилувчи органлар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.
  • Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизими Бош прокуратура тасарруфидан Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил тасарруфига ўтказилди.
Ўзбекистон прокуратура органлари тизимида қуйидагилар тугатилди:
  • Бош прокурор ўринбосари лавозимларининг иккита штат бирлиги;
  • Бош прокуратуранинг Тадбиркорлик ва инвестицияларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш бошқармаси;
  • Бош прокуратуранинг Президент қарорлари ижроси устидан назорат бошқармаси ҳамда унинг ҳудудий бўлимлари;
  • Бош прокуратуранинг Солиқ ва божхона ислоҳотларини амалга ошириш соҳасида қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси ҳамда унинг ҳудудий бўлимлари;
  • солиқ ва божхона ислоҳотларини амалга ошириш соҳасида қонунчилик ижроси устидан назорат қилишга масъул Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар прокурорининг ўринбосарлари, туманлар (шаҳарлар) прокурорларининг ўринбосарлари ва ёрдамчилари лавозимлари;
  • туманлар (шаҳарлар) прокурорларининг тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга масъул ўринбосарлари ҳамда катта ёрдамчилари лавозимлари;
  • Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг тадбиркорликни ҳимоя қилиш ва ташқи иқтисодий фаолиятдаги ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш бўлими.
  • Бош прокуратура ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси этиб қайта ташкил этилди.
Прокуратура органларининг қисқартирилаётган 1 198 та штат бирликларидан:
  • 87 таси – Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонига;
  • 470 таси – Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси бўлинмаларига йўналтирилади.

 

ЎзА