Жаҳон чемпионлари Туркияда йиғин ўтказади

Бугун Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларидан иборат Ўзбекистон терма жамоаси ўқув-машғулотлар йиғинини ўтказиш учун Туркиянинг Анталия шаҳрига жўнаб кетди.
Ёдингизда бўлса, ўтган йилнинг баҳорида Россияда ташкиллаштирилган Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ўртасидаги жаҳон чемпионатида юртдошларимиз бош совринни қўлга киритишган эди. Футболчиларимиз мусобақа финалида Покистон термасига қарши кураш олиб борган ва пенальтилар сериясига кўра ғалаба қозонганди.
Терма жамоамиз олдида бу мавсум ҳам муҳим мусобақалар турибди. Жамшид Асадов бош мураббийлигидаги термамиз шу йилнинг июль ойида Польшада бўлиб ўтадиган Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ўртасидаги жаҳон кубогида қатнашишади.
Ўзбекистон футбол ассоциацияси фаолият юритаётган барча терма жамоалар каби мазкур терма жамоа аъзоларига ҳам барча шароитларни яратиб бермоқда. Шу мақсадда Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларидан иборат терма жамоамиз бугун йиғин ўтказиш учун Туркиянинг Анталия шаҳрига жўнаб кетди. Футболчиларимиз Анталияда 28 февралга қадар машғулотлар олиб боришади.

 

Ойбек Юнусов, ЎзА