Ҳамюртимиз Бутунжаҳон қўл жанги федерацияси раҳбариятига киритилди

Бугун Россия пойтахти Москва шаҳрида Бутунжаҳон қўл жанги федерацияси конгресси ўтказилди.

Анжуманда 2018 йилги спорт мавсуми якунлари сарҳисоб қилинди ва 2019 йилда ўтказиладиган нуфузли мусобақалар тақвими тасдиқланди. Шунингдек, конгрессда Бутунжаҳон қўл жанги федерациясининг амалдаги президенти, россиялик Сергей Александрович Астахов қайтадан ташкилот раҳбарлигига сайланди.

Биз учун қувонарлиси, ҳамюртимиз, Ўзбекистон қўл жанги федерацияси вице-президенти Бахтиёр Мирзақулов Бутунжаҳон қўл жанги федерациясининг вице-президенти этиб тайинланди.

9ca901b0-3560-4d56-8c69-719cc692718c.jpg

Шу ўринда таъкидлаш жоиз, бу тайинлов ўз-ўзидан бўлиб қолгани йўқ. Бунинг замирида мамлакатимизда ташкил этилган Осиё чемпионати, профессионаллар ўртасида халқаро рейтинг жангларининг юқори савияда ташкил этилгани ҳамда ўзбекистонлик қўл жанги усталарининг жаҳонда кучлилар қаторидан жой олишаётгани каби кўплаб омиллар ётибди.

Халқаро қўл жангида янги саҳифа очган ҳамюртларимиз яқин келажакда энг нуфузли жаҳон чемпионати мусобақаларини ҳам Ўзбекистонга олиб келишларига ишонамиз.

Дарвоқе, мазкур конгресс доирасида ҳакамлар учун семинар ҳам ташкил этилган. Шуни мамнуният билан таъкидлаш керак, мазкур семинарда ўзбекистонлик беш нафар ҳакам иштирок этмоқда. Бунгача Бутунжаҳон қўл жанги федерацияси семинарларига юртимиздан бу қадар кўп ҳакамлар жалб этилмаган. Бу ҳам Ўзбекистон қўл жанги федерациясининг халқаро ташкилот томонидан муносиб эътироф этилаётганининг ёрқин ифодасидир.

 

ЎзА