Бугунги кунда мамлакатимизда таълим сифатни юқори босқичга кўтариш, айниқса халқаро тадқиқотларда иштирок этиб, мамлакатимиз олий таълим муассасаларини дунё университетлари рўйхатига киритиш асосий масалалардан бири ҳисобланади. Шунга мувофиқ, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан Республикамиздаги олий таълим муассасаларини келгусида дунё университетлари рейтинги рўйхатига киришига кўмаклашиш мақсадида “THE“ (Times Higher Education) халқаро рейтинг агентлигининг Россия ва МДҲ давлатлари бўйича минтақавий директори Егор Яблоков билан учрашув бўлиб ўтди.
Маълумки,“THE“ (Times Higher Education) халқаро рейтинг агентлиги 2004 йилдан бошлаб дунё университетлари рейтинги билан шуғулланиб келмоқда. Унинг бу борадаги асосий ҳамкорлари “Thomson Reuters“ – етакчи халқаро ахборот агентлиги ва “Elsevier“ – йирик илмий нашриёт компанияси ҳисобланади.
“THE“ (Times Higher Education) халқаро рейтинг агентлиги асосан “Thomson Reuters“ маълумотларига таянган ҳолда 400 та энг илғор дунё университетларининг рейтингини тузади ва ҳар йили сентябр-октябр ойларида рейтингни янгилаб туради.
“THE“ (Times Higher Education) халқаро рейтинг агентлиги методологиясининг ўзига хослиги шундаки, танланган индикаторлар текшириш учун жуда қулай ва осон бўлиб, мавҳум ҳолатлар учрамайди. Бу бўйича қуйидаги 13 та индикаторлардан фойдаланилади:
Хорижий талабалар улуши – 2,5%;
Хорижий профессор-ўқитувчилар улуши – 2,5%;
“Web of science“ базасида хорижлик ҳаммуаллифлар билан чиқарилган мақолалар – 2,5%;
Илмий тадқиқотлар савияси бўйича ўтказиладиган сўров натижаси – 18%;
Илмий фаолиятдан олинган даромад – 6%;
Битта профессор-ўқитувчига Web of science базасида тўғри келадиган мақолалар сони – 6%;
Иқтисобликлар даражаси – 30%;
Иқтисодиётнинг реал секторидан олинган даромадлар – 2,5%;
Таълим сифати бўйича ўтказиладиган сўров натижаси – 15%;
Профессор-ўқитувчилар ва талабалар нисбати – 4,5%;
Илмий даражали профессор-ўқитувчиларнинг илмий даражаси йўқ ўқитувчиларга нисбати – 2,25%;
Ҳисоб йилида илмий даража олганлар сони – 6%;
Йил якунида университетнинг жами даромадлари – 2,25%.