Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида 9-15 январь кунлари XV халқаро Жаутыков олимпиадаси ўтказилди.
Физика-математика, информатика фанлари бўйича ўтказилган олимпиадада 18 давлатдан 540 нафар ўқувчи иштирок этди. Олимпиадада муносиб қатнашган ва улкан ютуқларни қўлга киритган ёшларимиз Тошкентга қайтиб келди.
Ўзбекистоннинг келажаги бўлган иқтидорли ёшлар Тошкент халқаро аэропортида тантанали равишда кутиб олинди. Айниқса, ўқувчи ёшларнинг устозлари, ота-оналарининг қувончини сўз билан таърифлаш мушкул.
– Ушбу халқаро олимпиадада Ўзбекистондан 22 нафар ўқувчи қатнашди. Юртимиз ёшлари битта олтин, учта кумуш, еттита бронза медалларини қўлга киритишди. Ҳозир қувончим кўксимга сиғмаяпти, десам ишонаверинг. Айниқса, Россия, Америка, Туркия ёшлари билан бўлган муросасиз ақл жангида ўқувчиларимиз буюк аждодларининг муносиб издошлари эканлигини яна бир бор исботлади, – деди Бухоро вилоятидаги Қоракўл академик лицейи директори Ғолибжон Жумақулов.
– Бувим ҳар доим “ёшликда олинган билим – тошга ўйилган нақш”, дердилар. Халқаро олимпиадада олтин медаль соҳиби бўлиш, мен учун катта бахт. Бу ғолибликни қўлга киритишда устозларимнинг меҳнатини алоҳида қадрлайман. Барча тенгдошларимга шундай ютуқларга эришишида муваффақиятлар тилайман, – деди ўз ҳаяжонларини яширолмаётган Қоракўл академик лицейи ўқувчиси, олтин медаль соҳиби Аббосжон Сайлиев.
Жонкуяр устоз, физика-математика фанлари номзоди, Тошкентдаги С.Ҳ.Сирожиддинов номли академик лицей директори Қаҳрамон Ибодуллаев ҳам суҳбатимизга қўшилди.
– Дунё бўйича нуфузли XV халқаро Жаутыков олимпиадасида Ўзбекистон ёшлари қозонган муваффақият бутун халқимизни севинтирди. 18 та мамлакатдан келган 540 нафар ўқувчи орасида ўқувчиларимиз битта олтин, учта кумуш, еттита бронза медалини қўлга киритиши, бу катта ифтихор бўлиши баробарида, юртимизда иқтидорли ёшларга кўрсатилаётган эътибор ва эътирофнинг яққол ифодасидир. Ўзбекистон ёшлари улуғ бобокалонлари каби жаҳонни кўп марта ҳайрат ва ҳаяжонга солади.
Нигоҳларида ғалаба нашидаси порлаётган яна бир олимпиада ғолибининг сўзларини ёзиб олдик.
– Мен С.Ҳ.Сирожиддинов номидаги лицейнинг 3-босқич ўқувчиси Ҳасанов Отабекман. Олимпиадада физика фанидан иштирок этдим ва бронза медалини қўлга киритдим. Барча тенгдошларимга Ватанимиз байроғини баланд кўтаришида омад ва муваффақиятлар тилайман.
Биз ҳам миллатимизнинг ифтихори бўлган мана шундай ёшларимиз сафи янада кўпаяверсин, деймиз.