Ўзбекистон Республикаси Президенти Россия Федерацияси Ҳукумати раисининг ўринбосарини қабул қилдиЎзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 27 октябрь куни Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг топшириғига биноан мамлакатимизга ташриф буюрган Россия Федерацияси Ҳукумати раисининг ўринбосари Дмитрий Рогозинни қабул қилди. 

Давлатимиз раҳбари меҳмонни қутлар экан, олий ва юксак даражадаги мунтазам ва самарали мулоқотлар Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари мустаҳкамланишига, шунингдек, уларни аниқ амалий мазмун билан бойитишга хизмат қилаётганини чуқур мамнуният билан қайд этди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил апрель ойида Россия Федерациясига давлат ташрифи, шунингдек, икки давлат раҳбарларининг 10 октябрь куни Сочи шаҳрида МДҲ саммити доирасида ўтган учрашувлари мамлакатларимиз ўртасида узоқ истиқболга мўлжалланган ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаргани алоҳида таъкидланди.

Бугунги кунда савдо ҳажми барқарор суръатларда ўсиб бормоқда, Россиянинг етакчи компания ва банклари билан ҳамкорликда Ўзбекистон иқтисодиётининг нефть-газ мажмуаси, металлургия, машинасозлик, электротехника, тўқимачилик, озиқ-овқат, фармацевтика ва бошқа тармоқларида йирик сармоявий лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Минтақалар ўртасида ва бизнес соҳасида ўзаро ҳамкорлик янада фаоллашди. Самарали маданий-гуманитар алмашув кенгайиб бормоқда.

Учрашувда Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги савдо-иқтисодий, сармоявий ҳамда ҳарбий-техник ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича келишув ва битимларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Мамлакатларимиз етакчи корхона ва компаниялари ўртасида истиқболли қўшма дастур ва инновация лойиҳаларини жадал ривожлантиришга қаратилган саноат кооперациясини мустаҳкамлаш муҳимлиги қайд этилди.

Дмитрий Рогозин Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга самимий қабул учун миннатдорлик билдирди, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин ва Ҳукумат раиси Дмитрий Медведевнинг самимий ва эзгу тилакларини етказди.

Россия Ҳукумати раиси ўринбосари Россия Федерацияси Ўзбекистон билан стратегик шериклик ва иттифоқчилик руҳидаги кенг кўламли ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр ва бундан манфаатдор эканини таъкидлади.

 

Ёлқин Шамсиддинов (сурат), ЎзА