Икардини “Челси”да кўришмоқчи – шахсан Роман Абрамович

Mirror нашри тарқатган хабарга таянадиган бўлсак, “Интер” ҳужумчиси хизматларига “Челси” хўжайинининг шахсан ўзи қизиқиш билдирмоқда.
Россиялик миллиардер клуб бош мураббийи Маурицио Саррига ҳужумчи харид қилиши учун 100 миллион евро ажратган. “Аристократлар” устози бу пулга Мауро Икардидан бошқаси номуносиб эканлигини билдирган. Ўз навбатида Икардини клубга келишига Саррининг ёрдамчилари ҳам қарши эмас.
Италияликлар ўз сардорининг шартнома шартларини яхшилашга ҳаракат қилмоқда. Чунки жамоа футболчини ҳозирги битим асосида ушлаб қолишга кўзи етмаяпти.
Абрамовичнинг Алваро Мората ўрнига таклиф этилиши кутилаётган аргентиналик “киллер”ни 100 миллион евродан кам маблағга сотиб олиш мумкин эмаслиги ва жамоага келса, асосий таркибдан муқим жой эгаллаши, шунингдек, Премьер лига муҳитига тезда кўникиб кетишига кўзи етмоқда.
Таъкидлаш жоизки, Маурони лондонлик мухлислар ҳам ўзларининг севимли жамоасида кўришни хоҳламоқда.

 

Дурдона Шарофиддинова, ЎзА