Кураш Халқаро Ассоциацияси техник директори Ўзбекистонга келади

Миллий қадриятимиздан жаҳон спорти даражасигача кўтарилган кураш бугунги кунда дунё миқёсида тобора оммалашиб бормоқда.
Шу билан бирга Кураш Халқаро Ассоциацияси ушбу спорт турини Олимпия ўйинлари дастурига киритиш йўлида амалий саъй-ҳаракатларни бошлаб юборган. Бу йўлда турли амалий семинарлар ташкил этилиб, курашни кенг тарғиб этишга жиддий аҳамият қаратилмоқда.
Эътиборлиси, бу жараёндан Ўзбекистон кураш федерацияси ҳам четда қолаётгани йўқ. Шу мақсадда мазкур спорт ташкилоти Халқаро Кураш институти ҳамкорликда ҳакамлар ва мураббийлар учун халқаро ўқув-семинари ташкил этиляпти. Семинар 7 январь куни соат 10.00 да Ўзбекистон Таэквондо ассоциацияси залида бошланади.
Ўзбекистон кураш федерацияси ушбу тадбирга оммавий ахборот воситаларида фаолият олиб бораётган кураш ихлосмандларини ҳам таклиф қилади. Унда 20 йил давомида жаҳон кураш оиласида юз берган жараёнлар ҳамда кураш қоидаларига киритилаётган янгиликлардан воқиф бўласиз.
Ўқув-семинарда Кураш Халқаро Ассоциацияси техник директори Ризо Носирий (Эрон) ҳам иштирок этади.

 

Отабек Эшмаматов, ЎзА