Ўзбекистонда зиёрат туризми: 2018 йилга назар

Ўзбекистон зиёрат туризми учун қулай манзил ҳисобланади. Ислом оламида машҳур кўплаб уламолар юртимизда яшаб ижод қилган. Шу билан бирга, мамлакатимизда бошқа динларга эътиқод қилувчилар учун ҳам азиз бўлган тарихий қадамжолар кўп.
Биламизки, зиёрат туризми учун диний қадамжоларнинг ўзи етарли эмас. Сайёҳларни жалб қилиш учун тарғибот ишлари яхши йўлга қўйилиши, қулай виза тартиби, аэропорт, меҳмонхоналарда ибодат амалларини бажариш учун шарт-шароит бўлиши керак.
2018 йилда мамлакатимизда бу борада қатор ишлар амалга оширилди. Натижада юртимизга ташриф буюраётган хорижий сайёҳлар сони ошди.
Маълумотларга кўра, жорий йилнинг 10 ойида мамлакатимизга келган хорижлик меҳмонлар 4,4 миллион нафарни ташкил этган. Бу ўтган йилнинг шу даври билан таққослаганда 2 баравар кўпдир. 2017 йилда юртимизга 2,2 миллион хорижлик сайёҳ келган.
20161216_131920-1024x768.jpg
Виза режимида афзалликлар
Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 3 февралдаги «Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонига мувофиқ, Индонезия, Малайзия, Сингапур, Туркия, Жанубий Корея, Япония ва Исроил давлатлари фуқаролари учун визасиз режим ва 39 мамлакатдан келадиган сайёҳларга соддалаштирилган виза тартиби жорий қилинди. Визасиз кирувчи хорижликлар сафига март ойидан тожикистонликлар, октябрдан францияликлар қўшилди.
Бугунги кунда Ўзбекистонда 50 мамлакат фуқароларига кириш визаларининг соддалаштирилган тартиби, 101 мамлакат учун транзит визалари жорий қилинган.
Ҳалол туризмга эътибор кучайди
“Ҳалол саёҳат” бўйича “Crescent Rating” ташкилоти томонидан 2017 йилда тузилган рейтингда Ўзбекистон 28-поғонани эгаллаган эди. Рейтингда мамлакатимиз “хавфсиз саёҳат” (100 дан 84 балл), “ибодатхонага кириш эркинлиги” (80), “овқатланиш имкониятлари ва кафолатлари” (70) йўналишларида юқори баҳоланган. Аммо “виза” (50), “аэропорт имкониятлари” (48,3), “оилавий таътил” (44,4), “яшаш шароитлари” (33,2), “мусулмонлар учун имкониятлар” (25), “сайёҳларнинг келиши” (21,2), “коммуникация имкониятлари” (19) йўналишларида эса ўрта ва қуйи даражаларни эгаллаган.
d3c45564-fe76-46bb-b96d-53cf353a8d10.jpg
2018 йилда рейтингда қуйи даражада баҳоланган, кам ривожланган йўналишларни яхшилашга эътибор қаратилди. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси “Crescent Rating” ташкилоти билан ҳамкорликда мамлакатимизда зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқди.
Ушбу тавсиялар асосида халқаро аэропортларда ибодат амалларини бажариш учун зарур шароит яратилди. Малайзиянинг MS 2610:2015 “Muslim friendly hospitality services. Requirements” стандарти бўйича мамлакатимизда “O‘z DSt:2018 Туризм хизматлари. Мусулмон меҳмондўстлиги. Талаблар” стандарти лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Зиёрат туризми соҳасидаги энг муҳим воқеалардан бири юртимизда илк бор “Ҳалол” стандарти жорий этилди.
Бугунги кунда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан Тошкент шаҳрида зиёрат туризмини ривожлантириш, рўйхатга олинган 15 диний муассасага ташрифлар хариталари ишлаб чиқилмоқда. Индонезия ва Малайзия сайёҳлик агентликлари ва меҳмонларига мўлжалланган ҳалол овқатланиш жойлари, миллий ошхоналар, ресторанлар, оилавий ташриф жойлари харитаси тайёрланмоқда.
Туризм инфратузилмалари: янги лойиҳалар
 
38c5ae96-0e47-4a66-86b0-603bc6fed061.jpg
Ўзбекистонда зиёрат туризмининг муҳим объектларидан бири Самарқанд вилояти Пайариқ туманидаги Имом Бухорий ёдгорлик мажмуидир. Президентимизнинг 2017 йил 27 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ мажмуа ёнида марказ қад ростламоқда.
Келгусида ушбу марказ атрофида 1 та тўрт қаватли катта, 6 та уч қаватли ўртача ва 20 та икки қаватли кичик меҳмонхона, супермаркет, йирик савдо маркази, амфитеатр, деҳқон бозори, 2 та таҳоратхона, сувенирлар дўконлари, чойхона, ресторан, автомобиллар турар жойлари, мини-банк ва бошқа инфратузилма иншоотлари бунёд этилади.
Мазкур лойиҳаларни амалга оширишда хорижлик инвесторлар иштирок этмоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 24 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасида меҳмонхона бизнесини жадал ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Қурилиш вазирлигининг лойиҳалашнинг хорижий тажрибалари, жумладан, Туркия ва Корея республикалари тажрибасини ҳисобга олиб, намунавий лойиҳалар бўйича ишлаб чиқилган сиғими 8-50 номерли кичик меҳмонхона ва хостеллар қурилишини амалга ошириш тўғрисидаги таклифлари маъқулланди. Мазкур ҳужжат асосида жорий ва келаси йилда мамлакатимизда 350 дан зиёд кичик меҳмонхона ва хостеллар қурилади.
Юртимизда зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича сезиларли ишлар бошланди. Соҳада биринчи навбатдаги муаммолар қисман ечилди. Аммо, ҳали олдинда кўплаб масалалар, жумладан, меҳмонхоналар инфратузилмасини яхшилаш, хорижда Ўзбекистоннинг зиёрат туризми бўйича имижини яратиш каби вазифалар турибди.
Ўйлаймизки, 2019 йилда бу борада ҳам ижобий ўзгаришлар қилинади.

 

Малоҳат ҲУСАНОВА, ЎзА