Американинг «Real Clear World» оммабоп нашрида чоп этилган «Corsair LLC» консалтинг компанияси бошқарувчи директори Жеймс Дурсонинг «Ўзбекистон янги марраларни кўзламоқда» номли мақоласи мамлакатимиз ахборот маконида ва экспертлари ҳамжамиятида катта қизиқиш уйғотди.

Ушбу мақолада Ўзбекистон Президентининг давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларини ислоҳ қилиш жараёнига тизимли ёндашуви очиб берилган, мамлакатимизда амалга оширилаётган давлат сиёсатининг ривожланиши таҳлил қилинган.

Муаллифнинг қайд этишича, Ўзбекистонда эркин конвертациянинг жадал суръатлар билан жорий қилингани дунёнинг кўплаб молиячиларини ҳайратга солган. Бу ислоҳотлар қисқа вақтда амалга оширилганига қарамай, мамлакат раҳбарияти томонидан мазкур қарор натижасида юз бериши мумкин бўлган ижтимоий асоратлар ҳисобга олинган. Шу ўринда «Етти ўлчаб, бир кес» деган мақол беихтиёр ёдга тушади. Ўзбекистон Президенти валюта сиёсатини эркинлаштириш бўйича қарорни айнан шу тамойилга асосланиб қабул қилди.

Мамлакат экспорт салоҳиятини ошириш, ишбилармонлик ва сармоявий муҳитни яхшилаш, хорижий инвестицияларни жалб қилишга тўсиқ бўлган муаммо ва камчиликлар чуқур ўрганилди.

Ушбу таҳлил асосида валютани тартибга солиш жараёнига ортиқча маъмурий аралашувлар, ташқи савдо фаолиятини амалга оширишда иқтисодиётнинг алоҳида тармоқлари ва хўжалик юритувчи субъектлар учун имтиёз ва преференциялар беришдаги мавжуд камчиликларга тизимли баҳо берилган. Зеро, бу камчиликлар тадбиркорлик субъектлари учун тенг бўлмаган бизнес шароитлари ҳамда хориж валютаси ва айирбошлаш курсининг параллел бозори юзага келишига сабаб бўлган эди.

Амалга оширилаётган ислоҳотларнинг яқин истиқболда аҳолининг эҳтиёжманд қатламига таъсирини камайтиришга қаратилган чора-тадбирлар ҳам ўйланган. Ушбу йўналишда манзилли ва шаффоф ижтимоий нафақа ва субсидияларни жорий қилиш, касаначиликка кенг жалб этиш орқали аҳоли бандлигини ошириш, томорқадан самарали фойдаланиш, шунингдек, имтиёзли микрокредитлар тақдим этиш воситасида кам таъминланган оилалар турмуш шароитини яхшилаш ҳам кўзда тутилган.

Мазкур ислоҳотлар мамлакатимизнинг сармоявий жозибадорлигини ошириш, ўз банк ҳисобрақамидаги валюта маблағларини эркин тасарруф этиш учун шароит яратиш орқали маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни экспорт фаолиятига янада кенг жалб қилишга рағбатлантириш каби мақсадларга йўналтирилган. Бунда давлат томонидан валюта бозорини янада эркинлаштириш билан боғлиқ барча ижтимоий таваккалчиликлар ҳисобга олинган.

Ўзбекистон раҳбарияти томонидан амалга оширилаётган янги сиёсатда ягона аниқ тенденция намоён бўлмоқда. Бу ички тараққиёт учун янада қулай ташқи шароитлар яратишга интилишдир.

Америкалик эксперт Жеймс Дурсо Ўзбекистон раҳбари қўшни мамлакатлар, узоқ ва яқин хориж давлатлари, жумладан, Россия, Хитой, АҚШ, Европа Иттифоқи ва бошқа мамлакатлар билан ҳамкорликни фаол ривожлантираётганини қайд этади.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг сентябрь ойида БМТ юксак минбаридан туриб «Ўзбекистон бугунги кунда ўзининг ташқи сиёсатида Марказий Осиё минтақасига устувор аҳамият қаратмоқда» деган фикрлари халқаро экспертлар эътиборини жалб қилаётгани шубҳасиз. Бу амалиётда ўз исботини топмоқда – Шавкат Мирзиёевнинг Президент сифатидаги хорижга илк сафари Туркманистонга бўлгани чуқур рамзий маънога эга. Ўзбекистон раҳбари Қозоғистонга бир неча бор ташриф буюрди. Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида давлат чегаралари тўғрисида битим имзоланди. Шавкат Мирзиёевнинг яқинда Бишкек шаҳрига килган сафари натижасида Фарғона водийсида назорат-ўтказиш пунктлари иши қайта тикланди ва икки мамлакат ўртасида аҳоли қатнови енгиллаштирилди.

Америкалик эксперт Ўзбекистон ва Россиянинг иқтисодий ҳамкорлиги ва экстремизмга қарши биргаликда курашиш соҳасида ўзаро манфаатдор эканига эътибор қаратди. Табиийки, Ўзбекистонда иқтисодий либераллашув жараёнида сармояларга эҳтиёж сезилади. Бу йўналишда мамлакат Россия билан ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор. Шу жиҳатдан Ўзбекистон раҳбарининг Россияга давлат ташрифи якунлари муҳим аҳамият касб этади. Россия 12 миллиард доллар инвестиция йўналтирадиган бўлди ва 3,8 миллиард долларлик савдо битимларини имзолади.

Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик суръати ҳам эътиборга лойиқ. Пекиннинг қўшма лойиҳалар доирасидаги молиявий маблағлари ҳажми 20 миллиард долларга тенг. Бу инвестицион лойиҳалар XV-XVI асрлардаги буюк географик кашфиётлардан олдинги даврда бўлгани каби Ўзбекистоннинг асосий савдо йўллари чорраҳаси сифатида шаклланишига хизмат қилади.

Бу ўринда Президент Шавкат Мирзиёевнинг Нью-Йорк шаҳрига ташрифи чоғида эришилган келишувларни ҳам эслаб ўтиш мумкин. Валюта сиёсатини либераллаштириш самарасида Ўзбекистон ва Америка компаниялари ўртасида умумий қиймати 2,6 миллиард долларга тенг битимлар имзоланди.

Мамлакатимиз ички ҳаётининг барча соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларни чуқурлаштириш шароитида Ўзбекистоннинг очиқ ва барқарор ташқи сиёсати мамлакатни ривожлантириш истиқболларига ишонч янада мустаҳкамланишига замин яратмоқда. Бунинг исботини ривожланган мамлакатларнинг Ўзбекистон Республикаси билан иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича қўйган ишончли қадамлари мисолида ҳам кўриш мумкин.

Суҳроб Юсупов,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти
бўлим бошлиғи.

ЎзА