“Пойтахт” бизнес марказида ахборот хавфсизлигининг долзарб масалаларига бағишланган семинар ўтказилди. Унда соҳа мутахассислари, компания ва банк ходимлари иштирок этди.
Семинарда сўз олганлар мамлакат равнақида замонавий ахборот технологияларининг мунтазам тараққий этиши ва унинг барча соҳаларга кенг жорий этилиши муҳим аҳамият касб этиб, бу жараённинг барқарорлигини таъминлашда ахборот хавфсизлиги муаммосига доимий эътибор қаратиш давр талаби эканини таъкидлади.
Маълумки, дунё миқёсида ушбу йўналишдаги кибер-ҳужумлар сонининг кўпайиши нафақат тегишли банк, компания ёки давлатнинг молиявий аҳволига, балки бутунжаҳон интеграциясига салбий таъсир этади. Ташкил этилган тадбирда ахборот хавфсизлигини таъминлашдаги янгиликлар, тажрибалар ҳамда турли хавф-хатарларга қарши самарали усулларидан фойдаланиш чора-тадбирларига алоҳида эътибор қаратилди.
«ARK IT Security» лойиҳаси раҳбари Азиз Қурбоновнинг маълум қилишича, ушбу семинар мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган компания, банклар ва бошқа ташкилотлар ахборот хавфсизлигини таъминлашда илмий ва амалий аҳамиятга эга. Япониянинг «Trend Micro» компанияси ҳамкорлигида ташкил этилган семинардан кўзланган мақсад ушбу компаниянинг ахборот ресурслари, илмий базаси ва технологик салоҳияти билан иштирокчиларни таништириш баробарида, бугунги кунда ахборот хавфсизлигини таъминлашда комплекс ёндашув чора-тадбирларини кўриш ҳамда бу борада билим ва тажрибаларга эга бўлишдир.
– 30 йиллик фаолияти мобайнида «Trend Micro» компанияси ахборот ресурслари, илмий базаси ва технологик салоҳияти билан дунё бозорида ўз ўрнига эга бўлди, – деди «Trend Micro» компаниясининг Марказий Осиё бўйича минтақавий менежери Нурбек Раҳимов. – Компания давлат, молия, таълим, соғлиқни сақлаш каби кўплаб секторларда фаолият кўрсатмоқда. Компаниямиз Ўзбекистон бозорида ҳам фаол иштирок этишни бошлади. Жорий йилнинг октябрь ойида «Trend Micro» компанияси билан ИНҲА университети ўртасида ҳамкорликда илмий-тадқиқот фаолиятини олиб бориш, инновацион лойиҳалар тайёрлаш ҳамда университет талабалари учун маъруза ва маҳорат дарслари ўтказишни кўзда тутувчи меморандум имзоланган бўлиб, айни пайтда бу борада ҳамкорлигимиз мустаҳкамланиб бормоқда. Бугунги семинарда биз иштирокчиларга ахборот хавфсизлигини таъминлашни қандай ташкил этиш, бу жараёндан ҳимоялаш ҳамда энг замонавий технологиялардан фойдаланиш бўйича таълим ва тавсиялар бердик.
Якунда мавзу доирасида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА