Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ҳузуридаги Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси матбуот хизматининг ЎзАга маълум қилишича, шу кунларда Хитойнинг Сиань шаҳрида Ўзбекистон маҳсулотларининг кўргазма майдони очилиши кутилмоқда.
Қайд этилганидек, жамғарма вакиллари Хитойнинг Шанхай шаҳрида 5-10 ноябрда ўтказилган халқаро “China International Import Expo 2018” кўргазмасида иштирок этишган.
Мазкур кўргазмада Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган экспортбоп маҳсулотлар, хусусан қандолат маҳсулотлари, қуритилган мевалар, тайёр текстиль, алкоголь маҳсулотлари намойиш қилинган. Шунингдек, тадбир доирасида юртимиз тадбиркорларига ўз маҳсулотлари ва хизматларини ташқи бозорга олиб чиқиш, маркетинг тадқиқотлари ўтказиш, товар рекламаси ва брендлаштириш ёрдамида харидор топишга кўмаклашиш мақсадида жамғарма ва “Шаньси” эркин савдо зонаси маъмурияти ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон маҳсулотларининг Хитой бозорларига экспорт қилиниши юзасидан музокаралар олиб борилган. Томонлар ўтказиладиган кўргазма, ярмаркалар ҳамда Хитой бозори бўйича маркетинг тадқиқотлари билан мунтазам равишда маълумот алмашиш ҳақида ҳам келишув эришган. Шунингдек, Хитой савдо зонаси маъмурияти томонидан жамғармага беғараз 500 квадрат метр кўргазма майдонда “show room” учун жой ажратилган. Ҳозирги вақтда “show room“нинг қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда. 30 ноябрга қадар кўргазма майдонида миллий ва экспорт маҳсулотлари билан тўлдириш режалаштирилган.
Жамғарма матбуот хизматининг аниқлик киритишича, 22,62 квадрат километр майдонни эгаллаган Хитой эркин савдо зонасининг функционал қисмида эркин тижорат олиб бориладиган халқаро ички порт қурилиши режалаштирилган бўлиб, унинг фаолияти асосан халқаро савдо-сотиқ, замонавий логистика, молиявий хизматлар, электрон тижорат, кўргазма-ярмаркалар ўтказиш, шунингдек, “Бир белбоғ, бир йўл” доирасида халқаро транзит порт ишини йўлга қўйишга қаратилади.
Сиань шаҳрини Марказий Осиё ва Европа билан боғлайдиган “Чанъань” халқаро юк ташувчи поезди орқали Ўзбекистон маҳсулотларини “Шаньси” эркин савдо зонасига тез ва қулай етказиб бериш мумкин. Бунда Дирекция томонидан 50 фоиз чегирма тақдим этилмоқда. Шу муносабат билан жамғарма Хитой бозорида ўз маҳсулотларини сотиш ва қўшимча реклама қилишни хоҳлаган барча маҳаллий хўжалик юритувчи субъектларни ҳамкорлик қилишга таклиф этади.
Маълумот ўрнида, жамғарма Хитойнинг Шаньси провинциясида яна битта ваколатхона очишни режалаштирилган.
Малоҳат Ҳусанова, ЎзА