Янги йилдан бошлаб Москвада меҳнат мигрантларининг иш патентлари 500 рублга ошади ва бир ойда 5 минг рублни ташкил қилади. Бу борадаги ўзгартишлар Москва шаҳар Думаси депутатлари томонидан солиқ қонунчилигига киритилди.
Патент нархини ошириш борасидаги қарор мигрантларнинг даромадлари ошиб бораётгани ҳисобга олинган ҳолда қабул қилинди, дея хабар берди Москва шаҳар Думасининг “Единая Россия” партияси депутати Инна Светенко. Унинг сўзларига қараганда, сўнгги йилларда Россия пойтахтида ишлаётган хорижликларнинг даромадлари 29 фоизга ошган.
“Аммо биз, меҳнат патентлари нархини атиги 13 фоизга, яъни 500 рублга оширдик. Шу кунгача Москвада ишлаш учун хорижликлар нархи бир ойда 4500 рубль бўлган патент олишлари керак эди”, – дейди депутат. Москва шаҳар Думаси депутати шунингдек, меҳнат патенти олувчилар сони қисқармаганини, бунинг ҳисобидан пойтахт хазинасига 2 миллиард рубль тушишини ҳам айтди.
Яқинда Москва мэри Сергей Собянин “Россия 1” давлат телеканалига берган интервьюсида мигрантлар ўртасидаги жиноятчилик икки баробар қисқарганини, мигрантларнинг ўзлари, айниқса, Марказий Осиёдан келганлар қонунга итоат этаётганини билдирган эди. Собяниннинг сўзларига қараганда, “бу ижобий ўзгаришларнинг ҳаммаси шунчаки юз бермади, балки Россия ҳукумати томонидан кўрилган чора-тадбирлар самарасидир”.
Биринчидан, Россияда ишлаш учун патентлар берилди – бу патентлар аниқ бир минтақада ишлаш учун берилди. Бугунги кунда бу патентларни хорижликлар Россияга келиш учун виза зарур бўлмаган мамлакатларда: Озарбайжон, Молдова, Тожикистон, Ўзбекистон ва Украина фуқаролари сотиб олишлари мумкин. Патент сотиб олган шахсларга нисбатан хорижликларни ёллаш бўйича квоталар жорий этилмайди.
Пайшанба куни Москва вилояти Думаси депутатлари ҳам патентлар нархини ошириш борасида қарор қабул қилди. Москва вилоятида хорижлик ишчилар учун патент нархи 450 рублга кўпайди ва 4750 рублни ташкил қилди. Бу вилоят бюджетига қўшимча 1 миллиард рубль тушишига имкон беради, деди Москва вилояти давлат Думасининг бюджет, молия ва солиқ сиёсати масалалари бўйича қўмитаси раиси Тарас Ефимов.