Ўзбекистоннинг 2025 йилгача туризмни ривожлантириш концепцияси етти йилга мўлжалланган бўлса-да, унинг ҳар бир йил учун алоҳида чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилади.
Бунда бир йилда йўл қўйилган хато-камчиликларни кейинги йилларда тузатиш, эришилган ютуқлар ўрнига янги вазифалар олиш кўзда тутилган. Концепция лойиҳасини кенг жамоатчилик ва мутахассислар фикр ва таклифлари асосида тайёрлаш мақсадида Андижон, Наманган, Фарғона, Бухоро, Самарқанд, Хоразм, Қашқадарё вилоятлари ва Тошкент шаҳридан соҳага оид мутахассис ва туризм субъектлари вакилларининг сўровнома асосида фикр ва таклифлари олинган.
Бу ҳақида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Ўзбекистоннинг 2025 йилгача туризмни ривожлантириш концепциясининг муҳокамасига бағишланган илмий-амалий семинарда қайд этилди.
Тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари ва туризм соҳасида фаолият олиб борувчи тадбиркорлар иштирок этган йиғилишда туркиялик мутахассислар кўмагида юртимизда туристик хизматлар сифатини яхшилаш, сайёҳлик инфратузилмаларини такомиллаштириш, турагентликлар фаолияти ҳамда халқаро ҳамкорлик юзасидан фикр алмашилди.
Унда 2025 йилгача туризмни ривожлантириш концепцияси миллий туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай иқтисодий шарт-шароитларни амалга ошириш бўйича муҳим аҳамиятга эга эканлигига эътибор қаратилди. Шунингдек, мамлакат брендини кўтариш, яъни бошқа давлатларда кўпроқ тақдимотлар ўтказиш, юртимизнинг сайёҳлик салоҳиятини акс эттирувчи кўплаб фильм ва сериалларни ишлаш кераклиги қайд этилди.
– Туркиялик мутахассислар бу борада кўплаб таклифлар берди, – дейди Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси бошқарма бошлиғи Анвар Аллабергенов. – Улардан бири Ўзбекистоннинг тарғиб қилишни хорижий давлатларда кенг йўлга қўйиш бўлиб, асосий урғуни шунга қаратиш зарур. Агарда Туркия тажрибасига эътибор қаратсак, уларнинг 40 дан ортиқ давлатда 46 тарғибот маркази, яъни туризм ваколатхонаси бор. Бу борада Ўзбекистон учун қайси сайёҳлик бозори муҳим эканини аниқлаб, у ерда тарғибот ва реклама фаолиятимизни ривожлантиришимиз зарур экан.
“Туркия ҳаво йўллари”нинг бошқарма бошлиғи Фотих Чидалнинг қайд этишича, “Туркия ҳаво йўллари“ ҳозирда 122 та давлатга парвозларни амалга оширмоқда. Хусусан, жорий йилдан ҳафтада икки марта Самарқандга ва ўн марта Тошкентга қатнов амалга оширилиб, 97 минг нафар йўловчига хизмат кўрсатилган. Туркияда “Ўрта ер минтақаси” ҳосил қилинган. Ўзбекистонда “Ипак йўли” туризм лойиҳаси йўлга қўйилса, натижа яхши бўлиши аниқ.
Семинар иштирокчилари муаммолар ечими бўйича тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш мақсадида саккизта гуруҳда муҳокамалар ўтказдилар. Ташқи туризм тарғиботи, туризм соҳасидаги ҳамкорлик, туроператорлик, инвестицияларни қўллаб-қувватлаш, кадрлар тайёрлаш каби йўналишлар шулар сирасидандир.
Бизни кузатиб борсангиз, сайёҳлик борасида дунёдаги кучли бешликка кирган Туркиянинг бу борадаги тажрибалари ҳақида маълумотлар берамиз.
Сайёра Шоева, ЎзА