Жорий йилнинг 24 ноябрь куни олимпия ўйинлари совриндори бўлган икки профессионал боксчимиз Шаҳрам Ғиёсов, Муроджон Аҳмадалиев ва Исроил Мадримов Нью-Жерси штати Атлантик-Сити шаҳрида жойлашган “Mark G. Etess Arena“да рингга кўтарилиши ҳақида хабар берган эдик.
Шаҳрам Ғиёсов шу куни мексикалик чарм қўлқоп устаси Мигель Замудиога қарши жанг қилади. Шаҳрам профессионал боксда бор йўғи 5 та жанг ўтказган бўлса-да, уларнинг барчасида ғалаба қозонди ва 4 маротаба ушбу беллашувларни муддатидан олдин якунлай олди.
Унинг рақиби 27 ёшли Замудио эса профессионал боксда 53 маротаба жанг қилишга улгурган. У ўз фаолиятида 41 маротаба ғалаба қозонган (25 таси нокаут эвазига), 11 та жангда эса енгилган (9 та нокаут). Яна битта жангда эса дурангга эришган.
Кўриниб турибдики, Шаҳрамнинг бу галги рақиби жиддий. Шу сабабли ҳам мазкур беллашув кескин ва муросасиз ўтиши аниқ. Албатта, рақамларда устунлик Мигель томонида. Бироқ бизнинг енгилмас боксчимиз ҳам доимо рингга фақат ғалаба учун кўтарилади. Уларнинг жанг услуби деярли бир-хил.
Шаҳрам ўзининг сўнгги жангини 22 сентябрь куни никарагуалик боксчи – Хулио Лагунага қарши ўтказиб, тўртинчи раунддаёқ рақибини муддатидан олдин мағлуб қилди. Мигель эса 6 июнь куни мексикалик Адалберто Паредесни 3 раундда нокаутга учратди.
Рақамлар ва фактлар спортда оламида катта аҳамиятга эга бўлмайди. Боксчилар рингга кўтарилган эса фақат икки йўл қолади – ғалаба ёки мағлубият. Шу сабабли ҳам Шаҳрамнинг рақамлари Мигель каби катта кўринишда бўлмаса-да, рингда у енгилмас боксчи сифатида эътироф этилмоқда. Нима бўлган тақдирда ҳам икки боксчи ўртасидаги жанг муросасиз ўтиши тайиндир.
Профессионал рингда муваффақиятли юришини давом эттираётган ҳамюртимиз Муроджон Аҳмадалиев жорий йилнинг 23 август куни чилилик Рамон Контрерасга (15-7-0, КО6) қарши рингга чиқиб, WBA чемпионлик камарини қўлга киритган эди.
Энди боксчимиз бўлажак тўқнашувда ана шу камарни ҳимоя қилади. Мазкур қарама-қаршиликда унга америкалик тажрибали боксчи Исаак Зарате рақиблик қилади.
Муроджон профессионал рингдаги фаолиятини жорий йилнинг март ойида бошлаган ва шу вақтга қадар 4 та жанг ўтказиб, уларнинг барчасида зафар қучган. Учтасида нокаут қайд этган.
2011 йили профессионал боксдаги фаолиятини бошлаган Исаак қарийб икки йилдан буён мағлубият нималигини билмай келмоқда. У ўзининг 9 йиллик фаолияти давомида 16 маротаба жанг ўтказиб, уч маротаба дуранг ва мағлубиятни қайд этган.
WBA чемпионлик камари учун ўтадиган жангда чилилик боксчи ўзидан бироз ёш ва профессионал боксда кўп жанг ўтказмаган бўлса-да, ўзининг метин ҳимояси, кучли чап қўл зарбаси сабаб мутахассислар эътиборига тушган ўзбек ўғлонига қарши баҳс олиб боради. Бу жангда Муроджон Аҳмадалиевнинг имкониятлари юқори баҳоланмоқда.
Ким ғолиб бўлади? Чемпионлик камари кимда қолади? Рингни ким боши баланд ҳолда тарк этади, буни 24 ноябрь куни билиб оламиз.
Индонезияда бўлиб ўтган XVIII Осиё ўйинларида Ўзбекистон терма жамоасининг байроқдори ва мусобақа ғолиби бўлган Исроил Мадримов ҳаваскор боксдан профессионал боксга ўтганига қарийб бир ой вақт ўтибди.
Мадримов профессионал боксдаги дебют жангини мексикалик Виктор Эрнандесга қарши ўтказади. Бу боксчи профессионал рингда 12 жанг ўтказиб, 10 ғалаба (6 нокаут) ва 2 мағлубият қайд этган.
Албатта, профессионал боксда илк жангни ўтказиш ҳаваскорлар ўртасида жаҳон чемпионлиги учун рингга кўтарилишдан кўра ҳаяжонлироқдир. Шу сабабли ҳам Исроил учун бу жанг қийин ўтиши аниқ. Бироқ биз истеъдодли боксчимизга ишонамиз. Унинг “Uzbek tigers“ жамоаси сафида ўтказган ёрқин жангларига гувоҳ бўлганмиз. Умид қиламизки, ҳаваскорликдан профессионаллик сари илк қадам Исроил учун омадли кечади.