“Ўзэкспомарказ“да 19 ноябрь куни мамлакатимизда туризм саноатини жадал ривожлантириш ва тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этишни рағбатлантиришга бағишланган Туризм соҳасидаги биринчи халқаро инвестиция форуми очилди.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш ва Инвестициялар бўйича давлат қўмиталари томонидан мамлакатимиз Ташқи ишлар, Ташқи савдо вазирликлари ҳамда Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда ўтказилмоқда.
Форумда АҚШ, Буюк Британия, Германия, Испания, Италия, Австрия, Бельгия, Россия, Туркия, Хитой, Жанубий Корея, Япония, Сингапур, Малайзия, БАА, Марказий Осиё давлатлари, Афғонистон каби жами 48 мамлакатдан 300 дан зиёд иштирокчи, шунингдек, халқаро ташкилотлар, йирик хорижий компаниялар вакиллари қатнашмоқда.
Халқаро форумнинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари А.Абдуҳакимов, Туризм орқали тинчлик халқаро институти қошидаги Халқаро маслаҳат кенгаши раиси Т.Рифаи, ЕТТБнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари А.Дракинос, Халқаро молия корпорациясининг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси раҳбари К.Колберт ва бошқалар Ўзбекистоннинг туризм соҳасидаги салоҳиятини рўёбга чиқариш ҳамда жаҳон туризм бозорида тарғиб қилишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганини таъкидлади.
Мазкур форум халқаро ишбилармон доира вакилларини мамлакатимизнинг туризм соҳасидаги имкониятлари, иқтисодий ривожланиш даражаси билан яқиндан таништириш, ишбилармон доира вакиллари ва сармоядорлар учун қулай бизнес шароити яратишга хизмат қилиши қайд этилди.
Тадбирда БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти бош котиби ўринбосари Хаиме Альберто Кабалнинг форум иштирокчиларига видеомурожаати намойиш этилди.
Мамлакатимизда туризмни оммалаштириш бўйича ўзаро мувофиқлаштирилган чора-тадбирларни амалга ошириш, сайёҳликнинг янги турларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 2 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида“ги фармони ижроси доирасида халқаро андозаларга жавоб берадиган замонавий инфратузилма яратиш ишлари жадал олиб борилмоқда.
Бугунги кунда Ўзбекистонда 18 мамлакат учун визасиз тартиб, 50 мамлакат учун виза олишнинг соддалаштирилган тартиби жорий этилган. Транзит парвозларни амалга ошираётган фуқаролар учун мамлакатимизда бўлиш имконияти яратилгани 101 давлатдан келадиган сайёҳлар оқимини сезиларли ошириш имконини бермоқда. Электрон виза тизимининг ишга туширилиши туфайли ўтган уч ой мобайнида ушбу хизмат туридан фойдаланганлар қарийб 20 минг нафарга етди.
Натижада жорий йилнинг 10 ойи мобайнида Ўзбекистонга ташриф буюрувчи хорижий сайёҳлар сони 4,4 миллиондан ошди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан икки баробар кўп деганидир. Йил охиригача сайёҳлар сони 5 миллионга етиши кутилмоқда.
Буюк ипак йўли марказида жойлашган мамлакатимиз қадим шаҳарлари бетакрор тарихий обидалар, ранг-баранг урф-одат ва анъаналарга бойлиги билан ажралиб туради. Ўзбекистоннинг минтақада қулай географик ҳудудда жойлашгани бу каби асрий тамаддун ютуқлари бўйлаб сайёҳликни кенг оммалаштириш имконини бермоқда. Бу юртимизда сайёҳлик соҳасидаги инвестициявий лойиҳаларни рўёбга чиқаришнинг муҳим омили бўлмоқда.
Форумда иштирокчиларга тадбиркорларнинг инвестиция соҳасидаги фаоллигини ошириш, жумладан, сайёҳлик соҳасидаги ишбилармонларга солиқ ва божхона имтиёзлари бериш, лицензиялаш ва сертификатлаштириш тартиби ҳақида маълумотлар берилди.
– Ўзбекистонда хусусий секторнинг туризм саноатидаги иштироки кенгайиб бормоқда, – дейди Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси маслаҳатчиси, туркиялик Содиқ Бадак. – Улар сайёҳликни ривожлантириш бўйича қатор ташаббуслар билан чиқмоқда. Ўзбекистондаги фаолиятим орқали айни шу ташаббусларни қўллаб-қувватлашга қаратилган уюшмалар фаолиятини ташкил этиш бўйича лойиҳалар устида ишламоқдамиз. Шунингдек, Ўзбекистоннинг қўшни мамлакатлар билан яқин дўстлиги минтақада туризмни жадал ривожлантириш, бунинг учун зарур инфратузилмани ҳар томонлама тараққий эттириш имконини беради.
Тадбирда АҚШ, Хитой, Жанубий Корея, Буюк Британия, Нидерландия, Сингапур ва Туркия каби давлатлардаги йирик хорижий инвестиция компаниялари мамлакатимизда турли инфратузилма объектларини барпо этишда қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқишга қизиқиш билдирди.
Халқаро савдо марказида ўтган (ITC) форумнинг сессия йиғилишларида меҳмонхона бизнесига инвестиция киритиш, сармоя ажратиш мажбуриятлари бўйича бино ва иншоотлар, ер майдонлари беришни кўзда тутувчи лойиҳа таклифлари муҳокама қилинди. Транспорт ва логистика йўналишлари, “лоукостер“ авиакомпаниялар ва темир йўл транспорти, шунингдек, мамлакатимизда этноқишлоқлар, тематик боғлар қуриш бўйича хорижий ва маҳаллий экспертларнинг маърузалари тингланди. Туризм соҳасида инновацион технологиялар ва интерфаол тизимни жорий этиш истиқболлари юзасидан икки томонлама учрашувлар, музокаралар бўлиб ўтди.
Форумда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан 500 дан зиёд инвестиция лойиҳалари, жумладан, “Чорвоқ“ эркин туристик зонаси, “Samarkand city“, “Қадимий Бухоро“, Сурхондарё вилоятидаги кичик сайёҳлик ҳудудлари ҳамда “Olmazor city“ ва Тошкент шаҳрининг Фарғона йўли лойиҳалари намойиш этилди.
– Ўзбекистонда туризм индустриясини жадал ривожлантириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда, – дейди Ҳиндистоннинг “Cox & Kings Global Services“ компанияси вакили Сантану Бҳаттачаря. – Фаолиятимиз доирасида турли мамлакатлар учун туризм бўйича тавсиялар ишлаб чиқамиз. Бу жараёнда инновацион ечимлар ишлаб чиқилади. Форум доирасида юртингизнинг туризм салоҳияти, тақдим этилаётган хизмат турлари ҳақида батафсил маълумотга эга бўлдик. Бу орқали Ўзбекистонга инвестиция киритиш, хусусан, туризм бизнесини ташкил қилиш истагидаги чет эллик ҳамкорларни жалб қилишимиз мумкин.
Тадбир иштирокчилари “Ўзэкспомарказ“ миллий кўргазмалар мажмуасида ташкил қилинган миллий ҳунармандлик маҳсулотлари кўргазмаси ва вилоятларнинг туристик имкониятлари билан танишди.
Форум 21 ноябрга қадар давом этади. Унинг доирасида B2B ва B2G форматдаги учрашувлар ўтказилади. Форум натижалари бўйича мамлакатимизнинг тегишли вазирлик ва идоралари, ишбилармон доира вакилларининг хорижий инвесторлар билан қатор соҳаларда ҳамкорликка оид битимлар имзолаши кутилмоқда.
Улуғбек Шоназаров, ЎзА