Ўзбек-хитой илмий-технологик парки ишга тушмоқда

Яқин кунларда пойтахтимизнинг Юнусобод туманида Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги билан ҳамкорликда ўзбек-хитой илмий-технологик парки ишга туширилиши кутилмоқда. Вазирлик матбуот хизматининг хабар беришича, анъанавий шарқ даволаш усуллари асосидаги Хитой тиббиёт марказига бугунга келиб 20 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритилган бўлиб, 300 та иш ўрни ташкил этилиши назарда тутилган. Бу марказнинг ўзига хослиги шундан иборатки, унда ҳам шарқ табобатининг асрлар давомида синовдан ўтган даволаш услублари, ҳам ғарб тиббиётининг илғор натижаларидан фойдаланилади.
photo5442912347011262862.jpg
Бугунга кунга келиб дори препаратларининг 8 хил кўринишдаги (таблеткалар, капсулалар, суюқ кўринишдаги ва б.) турларини ишлаб чиқарадиган фармацевтика заводи қуриб битирилди. Завод юқори халқаро стандартларга тўлиқ жавоб беради ва ГМП (Гоод Мануфаcтуринг Праcтиc – дори воситалари, тиббиёт ускуналари, диагностика жиҳозлари, озиқ-овқат маҳсулотлари, биологик фаол қўшимчаларни ишлаб чиқариш меъёрлари, қоидалари ва кўрсатмаларини мужассам этган халқаро тизим бўлиб, маълум препарат яратилганида белгиланган талабларга мос равишда ҳамда мазкур препаратни рўйхатдан ўтказувчи органнинг талаблари асосида препарат ишлаб чиқарилишини таъминлайди) талабларига мослиги билан аҳамиятга молик. Мазкур тиббиёт масканининг қурилишига Хитой Халқ Республикаси Фанлар академияси президенти Бай Чуньли ҳамда Ўзбекистон Фанлар академияси Биоорганик кимё институти директори Шавкат Солиҳов тамал тошларини қўйишган бўлиб, ҳозирда 6000 кв.м майдонга эга 4 қаватли тиббий диагностика марказининг корпуси ва учта меҳмонхона биноларининг қурилиши якунланмоқда.
Бино қурилгани билан малакали кадрлар бўлмаса, юқори технологик тиббиёт ускуналарини ишлатишга қодир ходимлар бўлмаса, буларнинг ҳаммаси бекор, деган шубҳаларнинг пайдо бўлиши ҳам ўринли. Аммо бу масалада ҳам қатор ишлар қилинганлиги марказнинг муваффақиятли фаолиятига замин яратади. Гап шундаки, бир неча йиллар давомида Синцьзян техник физика ва кимё институти, Шанхай Тиббиёт материаллари институти билан ЎзР ФАнинг Биоорганик кимё ва Ўсимлик моддалари кимёси институтлари билан ёш олимларни ўқитиш бўйича самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Завод қурилиши импорт ўрнини босувчи генерик дориларни ишлаб чиқариш ва уларнинг таннархини арзонлаштиришга хизмат қилади. Бу эса касалликларни олдини олиш ва уларни даволашга мўлжалланган янги оригинал дори воситалардан фойдаланиш имконини беради. Ўз навбатида, илмий муассасаларда яратилган янги дори воситаларни амалиётга татбиқ этишда тажриба-синов ва технологик регламентларни яратиш учун амалий ёрдам беради. Фармацевтик компанияларда ишлаётган маҳаллий техник кадрларнинг малакасини оширишга кўмаклашиш, замонавий ташхислаш жараёнига хорижий клиникаларнинг етакчи мутахассисларини жалб қилиш ва улар иштирокида консалтинг хизматларини ташкиллаштириш марказ олдига қўйилган вазифалардандир. Шунингдек, клиника жойлашган ҳудудда яшовчи, ижтимоий қийналган 100 та оилага хар йили 1 марта енгиллаштирилган тиббий хизмат кўрсатиш ҳам режалаштирилган.
Мазкур ўзбек-хитой илмий технологик парки кадрлар тайёрлаш ва замонавий илм-фан натижаларини амалиётга жалб этишнинг ўзига хос платформасини шакллантириш орқали фан, таълим ва ишлаб-чиқаришнинг ўзаро интеграциялаш натижасида ўзига хос намунавий инновацион кластерни яратишга хизмат қилиши кутилмоқда.

 

ЎзА