Қуролли Кучлар академияси британиялик меҳмонларни ҳайратлантирди

Ўзбекистон Қуролли Кучлари академиясида халқаро ҳарбий ҳамкорлик доирасида Буюк Британия Мудофаа академияси вакиллари билан “Халқаро муносабатлар ва хавфсизлик” мавзусида тренинг ўтказилди.

Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, мазкур ўқув машғулотида Буюк Британия Мудофаа академияси қошидаги Лондон Қироллик коллежининг мудофаа масалаларини ўрганиш кафедраси ўқитувчиси Трейси Жерман ҳамда Қуролли Кучлар академиясининг профессор-ўқитувчилари иштирок этди.

Таъкидлаш керакки, Буюк Британия Мудофаа академияси билан мустаҳкам алоқалар 2015 йилдан бошланган бўлиб, улар қўшма тадбирларни ташкил этиш масалалари бўйича ишончли механизмни ишлаб чиқиш имконини бермоқда.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон Қуролли Кучлари академиясининг профессор-ўқитувчилари бир неча бор Буюк Британия Мудофаа академиясига ташриф буюриб, илмий-педагогик кадрлар малакасини ошириш ва “Давлат хавфсизлиги” каби курсларда таълим олиб қайтган.

Шу билан бирга, Буюк Британия Мудофаа академияси ҳамда “Сэндхерст” Қироллик ҳарбий академияси мутахассислари Ўзбекистон Қуролли Кучлари академиясининг доимий аъзосига айланган. Ўзаро ҳамкорлик давомида Академия биносида Буюк Британия Қуролли Кучларига бағишланган мавзувий машғулот хонасининг яратилиши британиялик меҳмонлар учун ажойиб янгилик бўлди.

photo_2018-11-15_21-41-52.jpg

– Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги ҳарбий атташеси майор Эндрю Стреффорд билан ҳамкорликда ушбу мавзувий машғулот хонасини жиҳозлаш бўйича катта ишлар амалга оширилди. Британия томони айни вақтда икки мамлакат олий ҳарбий таълим муассасалари ўртасида халқаро хавфсизлик масалалари бўйича видеоконференциялар ҳамда масофавий дарсларни ўтказишни йўлга қўйишга тайёр эканлигини билдирди, – дейди Қуролли Кучлар академияси ташқи алоқалар бўлими бошлиғи подполковник Равшан Талипов.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг июнь ойида Буюк Британия Мудофаа академиясининг олий қўмондонлик-штаб курслари директори Эндрю Роу Ўзбекистон Қуролли Кучлари академиясига ташриф буюрган эди. Ушбу ташриф давомида томонлар британиялик мутахассисларнинг Ўзбекистонда бир йил давомида дарс бериши ҳамда масофавий ўқитиш тизимини йўлга қўйилиши каби масалалар кўриб чиқилганди.

 

З.Жонибеков, ЎзА