Ўзбекистонда аёлларни қийнаётган энг долзарб муаммолар айтилди

Пойтахтимиздаги «City Palace» меҳмонхонасида БМТнинг “Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида“ги Конвенцияси (CEDAW) қўмитаси тавсияларининг бажарилиши юзасидан давра суҳбати давом этмоқда. 
Давра суҳбатида сўзга чиққан Хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Гулнора Маҳмудова Ўзбекистонда аёлларни қийнаётган энг долзарб муаммоларни айтди.
– Бугунги кунда уй-жой муаммоси долзарблигича қолмоқда. Турмушга чиққан қизларнинг янги хонадонга пропискага киритилмаслиги кейинчалик катта муаммога айланмоқда. Маҳаллага янги истиқомат қилувчи фуқаро келиб қўшилганида маҳалла участка нозирлари ҳам келинни янги уйга рўйхатдан ўтказишга бош-қош бўлишлари лозим. Рўйхатга олиш ишлари билан маҳаллаларда улар яхши шуғулланишмас экан, ўзга уйга келин бўлиб борган аёллар учун уй-жой муаммоси долзарблигича қолаверади, – дейди Гулнора Маҳмудова.
Иккинчидан, ФҲДЁ бўлимларидан рўйхатдан ўтмасдан никоҳ қурган ёшларимиз ҳам кейинчалик ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қила олмаяптилар. Қизларимизга, уларнинг ота-оналарига никоҳ қоғозисиз турмуш қурмаслик кераклигини кўп бора тушунтиришларимизга қарамай, расмий никоҳсиз турмуш қуриб яшаётганлар учрамоқда.
Қайт этилганидек, онлайн 1146 рақами орқали ҳозиргача 7 мингдан ортиқ аёлнинг муаммолари тингланган. Уларнинг аксариятида шу икки масала доим долзарблигича қолмоқда.

 

ЎзА