Шавкат Мирзиёев: “Энди ҳисобот, статистика билан эмас, одамларнинг кайфияти билан яшаш керак”

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Нукус шаҳрининг “Қумбуз овул” маҳалла фуқаролар йиғинида барпо этилган кўп қаватли уйлар, уйларнинг биринчи қаватида жойлашган нодавлат мактабгача таълим муассасаси ва оилавий поликлиника билан танишди.


Президентимиз Қорақалпоғистон Республикасига аввалги ташрифи чоғида Нукус шаҳрида ижтимоий объектлар, уй-жойлар қурилиши лойиҳалари билан танишиб, Корея тажрибаси асосида болалар боғчаси, оилавий поликлиникани кўп қаватли уйларнинг биринчи қаватида жойлаштириш бўйича тавсиялар берган эди. Шу асосда шаҳарнинг Абдамбетов кўчасида ана шундай лойиҳадаги 5 қаватли 10 та арзон уй қурилди. Ушбу уйлардан иккитасининг биринчи қаватида “Навше” нодавлат мактабгача таълим муассасаси ва оилавий поликлиника ташкил этилди.
16-уйнинг биринчи қаватида давлат-хусусий шериклик асосида бунёд этилган 50 ўринли “Навше” нодавлат мактабгача таълим муассасасида шу ерда яшовчи аҳоли фарзандлари тарбияланади. Боғча эрталаб соат 8.00 дан 18.30 гача ишлайди. Бу ота-оналарга катта қулайлик яратади.
Муассаса болалар онгини ўстиришга кўмаклашувчи турли ўйинчоқлар, методик қўлланмалар билан таъминланган. Инглиз тили, рус тили, шахмат-шашка тўгараклари ташкил этилган. Боғча ишга тушгач, 10 киши иш билан таъминланди.
Президентимиз мактабгача таълим муассасасидаги шароитларни кўздан кечирди. Боғчаларнинг кўп қаватли уйнинг шундоқ ўзида жойлашгани одамларга фарзанди кўз олдида, хавфсиз бўлишини, бундан мақсад аввало аҳолига қулайлик яратиш эканини алоҳида таъкидлади.
8-оилавий поликлиника аввал Нукус шаҳрининг 26-кичик туманидаги мослаштирилмаган бинода жойлашган бўлиб, шароити оғир, тиббий хизмат кўрсатиш учун етарли имконият йўқ эди. Аҳолига тор соҳа мутахассисларига кўриниш учун кўп тармоқли поликлиникаларга боришга мажбур эди.
10-уйнинг биринчи қаватида барпо этилган 8-оилавий поликлиника ҳудуддаги 8 та маҳалланинг 46 мингдан аҳолисига хизмат кўрсатади. 250 қатновга мўлжалланган муассасада сифатли тиббий хизмат учун барча шароит яратилган, рақамли рентген аппарати, УТТ, ЭКГ, биокимё анализатори каби зарур тиббий анжомлар билан жиҳозланган.
Поликлиниканинг ўзида ижтимоий дорихона мавжуд, у 500 дан ортиқ, жумладан, 55 турдаги ижтимоий аҳамиятга эга дори-дармонлар билан таъминланган. Дорилар ўзгармайдиган нархларда, арзон сотилади. Муассасада мижозларнинг шифокор қабулига электрон навбатга ёзилиш тизими йўлга қўйилган. Одамлар уйда ўтириб, онлайн тарзда навбатга ёзилиш ва белгиланган вақтда шифокор қабулига келиши мумкин.
Поликлиникада жарроҳ, гинеколог, офтальмолог, отоларинголог, стоматолог, педиатр, терапевт каби тор соҳа мутахассислари фаолият кўрсатади. Қизлар саломатлиги хонасида ўсмир ёшдаги қизларни турмушга тайёрлаш бўйича зарур маслаҳатлар берилади.
dcc8c807-122b-1b01-7013-7a4c71d534a5.jpg
Поликлиниканинг иш вақти соат 8.00 дан 20.00 гача. Аҳоли шу вақтда умумий амалиёт шифокорлари ва патронаж ҳамширалар назоратида бўлади, 20.00 дан сўнг тез ёрдам шохобчаси хизмат кўрсатади. Яъни, узлуксиз тиббий ёрдам кўрсатиш имконияти яратилди.
Президентимиз шифокорлар билан суҳбатда тиббиётга муносабат ўзгарганини, соҳа вакиллари аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, патронаж хизматини манзилли йўлга қўйиши кераклигини таъкидлади.Оролбўйида экология оғир. Биз Қорақалпоғистон мисолида тиббиётни намуна қилмоқчимиз. Бундан аввало одамлар рози бўлиши керак. Қачон рози бўлади? Соғлиги мустаҳкам бўлса умри узаяди, кайфияти яхши бўлади. Энди ҳисобот билан эмас, статистика билан эмас одамларнинг кайфияти билан яшашларинг керак. Бу ерда сифатли тиббий хизмат кўрсатиш учун барча шароит бор, энди масъулият шифокорларнинг ўзида қолди. Бугун ҳамма соҳада талаб ўсди. Тиббиёт ходимлари зиммасидаги вазифа ҳозирги ўзгаришларни ҳаётга жорий қилиш, деди Шавкат Мирзиёев.

Президентимиз шу ерда Абдамбетов кўчасида қурилаётган кўп қаватли арзон уйлар, “Nukus city” шаҳарчаси қурилиши лойиҳалари билан ҳам танишди.

7fdee2ff-e9a2-6dcb-e930-fd88467fa997.jpg

01231c28-5dc8-3a3b-a3c1-13fb73dbb691.jpg
3294213a-6e6b-ea44-c5e0-ac843ed2d470.jpg
b4313d49-3b8a-fdd3-b635-00bf0dd4c1c6.jpg
75688baf-0e6b-d630-7361-acb166eaea46.jpg
a08b9423-16a4-ceed-caf2-fc0bee00ce36.jpg
463e53fd-3c0f-48c7-f6f5-68ae6978c933.jpg
6580ba1d-8479-a6b3-6bae-a3183efa48aa.jpg
77e59884-eeb9-a691-ee8a-5376975e3d39.jpg

 

Матназар Элмуродов, Умар Асроров, ЎзА