Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги “Гурунг” туркум суҳбатларини давом эттиради.
Бу галги меҳмонимиз “Россия”, “Икки қоя” каби халқлар дўстлигига бағишланган достонлари, “Кўмилган хотиралар”, “Хатарли йўл”, “Кафансиз кўмилганлар” асарлари билан китобхонлар қалбидан жой эгаллаган Ўзбекистон халқ шоири Шукрулло домладир.
– Ассалому алайкум, Шукрулло домла. Сизни авваламбор юз билан юзлашишга ҳозирлик кўраётганингиз билан чин дилдан табриклаймиз. Сизга узоқ умр, сиҳат-саломатлик тилаймиз. Ҳаммага ҳам сизга ўхшаган бой ва мазмунли умр кечириш насиб этсин. Сиз билан кўп мавзуда суҳбатлашса бўлади. Адабиёт ҳақида, адибларга берилаётган эътибор ҳақида нима дейсиз?
– Мен нимага шоир бўлганман, нимани ёзишим керак бўлган? Инсон, аввало, шуни билиши керак.
Шон-шуҳрат лаззатин бошимдан кўтар,
Қалбимга халқимнинг ташвишини сол.
Шоир, ёзувчи, олимни биринчи ташвишга солган нарса халқнинг тақдири. Шоир ҳаммасини шу билан боғлаши керак. Шу халқнинг дардини куйлаш биринчи қўлимга қалам олиб, шеър ёзишимда қалбимга нидо бўлган. Сизга, аввало, қаердан пайдо бўлди ижод қилиш фикри деган савол бўлиши мумкин. Убайдуллохон Хўжаев адвокат менинг холаваччам бўлган. Ман шу одамдан бошқачароқ бўлишим мумкинмиди? Шуни ўйлаганман ва шеърларимни қай тариқа ёзишимни белгилаб олдим. Мен баъзи сиёсий жараёнларни ёқламадим. Бу ўша давр раҳбарларини ўйлатиб қўйди. Бу ҳозирги сиёсатимизга зид йўлга кириб кетди, дейишди ва қамаб қўя қолишди.
– Ёзувчининг ютуғи нимада?
– Ёзувчининг битта йўли, мақсади бўлиши керак. Ўйин-кулги, маишат билан яшамаслиги керак ёзувчи.
Аввало халқнинг дарди билан яшаши керак. Мани халқдан бошқа ташвишим бўлган эмас. Яхши кунларимиз ҳам ўтди. Худога шукр эътибор ҳам топдик. Қамоқларниям кўрдик. Аммо ҳақиқат, халқпарварлик ҳамиша ғолиб чиқади. Осонлик билан ёзувчи бўлмайди одам. Мақтовлар тизимига тушиб қолмаслик керак.
– Босиб ўтган йўлингиз ҳақида бизга нималарни айтиб берасиз?
– Шукрки, атрофимдаги одамлар, сафдошларим ҳам даврнинг жабрини тортган одамлар. Қайсин Қулиев, Давид Кугултинов кабилар ҳам халқнинг манфаати учун яшаган. Бу осон эмас эди. Балки менинг бугунги кунда қадр топишим ҳам жиндак бўлсин халқимни ўйлаганимдан бўлса керак. Ёзувчининг концепцияси бўлиши керак. Халқдан бошқа дарди бўлмаслиги керак. Ижодкорнинг халқ манфаатидан бошқа манфаати бўлиши мумкин эмас.
Навоий ғамга қолди ўз каломи жонфизосидин,
Онингдекким, етар булбулга меҳнат ўз навосидин.
Навоийни ўқиб, биз халқни ўйламасак, қандай ёзувчи бўлдик. Рус ёзувчилари билан биз оға-ини бўлганмиз. Бизда миллатчилик бўлган эмас.
– Ўзгаришларни кўриб дилингиздан қандай ҳис-туйғулар кечмоқда?
– Худога шукр дейдиган замон ҳозир. Бу кунларга осонликча етишмадик. Бугунги кунимиз, турмушимиз фахрланишга арзийдиган кунлардир. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ишни халқнинг кўзига тушадиган ишлардан, ободончиликдан бошлади. Бу яхшиликдан бошқа нарса эмас. Президентимизнинг қилаётган иши мақтовга лойиқ. Бу ҳақда ўйласам қалбимга бир қувонч пайдо бўлади. Чунки бу режалар менинг орзуларимга тўғри келяпти. Яъни бунданам юртни обод қилиш, турмушни фаровон қилиш, халқнинг ғамини еб, маданиятимизни ўйлаб улкан ишлар қилиш. Бу ишлар ҳаммага кўриниб турибди. Халқимизга энг кераги маърифат, ободончилик ва турмуш фаровонлигидир. Ҳозирги кунда олий таълимдаям, матбуотдаям янгича қараш шаклланди.
Президентнинг нима қилаяпти деганига жавоб бермасдан ўтсам, гуноҳ бўлади. Қилаётган ишлари ибратга лойиқ. Бу қилинган ишларни қуруқ мақтамоқчи ҳам эмасман. Қилинаётган ишлар ҳақида гапирмоқчиман.
Ҳозирги ислоҳотлар халқимизнинг қалбидаги ишлардир. Ўйлаймизки, келажагимиз бунданда фаровонроқ бўлади. Адабиётимиз, маданиятимиз, маънавиятимиз ҳам юксалади.
– Ёзувчиларга шунақа эътибор бўлганми?
– Ҳозирги кунда ёзувчиларга ҳам эътибор берилаяпти. Биттаси менинг ўзим. Уйимга келиб, хабарлашиб, суҳбатлашиб, дардимни эшитиб, халққа бўлган муносабатимни билдиришим ҳам катта гап.
– Бугунги ўзгаришларни кўриб қандай асарлар яратгингиз келаяпти?
– Ёзувчиларга Ойбек, Шайхзода шулар нима деган бўлса ўша гап. Ойбекнинг бир гапи бўларди. “Ёзинг, ёзинг, ёзинг, яхши ёзинг, тўғри ёзинг. Бошқа гап йўқ.” Яхши ёзинг деганда нимани айтганлар. Ўзи нимани ёзган бўлса ўша ибратдир. Албатта, маданий меросни, бадиий адабиётни ўрганиш керак.
Бўш қоп тик турмас, дейишади. Унинг ичида бир нарсаси бўлиши керак. Шундай экан бекор ўтирмаймиз, дардимиз бор, халқ манфаати учун бир нарса қолдирармикинмиз деган ниятимиз бор. Лекин уни қачонки рўёбга чиқарамиз, буни Худо билади.
Юртимизда жуда муҳим ишлар бўляптики, бу Президентимизнинг елкасида оғир юкдир. Мана шу оғир ва масъулиятли юкни Президентимиз шараф билан бажаришини, рўёбга чиқаришини Худодан сўрайман.
Чунки бу халқ дарди ва орзу-ҳавасларини рўёбга чиқариш халқнинг бахти, Президентимизнинг ҳам бахти.
Президентимизга куч-қудрат, толиқмасликни Худодан сўраймиз. Шавкат Мирзиёев илм-маърифат одами.
Илм эгаси бўлиш раҳбар учун жуда катта фазилат. Демак, юртимизда маърифат юксалади. Яхши ниятда йўлга чиққан Президентни дуо қилишдан, умр тилашдан бошқа ҳеч нимамиз йўқ. Умрлари узоқ бўлсин, келажаги порлоқ бўлсин.
– Бугун халқаро муносабатлар мустаҳкамланмоқда. Бу ҳақда нима дейсиз?
– Халқлар орасидаги дўстлик, айниқса катта халқлар билан бўлаётган ишлар жуда катта иш. Дўстликдан ажралиб қолишдек ғариблик йўқ. Биз кундан-кунга халқаро муносабатларимиз, қадрдонлигимиз ортиб бораяпти. Бу бизнинг обрўйимиз. Бундан яхши Президентни топиб бўлмайди.
«Гурунг» туркум суҳбатларимиз давом давом этади.
Суҳбатдош Барно Мелиқулова, Ёқуб Мелибоев (видео), ЎзА