Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида 14 ноябрь куни Италия ташқи ишлар ва халқаро ҳамкорлик вазири ўринбосари Манлио ди Стефано бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди.
Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан суҳбатда сиёсий-дипломатик, савдо, инвестиция, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш, мамлакатларимиз ўртасидаги мулоқотни “Ўзбекистон – Европа Иттифоқи“ шаклида мустаҳкамлаш, манфаатли шерикликнинг истиқболли йўналишларини белгилаш масалалари муҳокама қилинди. Томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Музокарада товар айланмасини янада оширишдан икки томон бирдек манфаатдор экани таъкидланди. Жорий йилнинг ўтган тўққиз ойи якунлари бўйича ўзаро савдо ҳажми 206 миллион АҚШ долларини ташкил қилди. Бу 2017 йилга қараганда 20 фоиз кўп.
Қайд этилганидек, 2019 йилда ўтадиган Савдо, иқтисодиёт ва саноат соҳасида ҳамкорлик ҳамда экспорт кредитлари масалалари бўйича ҳукуматлараро ишчи гуруҳининг навбатдаги мажлиси бу йўналишдаги ҳамкорликни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш имконини беради.
Шу куни Ташқи ишлар вазирлигида Ўзбекистон – Италия сиёсий маслаҳатлашувларининг олтинчи давраси бўлиб ўтди.
Мулоқотда икки томонлама савдо-иқтисодий алоқаларнинг жорий ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон – Италия ҳукуматлараро ишчи гуруҳи институти фаолиятини биргаликда ривожлантириш, ишбилармон доиралар вакиллари ўртасида алоқалар ўрнатиш ва мустаҳкамлаш имконини берувчи бизнес-форум ва кўргазмалар ташкил этиш таклифи илгари сурилди. Мамлакатларимиз иқтисодиётнинг реал секторида ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантириш учун етарли салоҳият ва имкониятларга эга экани қайд этилди.
Италия ташқи ишлар ва халқаро ҳамкорлик вазири ўринбосари Манлио ди Стефано бошчилигидаги делегация Инвестициялар бўйича ҳамда Туризмни ривожлантириш давлат қўмиталарида ҳам музокаралар ўтказди, “Ўзбекистон металлургия комбинати“ АЖ билан Италиянинг “Danieli & C.Officine Mecchanicne S.p.A“ компанияси ўртасида қўшма лойиҳани амалга ошириш бўйича инвестиция битими имзолаш маросимида иштирок этди.