Тошкент шаҳрида “Туризм ўқув консалтинг маркази” ва Италиянинг “GalileoFerraris” институти ҳамкорлигида “Италия туризмининг ҳафталиги” бошланди. Унда туризм ва меҳмонхона хўжалиги касб-ҳунар коллежлари, меҳмонхона, ресторан ва туристик корхоналарнинг 70 дан ортиқ вакиллари иштирок этмоқда.
Лойиҳани Ўзбекистон Республикаси туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Ўзбекистоннинг Казертедаги (Италия) Фахрий элчиси Витторио Жоржи қўллаб-қувватламоқда.
Ташкилотчиларнинг фикрига кўра, Ўзбекистонда халқаро тажрибани тарғиб қилиш хизматларнинг сифатини оширишга ва туризм тармоғининг малака нуқтаи назаридан ўсишига хизмат қилади. Бундай тадбирларни анъанавий ўтказилиши эса сайёҳлик соҳасининг долзарб муаммоларини муҳокама қилиш ва кадрлар тайёрлаш масалаларини ечимини топишда муҳим аҳамият касб этади.
Ҳафталик доирасида италиялик экспертлар – юртимиздаги меҳмонхона, ресторан ва туристик корхоналар ходимлари, ресторан ошпазлари, барменлар, сомельеларнинг касбий маҳоратлари оширишда ҳисса қўшади. Мастер-класслар: туризм ва меҳмондўстлик, ошпазлик санъати (Италия ошхонасининг шох таомлари) ва “сомелье” санъати йўналишларида олиб борилади.
Италия туризм индустриясининг етакчи экспертларининг фикрлари ва маҳорат дарслари ҳақида ёритиб борамиз. Бизни кузатинг.
Сайёра Шоева, ЎзА