Айни кунларда жамоатчилик, айниқса, ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари ўртасида лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини такомиллаштириш, айрим ҳарфларга ўзгартириш киритиш борасидаги фикрлар кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети қошида тузилган Ишчи гуруҳ алифбодаги ўзгаришлар борасида маълумот берди.
Расман 2018 йил 15 майда тасдиқланган “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини кенг жорий этиш ва янада такомиллаштириш бўйича Ҳаракатлар режаси”га мувофиқ шу йил охирига қадар миллий алифбомизнинг ислоҳ қилинган янги лойиҳасини ишлаб чиқиб, тасдиқдан ўтказиш лозим. Шу мақсадда 2018 йил 22 октябрь куни Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини кенг жорий этиш ва такомиллаштириш муаммолари” деб номланган илмий-амалий конференция ўтказилди. Конференция иштирокчилари миллий алифбомизни ислоҳ қилиш бўйича аниқ таклифларни илгари сурдилар.
Маълумки, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети қошида тузилган Ишчи гуруҳ аъзолари икки йил мобайнида лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини ислоҳ қилиш бўйича изчил иш олиб борди.
Ўтган вақт мобайнида алифбо ислоҳоти бўйича Ишчи гуруҳга ҳамюртларимиз томонидан кўплаб фикрлар юборилди. Уларни таснифлайдиган бўлсак, алифбо ислоҳотчиларини уч гуруҳга бўлиш мумкин бўлади.
Биринчи гуруҳ – минимал ислоҳот тарафдорлари. Уларнинг наздида амалдаги алифбомизга деярли тегмаслик керак – фақат O‘, G‘ ҳарфларининг кўп муаммога сабаб бўлаётган қўшимча белгисини тўғриласак бўлди. Негаки, O‘, G‘ ҳарфларининг қўшимча белгиси (‘) билан боғлиқ бошоғриқ ҳаммани бирдай қийнаб келяпти: бу ҳарфларни ёзиш учун аввал O ёки G ҳарфини ёзиб, сўнг бир бармоғимиз билан “Alt” тугмасини босамиз ва бошқа бармоғимиз билан махсус код – 0145 ни терамиз. Яъни бир ҳарфни ёзиш учун олти марта клавиатура тугмаларига қўл урамиз. Шундагина алифбомиздаги O‘, G‘ ҳарфлари тўғри шаклда ёзилади. Бундай машаққатталаб белги дунёдаги бирор бир халқнинг алифбосида йўқ.
Иккинчи гуруҳ – мўътадил ислоҳот тарафдорлари. Уларнинг фикрича, айни пайтда ўқиш ва ёзиш жараёнида турли англашилмовчилик ва қийинчиликларни юзага келтираётган O‘, G‘ ҳарфлари билан бирга Ch, Sh ҳарфларини ҳам тўғрилаш шарт. Чунки ана шу тўрт ҳарф туфайли бугун алифбо ислоҳоти кун тартибида турибди. Агар шу тўрт ҳарф билан боғлиқ муаммолар ҳал бўлсайди, янги алифбога ўтиш суръати тезлашган бўлар эди, дейишади улар.
Учинчи гуруҳ – максимал ислоҳот тарафдорлари. Уларнинг фикрига кўра, O‘, G‘, Ch, Sh ҳарфлари ўзгартирилиши ва алифбога Ĵ ундоши ва ı, ö, ü унлилари қўшилиши лозим. Чунки, дейди улар, биздан бошқа барча туркий халқларнинг алифбосида “эгизак”, яъни узун ва қисқа унлилар бор, ўзбек тилида ҳам қалин ва юмшоқ И, Ў, Утовушлари бор-у, аммо биз илғамаймиз, чунки алифбода акс этмаган, бу эса тилимизга хос бўлган сингармонизм ҳодисасининг йўқолишига олиб келяпти.
Ҳар бир гуруҳнинг ўз ҳақиқати, далиллари бор. Жумладан, минимал ислоҳотчилар алифбони жиддий ўзгартирсак, чорак аср давомида чоп этилган китобларнинг тақдирию фарзандларимизнинг саводхонлиги нима бўлади, ахир, ёш авлод шу алифбога ўрганиб бўлган, уларни чалғитиб нима қиламиз, дейди. Мўътадил ислоҳотчилар бизга ҳозир тўртта ҳарф муаммо туғдиряптими, уларни ислоҳ қилиб тўғрилайлик, вассалом, аммо алифбо таркибига янги ҳарфлар киритиб, халқимизни янги имловий муаммолар гирдобига отмайлик, дейди. Максимал ислоҳотчилар эса алифбони тубдан ислоҳ қилайлик ва мукаммал алифбога эга бўлайлик, дейишади.
Ишчи гуруҳ аъзолари ҳамюртларимиз томонидан билдирилган фикрларни ўрганиб чиқиб ва албатта, илмий мантиққа суянган ҳолда энг мақбул қарорга келишга ҳаракат қилишди. Ўзаро мулоҳазалар, фикр алмашинувлар жараёнида маълум бўлдики, минимал ислоҳот ёзувимиздаги муаммоларни ҳал қила олмайди. Чунки нафақат O‘, G‘ ҳарфларининг қўшимча белгиси (‘), шунингдек, Ch, Sh бирикмалари ҳам бизга ноқулайлик, малоллик туғдирмоқда. Сабаби:
1) халқимиз бир фонема (товуш)га – бир ҳарф тамойилига ўрганган;
2) Ch ва Sh диграфлари мутлақо бошқа табиатга эга бўлган хорижий тил – инглиз тилига хос бўлгани учун психологик бегонасираш ҳисси бор. Ўзбек тилидаги матнларда миллий руҳ сезилмайди.
3) Бу ҳарфий бирикмалар турли тилларда ҳар хил товушларни ифодалайди. Масалан, Ch бирикмаси инглиз тилида Ч, француз тилида Ш, италян тилида К, немис тилида Х деб ўқилади.
4) Алифбомизда Сс ҳарфи йўқ, аммо у Ch бирикмаси таркибида ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолади. Ўқитувчилар Ch бирикмасини болаларга қандай ўргатади – бу саволга жавоб йўқ. Аслида ёзувдаги бирикма – қўш ҳарфлар алифбода мавжуд ҳарфлар иштирокида ҳосил бўлиши керак эди.
5) ўзбек тилида Ч ва Ш товушлари инглиз тилига нисбатан 3-5 баробар кўп учрайди ва бу ҳол Ch, Sh нинг матнда кетма-кет, ғуж бўлиб келишига сабаб бўляпти ва ўқиш-ёзишни қийинлаштиряпти. Shoshish, xushchaqchaq, ishchi, sharshara, achchiqtoshкаби сўзларимизнинг ўзида 2-3 тадан Ch ва Sh бор. Инглизларга қулай бўлган Ch, Shбирикмалари ўзбек тилида изма-из келиб, ноқулай ҳолатларни юзага келтирмоқда. Фикримиз исботсиз бўлмаслиги учун Эрнест Хемингуэйнинг дунёга машҳур «Алвидо, қурол!» романининг илк жумлаларини аввал инглиз, сўнг ўзбек тилида берамиз:
In the late summer of that year we lived in a house in a village that looked across the river and the plain to the mountains.In the bed of the river there were pebbles and boulders, dry and white in the sun, and the water was clear and swiftly moving and blue in the channels.Troops went by the house and down the road and the dust they raised powdered the leaves of the trees.The trunks of the trees too were dusty and the leaves fell early that year and we saw the troops marching along the road and the dust rising and leaves, stirred by the breeze, falling and the soldiers marching and afterward the road bare and white except for the leaves.The plain was rich with crops; there were many orchards of fruit trees and beyond the plain the mountains were brown and bare.There was fighting in the mountains and at night we could see the flashes from the artillery. In the dark it was like summer lightning, but the nights were cool and there was not the feeling of a storm coming.
O‘sha yili yoz oxirlarida biz qishloqda, kulbada turardik. Kulbadan narida daryo bilan vodiy, ulardan ham olisroqda tog‘lar yastanib yotardi. Daryoning o‘zani oftobda oqargan, quruq qayrag‘ochlar va mayda shag‘al bilan qoplangan, daryo shoxobchalarida esa suv tip-tiniq va ko‘m-ko‘k bo‘lib, sho‘x shaldirab oqib borardi. Kulba oldidagi yo‘ldan qo‘shinlar o‘tib borar, ularning oyog‘idan ko‘tarilgan to‘zon og‘ochlarning barglariga o‘tirardi. Og‘ochlarning barglari ham changga burkangandi, o‘sha yili yaproqlar erta to‘kila boshlagandi, biz bo‘lsak yo‘ldan qo‘shinlarning o‘tib borishini, chang-to‘zonning ko‘kka o‘rlashini, shamol yaproqlarni yulqib-sulqib uchirib ketayotganini, soldatlarning odimlarini, so‘ngra esa kimsasiz, bo‘m-bo‘shtuproq yo‘lda yolg‘iz yaproqlargina to‘kilib yotishini tomosha qilardik. Vodiy yerlari hosildor edi, unda bog‘zorlar serob edi, vodiy etagidagi tog‘lar esa taqir qo‘ng‘irtog‘lar edi. Tog‘larda jang ketmoqdaydi, kechalari portlashdan yolqinlar ko‘tarilardi. Qorong‘ida ular shafaqqa o‘xshab ko‘rinardi: faqat tunlari etni junjiktirib sovuq turar, havo quruq edi.
Ушбу матнлардаги Ch ва Sh бирикмаларини санаб, қиёслайдиган бўлсак, инглизча матнда 4 та Ch ва 1 та Sh (жами 5 та), ўзбекча матнда 8 та Ch ва 18 та Sh (жами 26 та) қатнашгани маълум бўлади. Шу қиёснинг ўзиёқ инглиз тили учун жуда қулай бўлган Ch ва Sh бирикмаларининг ўзбек тили учун қанчалик ноқулай эканини кўрсатиб турибди.
Демак, мўътадил ислоҳот тарафдорларининг фикрида жон бор: энг камида шу тўртта ҳарф (O‘, G‘, Ch, Sh)ни қулай шаклга келтиришимиз шарт.
Аммо, юқорида таъкидлаганимиздек, максимал ислоҳот тарафдорлари ҳам борки, улар алифбони кескин ислоҳ қилиб, бир неча қўшимча ундош ва унли ҳарфларни қўшиш керак, дейишади. Бу ҳол олдимизда қатор муаммо ва саволларни пайдо қилади. Жумладан:
1) Бошқа қардош халқлардан фарқли ўлароқ, ўзбек халқи бир неча лаҳжада сўзлашувчи элатларни ўзида бирлаштирган. Айтайлик, қозоқ, қирғиз ва қорақалпоқлар яхлит қипчоқ; турк, туркман, озарбайжонлар ялпи ўғуз, уйғурлар қарлуқ лаҳжасига мансуб бўлса, ўзбек этноси таркибида қипчоқлар ҳам, ўғузлар ҳам, қарлуқлар ҳам бор ва уларнинг сўзлашув тарзида муайян фарқ сезилади: битта сўз бир лаҳжада қисқа-қалин унли билан айтилса, бошқасида узун-юмшоқ унли билан талаффуз қилинади. Яна бир ўзига хос жиҳатимиз – туркий халқлар ичида фақат ўзбекларда Оотовуши борки, бу ҳол фонетикамизда алоҳида ёндашувни талаб этади. Умуман олганда, ҳозирги унли ҳарфлар ҳар бир лаҳжага муайян эркинлик беради: сўзлардаги i u o товушларини ҳар бир лаҳжа ўзига мослаб талаффуз қилади. Шу боис ҳақли савол туғилади: алифбо нафақат товушларни имкон қадар тўла акс эттириши, шу билан бирга, миллий яхлитлик, бирликни мустаҳкамлашга хизмат қилиши шарт эмасми?
2) Бугунги кунда Х ва Ҳ ни фарқлашга қийналаётган ҳамюртларимиз қаттиқ ва юмшоқ Ў, У, И ни фарқлашда жиддий муаммоларга дуч келиб, натижада аҳолининг саводхонлиги кескин пасайиб кетмайдими?
3) Таълим муассасаларидаги барча ўқитувчи-устозларнинг малакасини ошириш, уларга эгизак товушларнинг фарқини аниқ-тиниқ тушунтириб бериш керак. Тан олишимиз керак, айни пайтда нафақат оддий юртдошларимиз, балки айрим ўқитувчиларимиз ҳам Х билан Ҳ ни фарқлашда иккиланади. Хўш, турли шева ва лаҳжаларда сўзлашувчи, битта сўзни ҳар хил талаффуз этувчи ўқитувчиларимиз I ı ва İ i, Ŏ ŏ ва Ö ö, U uва Ü ü товушларининг фарқини бирдай ҳис қилармикан?
4) Миллий алифбомиз мураккаблашадиган бўлса, ўз саводхонлигига ишонмайдиган кўп ота-оналар фарзандларини ўзбек мактабларига эмас, бошқа тилдаги мактабларга беришни маъқул кўриши мумкин. Бу ҳол она тилимизнинг мавқеига салбий таъсир кўрсатмайдими?
5) Давлат идораларида янги алифбода иш юритишни йўлга қўйиш қийинлашиб, расман ягона ёзувга ўтиш жараёни янада чўзилиб кетмайдими?
6) Шу пайтгача амалда бўлган ўзбек тили қоидаларини тубдан кўриб чиқиш, таҳрир қилиш, аввалги кўп тушунчалардан воз кечишимиз керак бўлади. Айтайлик, эгизак унлилар фарқланадиган бўлса, сингармонизм талабига кўра, барча феъллар асосига бирдай -моқ қўшимчасини қўшиб бўлмайди. Феъл негизида қалин унлилар келса, -моқ(ўқимоқ, турмоқ, бормоқ), юмшоқ унлилар келса, -мак (сузмак, тузмак, узмак) қўшимчасини қўшиш талаб этилади. Яъни, тилшуносликка оид мутлақо янги қўлланма ва дарсликлар яратишимиз шарт. Тилимиздаги бундай инқилобий ўзгаришларга мутахассислар ва оддий ватандошларимиз нечоғлик тайёр?
7) Тилимизда неча юз минг сўз бўлса, уларнинг ҳар бирини қаттиқ ва юмшоқ унлиларнуқтаи назаридан қайта кўриб чиқиб, мутлақо янги имло қоидалари асосида мукаммал луғат яратишимиз керак. Турли лаҳжа ва шеваларда сўзлашувчи мутахассисларимиз бу масалада қайси мезонга суянишади?
8) Шу пайтгача кирилл ва лотин алифбосида чоп этилган китобларни махсус дастурлар ёрдамида автоматик ўгириш имконияти йўқолади – ҳар бир китобни алоҳида, қайтадан териб чиқиш шарт бўлади. Сабаби, электрон дастурлар İi, O‘o‘ , Uu ҳарфларини ўгириш чоғида узун ва қисқага бўлиб (I ı ва İ i, Ŏ ŏ ва Ö ö, U u ва Ü ü тарзида), таснифлай олмайди. Шу пайтгача чоп этилган китобларни янги алифбода чоп этиш ўта машаққатли жараёнга айланмайдими?
Энг эътиборга молик томони, мураккаб алифбо туфайли жиддий тўсиқ ва муаммолар юзага келгач, яна ортга қайтадиган бўлсак (ўзи бир марта шундай бўлган: 1929 йилда 9 та унлили алифбони қабул қилиб, 1934 йилда учта унли ҳарфдан воз кечганмиз), унда шусиз ҳам чалкаш бўлган ёзувга доир ишларимиз янада чигаллашади, ёшларимизнинг саводхонлиги баттар ёмонлашади – замондошларимиз олдида ҳам, келажак авлод олдида ҳам уятга қоламиз.
Нима бўлган тақдирда ҳам, юқорида қайд этилган тўртта ҳарф (O‘, G‘, Ch, Sh) ни ислоҳ қилишимиз шарт, дедик. Хўш, уларни қандай қилиб ўзгартирсак маъқул бўлади?
Аввало, Ch ва Sh бирикмаларининг ўрнини босувчи яхлит ҳарфларга эътибор қаратамиз:
Ch – Çç Ćć Ĉĉ Čč;
Sh – Şş Śś Ŝŝ Šš
Очиғи, кейинги учта вариант – (Ćć Ĉĉ Čč; Śś Ŝŝ Šš) ёзишга бирмунча ноқулай бўлиб, матнни митти диакретик белгиларга тўлдириб ташлайди. Кейин бу ҳарфларнинг уст белгиларини ёзма шаклда ифодалаш ноқулай.
Ост белгиси ҳарф ўзагига қўшилиб ёзиладиган Çç ва Şş ҳарфлари эса ёзиш ва ўқишга қулай ҳамда миллий характерга эга: улар 1929 – 1940 ҳамда 1993 – 1995 йиллардаги алифбомизда ҳам бўлган.
Демак, Ч ва Ш товушлари учун энг мақбул ҳарфлар – Çç ва Şş. Уларнинг ост белгиси бир хил экани ўзаро уйғунликни таъминлайди.
Энди O‘, G‘ ҳарфлари бўйича фикрлашамиз ва асосий вариантларга назар ташлаймиз:
O‘ – Ŏŏ Ôô Ǒǒ Õõ Öö Ōō Óó
G‘ – Ğğ Ĝĝ Ġġ Ǧǧ Ģģ Ḡḡ Ǵǵ
Бу ҳарфлар орасидан ўзаро уйғун, умумий белгига эга бўлган ҳарфлар занжирини аниқлаймиз. Булар:
Ŏŏ – Ğğ; Ōō – Ḡḡ; Ôô – Ĝĝ; Ǒǒ – Ǧǧ; Óó – Ǵǵ;
Бу жуфтликларни бирма-бир кўриб чиқамиз:
Ŏŏ – Ğğ ҳарфлари қулай, ҳозирги ёзма ҳолатга жуда яқин. Замонавий мосламалар, хусусан, андроид дастурли қурилмалар клавиатурасида мавжуд.
Ōō – Ḡḡ ҳарфлари ҳозирги ёзма шаклга яқин, лекин Ḡḡ ҳарфи Юникод жадвалининг қуйи қисмида жойлашгани учун жуда оз шрифт таркибига киритилган. Бу ҳол матбаа ишида кўп муаммоларни юзага келтиради. Смартфон ва планшетларнинг клавиатурасида эса Ḡḡ ҳарфи умуман йўқ.
Ôô – Ĝĝ жуфтлигида, айниқса, Ôô ҳарфи беўхшов кўринади.
Ǒǒ – Ǧǧ ҳарфларининг ўткир, кескин белгилари “кўзга қадалади”, энг ёмони, улар замонавий қурилмаларнинг клавиатурасида ва компьютердаги кўп шрифтлар таркибида йўқ.
Óó – Ǵǵ занжиридаги ҳарфлар яқин қардошларимиз бўлган қозоқ ва қорақалпоқ халқлари алифбоси таркибидан ҳам ўрин олган. Аммо Ǵǵ ҳарфининг замонавий қурилмалар, жумладан, кўпчилик юртдошларимиз фойдаланадиган андроид дастурли смартфон ва планшетларнинг виртуал клавиатурасида йўқлиги, шунингдек, компьютердаги кўп шрифтлар таркибидан жой олмагани кишини ўйлантиради. Энг асосийси, бу ҳарфлар устидаги қия чизиқча ҳарфнинг таркибий қисмидан кўра кўпроқ урғу белгисини эслатиб кўзни чалғитиши, матнни митти чизиқчаларга тўлдириб юбориши, қолаверса, тескари урғули ҳарфлар билан адаштириш хавфининг мавжудлиги (Ózbekiston – Òzbekiston) бу ҳарфларга бўлган қизиқишимизни сусайтиради.
Хулоса қиладиган бўлсак, илк жуфтлик (Ŏŏ – Ğğ) – энг оптимал, қулай вариант.
Демак, Çç – Şş нинг ост қисмига ва Ğğ – Ŏŏ нинг устига қўйиладиган жуфт белги ёрдамида керакли тўртта ҳарфга эга бўламиз. Бу ҳол ёзувда ўзига хос мувозанатни, ўзаро мувофиқликни таъминлайди.
Конференция иштирокчилари ушбу тўрт ҳарф (Çç Şş Ŏŏ Ğğ) ни бир овоздан маъқуллаб, мавжуд вариантлар ичида энг мақбули деб тан олдилар ва бу ҳарфларни миллий алифбога киритиш фикрини якдил қўллаб-қувватладилар.
ng товуши
ng товуши, бошқа товушларга қиёслаганда, алоҳида хусусиятга эга: у ҳеч қачон сўз бошида келмайди. Бу товушга араб алифбосида ҳам, кирилл-ўзбек алифбосида ҳам, амалдаги лотин алифбосида ҳам яхлит ҳарф ажратилмаган. 1993 йилда қабул қилинган лотин-ўзбек алифбосида бу товуш илк бор Ññ ҳарфи билан ифодаланди-ю, 1995 йилда яна ундан воз кечилди. Сабаби, Ññ ҳарфини идрок этишда кўпчилик чалғиди. Яъни, кирилл имлосига кўра қайси сўзда Н ва Г ҳарфлари ёнма-ён келган бўлса, ёппасига Ññ ҳарфи билан ёзила бошланди. Масалан: taña, añur. Аслида, бу сўзлардаги Н ва Г ҳарфлари бир-бирига алоқасиз, алоҳида товушларни ифодалайди: tanga, angur. Ёки N товуши билан тугаган сўзга – gа қўшимчаси қўшилса ҳам, ñ эмас, ng ёзилиши керак: menga, jonga, vatanga. Ñ ва NG ўртасидаги бундай ўзига хос нозик, бироз эътиборталаб чегарани илғамаслик оқибатида хатолар авж олди.
Иккинчидан, ng бирикмаси яхлит ҳарфга айланадиган бўлса, худди Öö Üü Íí ҳарфлари мисолида кўрганимиздек, кирилл ва ҳозирги алифбода чоп этилган сон-саноқсиз китобларни янги алифбомизга ўгириш чоғида кўплаб чалкашликлар юзага келади – электрон дастурлар ӈ (ŋ) товушига қўшиб, бир-бирига алоқасиз, аммо ёндош келган барча Н+Г ҳарфларини бирваракайига битта ҳарфга ўзгартириб юборади. Тилимизда ӈ (ŋ) товуши ва ёнма-ён келадиган Н+Г ҳарфлари жуда кўп учрагани учун уларни топиб, қиёслаб тўғрилаш – муҳарриру мусаҳҳиҳларга катта заҳмат юклайди.
Конференцияда, ҳеч қачон сўз бошида келмайдиган, бошқа товушларга қараганда чекланган бу товушни алифбодан ташқарида фонетик бирикма сифатида ўргансак бўлмайдими, деган мулоҳаза ўртага ташланди ва кўпчилик томонидан маъқулланди. Аммо, анжуманда ва ундан кейин билдирилган фикр-мулоҳазаларда, майли, бу товуш яхлит ҳарф эмас, ng бирикмаси орқали ифодалансин, лекин у товуш сифатида алифбо сирасида турсин, фарзандларимиз мурғак чоғидан бу миллий товушимизни алоҳида фонетик ҳодиса сифатида танисин – ҳарфий бирикма шаклида бўлса ҳам “Алифбе”дан бошлаб ўргансин, йўқса, ng ни идрок этиш аста-секин муаммога айланади, ахир, шу пайтгача алифбомиздан жой олган бу ҳарфий бирикма – Ch, Sh ҳарфий бирикмаларидан фарқли ўлароқ – бизга ҳеч қандай малоллик туғдираётгани йўқ-ку, токи ng ҳамон ёзувимизда акс этар экан, алифбодаги ўз жойини сақлаб қолиши шарт, деган фикру далиллар келтирилди. Ушбу қараш эгалари дунёдаги энг нуфузли тиллардан бири бўлган испан тили алифбосида ҳам бор-йўғи битта диграф – Ch борлигини айтиб, бу ҳол испан тилли халқлар томонидан табиий қабул қилиниши ва алифбо нуфузига ҳеч қанақа салбий таъсири йўқлигини билдиришди.
Юқорида таъкидланганидек, ng товуши ҳеч қачон сўз бошида келмайди, демак, унга Ngдеб бош ҳарф белгилашимизга сира ҳожат, эҳтиёж йўқ. Бу ҳарфий бирикмани алифбода фақат кичик ҳарфлар билан ифодаласак, мантиқан тўғри бўлади.
Сс ҳарфи
Яна бир муаммоли, баҳс манбаи бўлаётган белги – Сс ҳарфидир.
Бу белгини ёқловчи ва рад этувчи икки зид қутб бор. Ёқловчилар бу белги алифбомизда бўлмагани билан маънавий-маърифий, илмий-ижтимоий ҳаётимизда барибир иштирок этяпти, масалан, автомашина рақамларида, тест саволларида, турли формулаларда Сс белгисидан фойдаланяпмиз, шунинг учун бу белгига бирор товушни юклашимиз керак, дейишади.
Рад этувчилар Сс белгисини алифбомизга умуман киритмаслигимиз керак, сабаби бу белги турли халқларда турлича товушлар (с, к, ж, ч) ни ифодалайди, шу сабабли унга қайси товушни юкламайлик, халқаро атамаларни ўқишда чалкашликлар юзага келади, қолаверса, хорижликлар ўзбекча сўзлар, айниқса, исм ва жой номларини ўқишда чалғийди, дейишади.
Сс ни ёқловчиларнинг ўзи ҳам икки гуруҳга бўлинади. Биринчи гуруҳ, бу белгидан кирилл алифбомиздаги Цц товушини ифодалаш учун фойдаланишимиз керак, деса, иккинчи гуруҳ Сс орқали қардош туркий халқлар сингари Жж товушини (жўжа, жажжи) ифодалайлик, дейди.
Цц – барча туркий тиллар сингари ўзбек тили учун ҳам бегона товуш. Шу боис ҳанузгача бу товушни айтишга оддий одамларимизнинг тили келишмайди, халқимизнинг аксарият қисми Цц ни оддий Сс тарзида талаффуз қилади. Ўз вақтида Абдулла Қаҳҳордай атоқли адибимиз ҳам бу товушнинг миллий алифбомизга киришини мутлақо ёқламаган.
Конференцияда Çç Şş Ŏŏ Ğğ ҳарфлари якдиллик билан қабул қилинган бўлса, Ссҳарфи бироз мунозарага сабаб бўлди. Охир-оқибат, мутахассисларнинг муайян фикр алмашувидан сўнг, мабодо бу белгини алифбога киритадиган бўлсак, унда ўзимизнинг Жж товушимизни акс эттирайлик, шунда тилимиздаги яна бир товушнинг ифодаси қардош туркий халқлар алифбоси билан уйғунлашади; Жж (жўжа) товуши айни пайтда фойдаланилмаётган Сс белгисига бириктирилса, бўш қолаётган Jj белгисидан сирғалувчи Жж (журнал, аждар)ни ифодалашда фойдалансак бўлади; талаффуз жиҳатидан яқин товушлар – Ж (C) ва Ч (Ç) ни акс эттирувчи ҳарфлар ҳам шаклан уйғунлашади, деган хулоса маъқулланди.
Конференциядан кейинги акс-садоларда эса, Сс белгиси атрофида ҳамжиҳатлик, умумтўхтам йўқлиги, битта баҳсли белги туфайли ҳамюртларимиз турли зид қутбларга бўлинаётгани яққол намоён бўлди. Қолаверса, Жж товуши Марказий Осиёдаги қардош халқлар (қозоқ, туркман, қорақалпоқ) алифбосида ҳам Jj ҳарфи билан ифодаланиши; Цц товушининг эса тилимизга хос эмаслигидан келиб чиқиб (турк, озарбайжон, туркман, қозоқ, қрим-татар, татар каби туркий халқларнинг лотин алифбосида ҳам бу товуш йўқ), Сс белгисини алифбога киритмаслик маъқул топилди.
Шундай қилиб, конференциягача, конференция давомида ва конференциядан сўнг билдирилган, ўзаро фикрлашув чиғириғидан ўтган мақбул хулосалар асосида ўзбек миллий алифбосининг якуний лойиҳаси шаклланди. Ушбу лойиҳада конференцияда тақдим этилган учта алифбо лойиҳасидаги маъқул ва уйғун жиҳатлар, алифбо ислоҳотига бефарқ бўлмаган юртдошларимизнинг асосли тавсиялари умумлаштирилди.
Шу ўринда конференцияда таъкидланган бир фикрни эсга олиш жоиз деб ўйлаймиз: дунёдаги бирорта алифбони мукаммал деб бўлмайди, ҳар қандай алифбо муайян камчиликларга эга, лекин, энг муҳими, миллий алифбомиз тилимизнинг асосий талаб ва мезонларига жавоб бериши, ёзиш ва ўқишга қулай бўлиши, халқимизни маънан бирлаштириши шарт. Ишчи гуруҳ аъзолари, мутахассислар, кенг жамоатчилик вакилларининг фикр-мулоҳазалари асосида шаклланган мазкур алифбо лойиҳаси, ўйлаймизки, ана шу муҳим талабларга жавоб беради.
Фурсатдан фойдаланиб, Лотин ёзуви асосидаги ўзбек алифбосини ислоҳ қилиш юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирган, бу борада Ишчи гуруҳга яқиндан ёрдам берган кўп сонли мутахассисларга, жонкуяр юртдошларимизга, шунингдек, ишимизни холис кузатиб, ёритиб борган барча оммавий ахборот воситалари вакилларига самимий миннатдорлигимизни билдирамиз.
Хулоса сифатида, умумий меҳнатимиз маҳсули бўлган – 28 та ҳарф, битта ҳарфий бирикма ва битта белгидан иборат, жами 30 бирликдан ташкил топган алифбо лойиҳасини эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Ушбу алифбодаги янгиланаётган тўрт ҳарф бизни шу пайтгача қийнаб келаётган муаммолардан халос этади. Ŏŏ Ğğ ҳарфлари O‘o‘ G‘g‘ ҳарфларининг айни пайтдаги ёзма шаклига яқин бўлгани боис ва Çç Şş ҳарфлари халқимизга яхши таниш бўлгани учун ёшу қари томонидан тез ўзлашади – ҳеч кимга қийинчилик, ноқулайлик туғдирмайди.
Алифбо лойиҳаси расман қабул қилингандан сўнг бу ҳарфлар компьютер клавиатурасидаги қулай тугмаларга жойлаштирилади. Масалан, Çç ҳарфини ўзбек тилида ишлатилмайдиган – Сс ҳарфи ўрнига, Şş ҳарфини – Ww ҳарфи тугмачасига, Ŏŏ ва Ğğ ҳарфларини эса бирорта лотин ҳарфи ё тиниш белгиси банд қилмаган, кирилча Х, Ъ ҳарфлари турган тугмачаларга бириктириш мумкин.
Алифбони амалиётга жорий этиш билан боғлиқ бошқа барча масалалар ҳукуматимиз томонидан расман тасдиқланган ҳужжат – “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини кенг жорий этиш ва янада такомиллаштириш бўйича Ҳаракатлар режаси”га мувофиқ изчил равишда амалга оширилади.
P/S: Ишчи гуруҳ томонидан таклиф қилинаётган режа фақат лойиҳа сифатида таклиф этилмоқда. У расман кучга кириши учун аввал қонуний тартибда кўриб чиқилади, оммавий ахборот воситалари орқали кенг жамоатчилик ўртасида муҳокама қилиниши лозим. Юқоридаги мулоҳазалар фақатгина Ишчи гуруҳ лойиҳаси сифатида тақдим этилмоқда.