Технологиялар – ижобий самаралар ва юксалиш учун имконият, демак. Айни шу омил ресурслар чекланган ҳозирги даврда иқтисодий ривожланиш, тўкис ҳаёт учун зарур шароит яратишнинг муҳим шартига айланди.
Мамлакатимизда дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни рағбатлантиришга йўналтирилган фаолият ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани Ўзбекистон ўз келажагини илғор технологик юксалиш орқали барпо этишда кўраётганига ёрқин мисол.
Тошкентдаги Инҳа университетида 25 октябрь куни бўлиб ўтган рақамли технологиялар соҳасидаги Ўзбекистон – Қозоғистон бизнес-форуми шу мақсадларга хизмат қилиши билан муҳим аҳамиятга эга.
Тадбирда икки мамлакатнинг ахборот технологиялари ва телекоммуникациялар, савдо, иқтисодиёт, интеллектуал мулк, таълим, соғлиқни сақлаш, банк-молия каби соҳаларга ихтисослашган вазирлик ва идоралар, компания ва концернлар, илмий-тадқиқот марказлари вакиллари, дастурий таъминот ишлаб чиқарувчилари, етакчи экспертлар қатнашди.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари – “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ бошқаруви раиси О.Раматов, Қозоғистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Жумагалиев ва бошқалар Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги ҳамкорлик икки давлат раҳбарларининг учрашувларида эришилган келишувлар асосида ҳар томонлама ривожланиб бораётганини таъкидлади. Мазкур тадбир фаол шериклик алоқаларини ахборот ва рақамли технологиялар соҳасида ҳам жадал ривожлантириш имконини беришини қайд этди.
Мамлакатимиз иқтисодиётининг турли тармоқлари, давлат бошқаруви тизимига замонавий технологиялар ва ноу-хаулар жорий этилиб, кўплаб истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ахборот технологиялари ва телекоммуникациялар соҳасини ривожлантириш, “Электрон ҳукумат” тизимини кенг жорий этиш ишлари юқори суръатларда давом эттирилмоқда. Ушбу йўналишда дунёда етакчи мамлакатлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик қилиб келинмоқда.
2018 йил Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили деб эълон қилиниши мамлакатимизда мазкур соҳа ривожига алоҳида эътибор қаратилаётганидан далолат. Бу, ўз навбатида, Ўзбекистон Республикасининг “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги қонуни қабул қилиш ва миллий ахборот-коммуникация тизимини ривожлантириш бўйича мақсадли дастурларини изчил амалга ошириш имконини бермоқда.
Форумда меҳмонларга “Электрон ҳукумат” тизимини жорий этиш ва давлат бошқарувини янада такомиллаштириш, АКТ соҳасини ривожлантириш, бу йўналишда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. Қозоғистонлик мутахассислар давлат ва жамият ҳаётида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш, технологиялар ва инфратузилмаларни ривожлантириш, соҳада кадрлар тайёрлаш ва мутахассислар малакасини ошириш бўйича тажрибалари намойишига бағишланган тақдимотлар ўтказди.
– Бугун замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш глобал характер касб этмоқда, – дейди «Samgau» холдинг компанияси савдо директори Ерлан Аҳметов (Қозоғистон). – Форумда мактабгача таълим тизимини ташкил қилиш, «ақлли шаҳар»ларда вазиятни таҳлил қилиш марказлари ва савдо соҳасида онлайн касса аппаратлари бўйича ишланмаларимиз билан иштирок этяпмиз. Тадбирда ўзбекистонлик мутахассислар билан тажриба алмашиш имконига эга бўлдик, ноу-хауларни жорий этиш бўйича музокаралар олиб боряпмиз.
Бизнес-форум шўъба мажлисларида «Mirzo Ulugbek Innovation Center» инновация маркази аъзолари ва қозоғистонлик дастурий таъминотчилар маърузалар билан иштирок этди. Муҳокамаларда ахборот технологиялари ва коммуникациялари, соғлиқни сақлаш, таълим, транспорт ва хавфсизлик билан бир қаторда, иқтисодиёт, молия, солиқ, банк ва телекоммуникацион операторлар томонидан тақдим этилаётган долзарб мавзуларга алоҳида ўрин берилди.
Форумда ахборот технологияларини кенг жорий этиш, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатилаётган интерфаол давлат хизматлари сифатини ошириш, малакали кадрлар тайёрлаш, дастурий маҳсулот ишлаб чиқарувчиларни бирлаштиришга қаратилган қатор шартнома ва меморандумлар имзоланди.
Қозоғистон Республикаси делегацияси шу куни мамлакатимизнинг қатор вазирлик ва идораларида ҳам музокаралар ўтказди.