​Қўмиталар нима билан машғул?

Парламент қуйи палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси томонидан журналистлар учун матбуот анжумани ўтказилди. Унда қўмита томонидан ўтган даврда амалга оширилган ишлар ва фаолиятининг устувор йўналишлари хусусида ахборот берилди.
Қайд этилганидек, бугунги кунда қишлоқ ҳамда сув хўжалигида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва таркибий ўзгаришлар кўп жиҳатдан соҳага оид қонунчиликни янада такомиллаштириш билан узвий боғлиқдир.
Ҳисобот даврида қўмита аъзолари қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида киритилган 3 қонун лойиҳасида иштирок этган, шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси томонидан киритилган ва қўмита масъул этиб белгиланган 12 қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг муҳокамасига киритилган.
2018 йилнинг ўтган даврида юқорида қайд этилган қонун лойиҳаларидан 6 таси Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланган. Бундан ташқари, қўмита аъзолари экспертлар ва мутахассислар иштирокида “Уруғчилик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини, “Қишлоқ хўжалиги ўсимликларини зараркунандалар, касалликлар ва бегона ўтлардан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ва бошқа қонун лойиҳаларини Қонунчилик палатасида иккинчи ўқишда кўриб чиқиш учун тайёрламоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 апрелдаги “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг 20-банди ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси томонидан киритилган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасида фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятининг самарадорлигини янада ошириш, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг бу соҳадаги ваколатларини кенгайтириш ва фаол иштирокини таъминлашнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш назарда тутилган.
Жойларда сув тақчиллигининг олдини олиш, сув ресурсларидан оқилона ва мақсадли фойдаланишга қаратилган чора-тадбирлар ижроси устидан самарали парламент назорати амалга оширилиши натижасида қишлоқ хўжалигида ресурс тежовчи инновацион технологияларни жорий этишда белгиланган имтиёзларни қайта кўриб чиқиб, қўшимча имтиёзлар бериш бўйича қонунчиликка ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритилган.
Анжуманда журналистлар қўмита томонидан назорат-таҳлил фаолияти йўналишида амалга оширилган ишлар билан ҳам атрофлича таништирилди. Қорақалпоғистон Республикаси, Фарғона, Самарқанд, Жиззах, Наманган вилоятларида Ер кодекси, “Ветеринария тўғрисида”ги қонун талаблари бажарилиши ҳолатини ўрганиш ҳамда бу боради аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар хусусида сўзлаб берилди.
Шу билан бирга, қўмита аъзолари томонидан ўтган давр мобайнида юридик ва жисмоний шахслардан келиб тушган жами 693 ариза ва мурожаат кўриб чиқилгани қайд этилди.
Анжуман давомида таълим муассасаларида аграр соҳага оид фанларни ўқитиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича таклифлар билдирилди.
* * *
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси томонидан ташкил этилган анжуманда таъкидланганидек, қўмитада амалда 23 қонун тайёрланди ва қабул қилинди.
Жумладан, қўмита қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектлари томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилган қонун лойиҳаларининг 25 тасига масъул бўлиб, ушбу қонун лойиҳаларининг 23 таси “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунида белгиланган тартибда кўриб чиқилиб, Қонунчилик палатаси муҳокамасига тақдим этилган. Шундан 2 қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасидаги барча қўмиталар томонидан иккинчи ўқиш учун тақдим этилган бирлашган қонунлардан иборат.
Қўмита 2018 йил давомида 2 қонун ижроси бўйича назорат-таҳлил фаолиятини амалга оширди. Фуқаролик жамияти институтлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, маҳалла фаолиятининг ҳуқуқий базасини такомиллаштириш, ваколатлари ва самарали фаолият юритиши механизмларини кенгайтиришга қаратилган ишларнинг самарасини ошириш мақсадида марказда ва жойларда турли тадбирлар, туркум конференциялар, давра суҳбатлари ва семинарлар ўтказишга эътибор қаратди.
Халқаро йўналишдаги фаолият эса қўмита аъзоларининг хорижий парламентлар тажрибасини таҳлил қилиш ва амалиётга жорий этишга ёрдам берди. Олий Мажлисда тузилган дўстлик гуруҳларига қўмитанинг бир қанча аъзолари киритилган бўлиб, улар ана шу парламентлараро гуруҳларининг аъзолари сифатида 2018 йилнинг ўтган даврида 5 дан ортиқ хизмат сафарларида бўлиб, хорижий парламентлар тажрибаси билан яқиндан танишиб қайтишди.
2018 йилнинг ўтган даврида қўмита фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича фаолиятга алоҳида эътибор қаратди. Қўмитага келиб тушган 874 мурожаатларнинг 253 таси судлар, 187 таси прокуратура идоралари, 96 таси адлия идоралари, 88 таси ички ишлар идоралари фаолияти 250 таси бошқа соҳаларга оид мурожаатлардир.
Мурожаатларда кўтарган муаммоларни кўриб чиқиш ва ҳал этиш учун тегишли давлат органлари, ташкилотлар, муассасалар, корхоналар ва мансабдор шахсларга юборилди.

 

Нурилло Насриев, ЎзА