Ижодкорнинг умри унинг бу дунёда яшаган йиллари билан ўлчанмайди. Бу хулоса бошқа касб эгаларига ҳам тегишли, аммо қалам аҳлига кўпроқ дахлдор.
Чунки ёзувчининг маҳорат билан битилган асарлари мустаҳкам қасрлар, маҳобатли иморатлардан кўра кўпроқ яшайди, асрдан асрга, даврдан даврга ўтганида маъно-моҳиятини йўқотмайди.
ХХ аср бадиий адабиёти ва тафаккурининг ёрқин сиймоларидан бири Чингиз Айтматовнинг муаллифлик умри, бошқа ижодкор тенгдошлари қатори, собиқ тузум тамойиллари барча-барчанинг қон-қонига, ўй-фикрига сингиб кетган йилларга тўғри келди. У адабиётга ҳукмрон фирқа мафкураси тамойиллари “ягона олий қадрият, тўғри ва адолатли йўл” сифатида кўкларга кўтарилаётган бир пайтда кириб келди. Миллий мавзуда ёзилган тоғ ва дашт қиссалари (“Жамила”, “Юзма-юз”) унга мислсиз шуҳрат олиб келди. Ўқувчи бу икки асарда реал ҳаётий воқелик ва унинг адабиётдаги реал тасвири билан юзма-юз келди.
Чингиз Айтматов ўтган асрнинг саксонинчи йиллари ўрталарида дунёнинг турли минтақаларида, жумладан, Қирғизистонда ҳам юз бера бошлаган ижтимоий-сиёсий, маънавий-ахлоқий зиддиятларга, ҳукмрон тузум таназзулига, кутилган ва кутилмаган талотўпларга гувоҳ бўлди. Кўз ўнгида “зўр билан бўлган иморат” – шўролар салтанати қулади. Айни шу йиллари эълон қилинган ўткир публицистик мақолалари, қисса ва романлари бадиий жиҳатдан мукаммал, таъсирчан ва кучли мантиқий мушоҳадага асослангани, ҳаётга, конкрет воқеликка, одамларнинг ўй-хаёлларига бевосита боғлиқлиги билан бошқа ижодкорлар асарларидан ажралиб турарди. Уларда наинки бугуннинг, айни чоғда эртанинг, яқин келажакнинг, бир миллат ёки мамлакат эмас, бутун инсоният, ер юзида тинч-тотув ҳаётни сақлаб қолиш билан боғлиқ ўткир муаммолар, бошқалар айтишга журъат этмаётган аччиқ ҳақиқатлар юзага чиқди. Адиб ёзувчи сифатидагина эмас, кенг қамровли давлат ва жамоат арбоби, чуқур мушоҳадали файласуф, тинчлик-тотувлик элчиси, қардошлик-дилдошлик тарғиботчиси сифатида ҳам дунёга танилди (Умри давомида ёзган асарлари бугунга қадар дунё халқларининг 191 тилида чоп этилган). 1986 йили унинг бевосита ташаббуси билан Иссиқкўл бўйида ўтказилган, дунёнинг ўн саккиз буюк истеъдоди – Петр Устинов, Федерико Майор, Лисандро Отеро, Дэвид Болдуин, Артур Миллер, Клод Симон, Александр Кинг ва бошқалар иштирок этган халқаро форум адибга янада катта шуҳрат келтирди.
– Иссиқкўл форумини ўтказиш ғояси дабдурустдан пайдо бўлгани йўқ, албатта, – деган эди адиб суҳбатларидан бирида. – Биз бунда бугунги кунимизнинг реал воқелиги ва ҳолатидан келиб чиқдик. У ўзида, аввало, инсон тафаккурининг янгиланишини мужассамлантиради. Очиғи, бундан ўн-йигирма йил илгари даврнинг энг долзарб масалалари юзасидан гаплашиб олиш мақсадида бутун жаҳондан маслакдошларни бир жойга тўплаш, фикр-мулоҳазаларни эмин-эркин баён қилиш ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмаганди. Бу муҳим ғоя ўз вақтида пишиб етилди ва амалга ошди. Гарчанд биз тамомила бошқа-бошқа одамлар, сиёсий, маданий тузумларимиз кескин фарқли, дунёвий воқеа-ҳодисаларга муносабатимиз айрича бўлса-да, мен барибир тил топишимизга, ҳаммамизга бевосита дахлдор муаммолар ечимини топиш йўлларини қидиришда, амалий ҳаракатлар қилишда фикран яқинлашишимизга ишонган эдим. Бу ишонч тусмол ёки таваккалга асосланмаганди: мен бу одамларнинг кимлигини, ҳар бирининг имконият даражасини, ўй-хаёлларини, дунёқарашини, онг-сезимини яхши билардим, аксарияти таклифимни рад этмаслигини юрак-юрагимдан сезардим, чунки биз тез-тез турли халқаро анжуманларда, расмий маросимларда учрашиб, суҳбатлашардик, фикр-мушоҳадаларимиз, нуқтаи-назаримиз, ўзаро бўлса-да, кўпинча инсониятни жиддий хавотирга солаётган муаммоларга, мантиқсиз ҳарбий пойгага, сохта даъват ва чақириқларга, сарф-харажатларга бориб тақаларди. Худди шу суҳбатларнинг мантиқий ривожи сифатида сайёрамиз ва, умуман, инсоният тақдирига боғлиқ глобал ташвишлар ҳақида ўйлайдиган, нималарнидир таклиф этишга қодир, ўз атрофига бир-бирига руҳан яқин одамларни уюштирадиган, уларнинг сўз ва бошқа имкониятларидан унумли фойдалана оладиган норасмий бир уюшма тузиш зарурлигига эҳтиёж туғилди. Айтишим керакки, ижодкор зиёлиларнинг ижтимоий маънога эга публицистик сўзида, таъсирчан нутқида гўзаллик, эзгулик, юксак инсонийлик туйғулари улуғланади.
Бу – исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат. Муҳими, бундай чиқишлар ижтимоий адолатнинг қарор топишида, гражданлик масъулиятини ҳис этишда, нималарнидир бошқалардан кўра аввалроқ сезиш ва огоҳ бўлиб яшашда чўнг аҳамият касб этади, чунки уларда жамиятнинг маънавий-ахлоқий қиёфаси, касалликлари аниқ ифодаланади. Ҳаётни безаш, инсоннинг моддий ва маънавий эҳтиёжларини тўла қондириш, ёшларни миллатпарвар ва ватансевар қилиб тарбиялаш, ёт ғоялар таъсиридан асраш, ўтмиш тарихга муносабат, улуғ аждодлар меросидан баҳрамандлик каби вазифаларга бадиий адабиёт каби публицистика ҳам бевосита дахлдор. Шундай экан, сўз санъати соҳиблари мулоқоти ҳеч қачон изсиз кетмайди.
Ўтган асрнинг сўнгги чорагида ўтказилган Иссиқкўл форуми тинчлик-тотувлик, яхши қўшничилик, сайёрамизда инсон ҳаётини сақлаб қолиш, ер, сув ва ҳавони келгуси авлодларга мусаффо ҳолда қолдириш масалаларида маънавий жиҳатдан бирлашиш, масъулиятни тўла ҳис этиш, бефарқ бўлмаслик, имкониятлардан мақсадга мувофиқ ва ҳамманинг манфаатига мос равишда фойдаланиш зарурлигини кўрсатди. “ХХI аср маданиятининг глобал ва миллий аспектлари” мавзусида ўтган бу анжуманда Чингиз Айтматов маъруза қилиб, ер юзида тирикликни сақлаб қолишда бундан буён миллий маданиятлар ва уларнинг ўзаро уйғун ҳолда ривожланиши ҳал қилувчи аҳамият касб этади, деган, авваллари ҳеч қаерда айтилмаган фикрни ўртага ташлади. Дунё бу дадил фикрни эшитди ва унга эътибор қаратди. 2004 йили Иссиқкўлда ЮНЕСКО шафелигида ўтказилган Евроосиё саммитида, адиб вафотидан сўнг 2013 йили Бишкек ва Чўлпон-отада бўлиб ўтган “Чингиз Айтматовнинг Иссиқкўл форуми: миллий маданиятлар диалоги ва цивилизацияларнинг ўзаро яқинлашуви” шиори остидаги мулоқотда айни шу ғоя яна бир бор ўз тасдиғини топди. Бу тасдиқ инсоният ҳаётини жиддий хавф остида қолдираётган муаммолар ечимини топиш йўлидаги амалий ҳаракатларни бирлаштиришда янгича, “умумбашарий тафаккур зарурлигини” англатгани билан ҳам аҳамиятли бўлди.
Бу муҳим ғоя Чингиз Айтматовнинг кўплаб асарлари, публицистик мақолалари, халқаро анжуманлардаги нутқлари, давра суҳбатларида ҳам мавжуд бўлиб, адиб дунёқараши нақадар кенглигидан, дунёда кечаётган мураккаб жараёнлардан яхши хабардорлигидан далолат эди.
Чингиз Айтматов умрининг сўнгги дақиқаларигача миллий ва умуминсоний қадриятларнинг уйғун ривожланиши тарафдори бўлиб яшади. Бугун адиб таваллудининг 90 йиллиги дунёнинг кўплаб мамлакатларида, жумладан, Ўзбекистонда ҳам давлатимиз раҳбарининг қарори асосида кенг нишонланаётган экан, адибнинг мовий Иссиқкўл бўйида туғилган, маданий дунё эътирофига сазовор бўлган – муаммоларни фақат бугунни эмас, эртани, олис келажакни ўйлаб биргаликда ҳал этиш зарурлиги ҳақидаги фикрлари янада яққол кўзга ташланади. Иккинчидан, дунёнинг бугунги ижтимоий-сиёсий, маданий-маънавий ҳолати ҳам адабиёт, маданият, санъат соҳалари намояндаларининг аниқ мақсад йўлида бирлашишларини, бамаслаҳат ҳаракат қилишларини тақозо этмоқда. Шу боисдан ҳам 4-7 октябрь кунлари Қирғизистоннинг Бишкек ва Чўлпон-ота шаҳарларида Иссиқкўл диалогларининг мантиқий давоми сифатида “Чингиз Айтматов ва бугунги давр таҳдидлари” шиори остида ўтказилган халқаро анжуман дунё жамоатчилиги эътиборини ўзига қаратди.
Анжуман Чингиз Айтматовнинг уй-музейи билан танишиш, Ота-Бейит қабристонида ёзувчи хотирасини ёдга олиш маросими билан бошланди. Ҳаяжонли ушбу дақиқаларда виқорли Олатоғ этагида, 37-йилги сиёсий қатағонда ҳалок бўлган ватандошлари, жумладан, отаси Тўрақул Айтматов билан бирга мангу қўним топган адиб бугун ҳам бутун вужуди, қолдирган бебаҳо ижодий-фалсафий мероси билан буюк тоғлар қуламаслиги, инсон ўзининг маънавий қиёфасини йўқотмаслиги, бу она заминда ҳаёт ва тириклик қўшиғи сўнмаслиги ҳақида ўй суриб ётгандай туюлди менга. Зиёратгоҳдаги ёзув – Чингиз оғанинг “Бугун инсон олдидаги энг қийин вазифа – инсонликни сақлаб қолишдир”, деган сўзларини ўқиб, кўнглимдан шу мулоҳазалар ўтди.
Йигирма беш мамлакатдан келган таниқли жамоат арбоблари, ёзувчи ва олимлар, маданият ва санъат намояндалари тўрт кун давомида Чингиз Айтматовнинг бу дунёда инсон ҳаётини, инсоний фазилатларни асраб қолиш, миллий-маънавий меросни ривожлантириш, бошқаларга нисбатан куч ишлатмаслик, зўравонлик қилмаслик, инсон эрки ва туйғуларини ҳақоратлаш, диний эътиқодни менсимаслик каби ғайриахлоқий иллатларга бефарқ бўлмаслик ҳақидаги даъватларини янада кучайтириш йўлларини муҳокама қилдилар. Маърузаларда турли минтақаларда уруш ҳаракатлари кучайиб бораётгани, қонли тўқнашув ва можаролар туфайли минглаб бегуноҳ одамлар уй-жойидан, мол-мулкидан ажралиб қолаётгани, атроф-муҳитга жиддий зарар етказилаётгани, оқибат натижада дунёни иқтисодий манфаат нуқтаи назаридан қайта бўлаклаш, ижтимоий-ҳуқуқий принципларга амал қилмаслик ҳаракатлари, маънавий қашшоқланиш, худбинлик, миллий туйғуларни менсимаслик иллати юзага келаётгани айтиб ўтилди. Форумда иштирок этган ўзбекистонлик олимлар Иброҳим Ғафуров, Ҳамидулла Болтабоев, Зуҳриддин Исомиддинов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид ва бошқалар Чингиз Айтматовнинг адабий-маънавий мероси дунёда юзага келаётган ижтимоий муаммоларни ҳал этишда бундан буён ҳам муҳим аҳамият касб этишини таъкидладилар. Қирғизистонлик ҳамкасбларимиз Ўзбекистонда Чингиз Айтматов ҳаёти ва ижодини илмий жиҳатдан ўрганиш, асарларини тарғиб қилиш, таваллуд кунининг 90 йиллигини мамлакат миқёсида нишонлаш борасида амалга оширилаётган ибратли ишларга, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг яхши қўшничилик, иқтисодий, илмий, адабий-маданий ҳамкорлик алоқаларини ўзаро ҳурмат-эҳтиром руҳида кучайтириш борасидаги янги сиёсий йўлига юксак баҳо бердилар. Давлатимиз раҳбарининг махсус қарори асосида тайёрланган “Чингиз Айтматов ва Ўзбекистон” хотира китоби, шунингдек, адибнинг янги сайланмаси, “Чингиз Айтматов: Давр. Инсон. Ҳақиқат”, “Чингиз Айтматов ва ХХI аср” монографиялари адибнинг уй-музейига, Қирғизистон давлат Миллий кутубхонаси, Ёзувчилар уюшмаси ва бошқа ижодий ташкилотларга, айтматовшунос олимларга топширилди.
Форум якунида анжуман қатнашчиларининг дунё мамлакатлари раҳбарлари, маданият ва санъат арбобларига мурожаати қабул қилинди.