Лувр музейи билан меморандум имзоланди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Францияга расмий ташрифи доирасида 9 октябрь куни Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси билан Лувр музейи ўртасида ўзаро англашув ва ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди.
Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда жамғарма ижрочи директори ўринбосари Гаянэ Умерова, Лувр музейи директори Жан-Люк Мартинес икки мамлакат ўртасидаги алоқалар маданий-гуманитар соҳаларда ҳам юқори босқичга чиқаётганини таъкидлади.
Мазкур ҳужжатга мувофиқ жамғарма ва Лувр музейи ўртасида кўплаб йўналишларда ҳамкорликни йўлга қўйиш кўзда тутилган. Хусусан, санъат ва маданият тарихи, музейшунослик, реставрация ва консервация соҳаларида илмий-тадқиқот ишларини ривожлантириш, Лувр музейи ва Ўзбекистон Фанлар академиясининг Яҳё Ғуломов номидаги Археология институти ҳамкорлигида ташкил этилган Франциянинг Бухородаги археологик экспедицияси қазишма ишлари натижаларини оммалаштириш, мутахассислар ва тажриба алмашиш мақсадида ҳамкорлик қилиш масалалари акс этган.
Бундан ташқари, меморандумда 2021 йил кузида Лувр музейида Ўзбекистон маданий меросига бағишланган “Буюк ипак йўлидаги тамаддунлар ва маданиятлар“ номли кўргазмани ташкил этиш кўзда тутилган.
Кўргазма Буюк ипак йўли маконида Ўзбекистоннинг тарихий, маданий, сиёсий ва диний роли ва аҳамиятини янада кенгроқ кўрсатиш, мамлакатимиз бой тарихи ва бугунги ҳаётини ёритишга хизмат қилади. Кўргазмада мамлакатимизнинг қадимий нодир дурдоналари намойиш этилади. Ўтмишдан гувоҳлик берувчи ушбу буюмлар бир жойда тўпланиб, Ўзбекистоннинг савдо ва маданий алоқалари ҳамда қадимги дунёнинг муҳим чорраҳаси сифатида географик жойлашувини ифода этади.
Меморандумнинг имзоланиши жамғарманинг халқаро ва давлатлараро маданий алоқаларини кенгайтириш, маданият ва санъат соҳасидаги халқаро ташкилотлар ва хайрия жамғармалари билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Абу Бакр Ўрозов,
 
ЎзА мухбири
 
Париж шаҳри.