Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси ва Молия вазирлиги билан ҳамкорликда “Ўзбекистонда солиқ ислоҳоти – халқаро экспертлар нигоҳида” мавзуида давра суҳбати ўтказилди.
Унда Жаҳон банкининг солиққа тортиш бўйича катта мутахассиси, Ўзбекистон Республикасида солиқ ислоҳотларини ислоҳ қилишга кўмаклашиш бўйича Жаҳон банки солиқ миссияси раҳбари Ражуль Авасти, Россия Федерациясининг Солиқ кодексини ишлаб чиқишда фаол иштирок этган халқаро эксперт ва маслаҳатчи Сергей Шаталов, депутатлар, вазирлик ва идоралар вакиллари, халқаро экспертлар, мутахассислар иштирок этди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Сарвар Отамуродов ва бошқалар мамлакатимизда солиқ тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар солиқ тизимини янада такомиллаштириш, соҳа ривожига тўсиқ бўлаётган муаммоларга барҳам бериш зарурлиги, бунда давлатимиз раҳбарининг жорий йил 29 июндаги “Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида”ги фармони муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилишини таъкидлади.
Тадбирда экспертлар “Ақлли солиқ сиёсати, ақлли солиқни бошқариш”, “Ўзбекистон Республикаси солиқ сиёсатини такомиллаштириш” мавзуларида маъруза қилди.
– Самарали ва рақобатдош солиқ тизимини яратиш, турли даражадаги бюджетга солиқ тушумлари келишининг барқарорлигини таъминлаш солиқ ислоҳотларини олиб боришда муҳим тамойиллардан ҳисобланади, – дейди Ражуль Авасти. – Шу боис Жаҳон банкининг Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси билан ҳамкорлигидан ҳам солиқ тўловчиларга хизмат кўрсатишнинг инновацион усулларини жорий этиш асосида солиқ бошқаруви тизимини тубдан ислоҳ қилиш назарда тутилган.
Сергей Шаталов хорижий мамлакатлар тажрибасини ўрганиш ва таққослаш асосида Ўзбекистон солиқ соҳасидаги тизимли муаммоларни батафсил таҳлил қилиб берди.
– Ўзбекистон Республикаси солиқ сиёсатини такомиллаштириш Концепцияси солиқ юкини камайтириш, солиқ тизимини соддалаштириш ва солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштиришга қаратилган мавжуд тизимли муаммоларни комплекс ҳал этишга қаратилган, – дейди Сергей Шаталов. – Мазкур концепция халқаро валюта жамғармаси, жаҳон банки, халқаро ва миллий экспертлар, жамоат ташкилотлари ва солиқ тўловчиларнинг таклифларини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилгани жуда муҳимдир.