Ўзбекистон – жозибадор сайёҳлик марказига айланмоқда

Туризм – иқтисодиётнинг энг жадал ривожланаётган ва сердаромад соҳаларидан бири. БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти маълумотларига кўра, мазкур соҳа хизматларини кўрсатишдан тушадиган даромад 1,5 триллион АҚШ долларини ташкил этмоқда. Дунё ялпи ички маҳсулотининг 10 фоизидан кўпроғи, жаҳон экспортининг 7 фоиздан зиёди, умумий бандлик кўрсаткичининг эса 8 фоизга яқини айнан шу соҳа ҳиссасига тўғри келади.
 
photo5305407225273100797.jpg
Сайёҳлик нафақат иқтисодий даромад келтиради, балки юртни, халқни, унинг маданиятини бутун дунёга танита оладиган муҳим восита ҳамдир.
Ўзбекистон – бой маънавий-маданий меросга, турли-туман тарихий-археологик объектларга, қулай табиий-иқлим шароитига ва кўп тармоқли ижтимоий инфратузилмага эга мамлакат. Бугунги кунда юртимизда бой тарихий, миллий ва маданий ўтмиш, нодир археологик топилмалар, палеонтологик қолдиқларини, тарихий-маданий ёдгорликлар, ноёб ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини ўзида мужассам этган жозибадор табиий масканларни қамраб олган 7 мингдан ортиқ сайёҳлик манзиллари мавжуд. Улардан 140 га яқини ЮНЕСКО рўйхатига киритилиб, алоҳида муҳофазага олинган.
photo5305407225273100798.jpg
Қулай табиий иқлим, бой тарихий-маданий мерос, шифобахш булоқлар, гўзал манзаралар, ям-яшил ўрмонзорлар, машҳур ғорлар, шаршаралар, ноёб табиат ёдгорликлари, мовий кўллар, қўриқхоналар ҳар қандай сайёҳ эътиборини тортмасдан қолмайди. Бундай катта салоҳият билан юртимизда туризмнинг зиёрат, экологик, маърифий, этнографик, гастрономик, спорт, даволаш-соғломлаштириш, аграр, саноат, ишбилармонликка оид ва бошқа қатор турларини ривожлантириш имконияти мавжуд. Шу боис мамлакатимизда мазкур соҳани янада тараққий эттиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бунинг самараси ўлароқ, қисқа вақт ичида юртимизда сайёҳликни ривожлантиришга йўналтирилган 20 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, хусусан, Президентимизнинг тегишли фармон ва қарорлари қабул қилинди.
Мазкур ҳужжатларга кўра, соҳани тараққий эттириш билан боғлиқ қатор янгиликларга қўл урилди. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси тузилди. Унинг фаолияти, энг аввало, назорат ва маъмуриятчилик вазифаларини амалга оширишга эмас, балки туризмда тадбиркорлик фаолиятини кучайтиришга қаратилгани билан диққатга сазовордир. Қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, сайёҳликни ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган ғов ва тўсиқларни бартараф этиш, хизматлар бозорида рақобатни ривожлантириш, лицензиялаш, сертификатлаш ҳамда бошқа рухсатномалар бериш унинг зиммасига юкланди.
Шунингдек, туризм соҳасидаги субъектларга солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда афзалликлари берилди. Туризм инфратузилмасини такомиллаштириш, соҳа корхоналарига қўшимча имтиёз ва преференциялар бериш бўйича ҳам долзарб тадбирлар амалга оширилмоқда. Унга кўра, яқин истиқболда хорижий инвестицияларни кенг жалб қилган ҳолда, юртимизнинг барча ҳудудида туризм инфратузилмасининг замонавий объектлари, энг аввало, меҳмонхоналар, транспорт-логистика тузилмалари, муҳандислик-коммуникация объектлари бунёд этилиши бошланди.
Соҳада меъёрий-ҳуқуқий тартибга солишни такомиллаштириш ва халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, Ўзбекистонга саёҳатларни арзонлаштириш, юртимизнинг барча ҳудудларида туризмни ва соҳа билан боғлиқ инфратузилмани ривожлантириш, янги сайёҳлик объектлари ташкил этиш, бир сўз билан айтганда, миллий туризм салоҳиятини юксалтиришга қаратилган 2018-2019йилларда туризмни ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.
Бу мамлакатимизнинг туризм салоҳиятини юксалтириш, соҳага инвестицияларни фаол жалб қилиш, инновацион ғоя ва технологияларни жорий этиш, шунингдек, бой табиий, тарихий-маданий меросимизнинг мавжуд ресурс ва имкониятларидан ҳар томонлама фойдаланиш ҳисобига ривожлантириш учун янада қулай шароитлар яратишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Айниқса, Исроил, Индонезия, Жанубий Корея, Малайзия, Сингапур, Туркия ва Япония фуқаролари, шунингдек, юртимизга мунтазам авиақатновларни амалга оширувчи хорижий авиакомпаниялар ҳаво кемалари экипажи учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кирган кундан эътиборан 30 кунлик муддатга визасиз режим белгиланиши муҳим янгиликлардан бўлди.
Шунингдек, Европа Иттифоқи, Шарқий Осиёнинг бир қатор давлатлари ва Яқин Шарқ мамлакатларининг ҳамда Ҳиндистон, Канада, Янги Зеландия, АҚШ каби 39 мамлакат фуқаролари учун Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига туристик ваучерни ёхуд Ўзбекистон Республикасига таклиф қилаётган юридик ёки жисмоний шахснинг мурожаатномасини тақдим этишга оид талаб бекор қилиниши, ҳужжатларни қабул қилиш куни ҳисобга олинмаган ҳолда икки иш куни мобайнида визани расмийлаштиришни кўзда тутадиган туризм визаларини расмийлаштиришнинг 2018 йил 10 февралдан эътиборан соддалаштирилган тартиби киритилди.
Жорий йилда Самарқанд шаҳрида “Ипак йўли” туризм халқаро университети ташкил этилиши эса замонавий инновацион, илмий-педагогик технологияларни, фан ва техниканинг энг янги ютуқларини қўллаган ҳолда, туризм соҳасида юқори малакали профессионал кадрларни халқаро таълим стандартларига мувофиқ сифатли тайёрлашга хизмат қилади.
Албатта, туризм соҳасида амалга оширилаётган бу каби чора-тадбирлар, янги тартиб-таомил ва ислоҳотлар мамлакатимизни тез орада йирик ҳамда жозибадор сайёҳлик марказларидан бирига айлантиради. Юртимиз учун истиқболли ушбу соҳа эса, иқтисодиётимизнинг етакчи тармоғи даражасига кўтарилиши шубҳасиз.
Абдураҳим Қурбонов,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси депутати.​

 

ЎзА