Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўлида

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида БМТ Тараққиёт дастури ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси, Миллий ҳуқуқни ҳимоя қилиш муассасаларининг Глобал альянси вакилларидан иборат делегация аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг 2017 йил 16 июндаги Қўшма қарори билан тасдиқланган БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси билан ҳамкорликни янада ривожлантиришга доир чора-тадбирлар режасига асосан Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (Омбудсман) Миллий ҳуқуқни ҳимоя қилиш муассасаларининг Глобал альянсига қўшилиши масаласи муҳокама этилди.
Таъкидланганидек, инсон ҳуқуқлари, эркинликларини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар халқимиз манфаатларига хизмат қилмоқда. Бу борадаги саъй-ҳаракатлар натижасида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш миллий тизимида ҳам туб янгиланишлар рўй бераётир. Бу институтларнинг ташкилий-ҳуқуқий асослари, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмлари тубдан янгиланмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) тўғрисида“ги қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида“ги қонуни қабул қилинди. Қонунга киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга мувофиқ Вакилга инсон ҳуқуқлари ҳамда эркинликлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан парламент назоратини таъминлашда янги ваколатлар берилди.
Хусусан, мазкур қонун билан Омбудсманнинг қонун устуворлиги ва адолатни қарор топтиришга оид ҳуқуқлари кенгайтирилди. Эндиликда Омбудсман Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди кўриб чиқиши учун қонунга мувофиқ масалалар киритиш, фуқаролар манфаатларини кўзлаб аризалар ҳамда даъволар билан судларга мурожаат қилиш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги қонун ҳужжатларининг аниқланган бузилишларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида давлат органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарларига белгиланган муддатларда кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш каби ҳуқуқларга эга бўлди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг Миллий ҳуқуқни ҳимоя қилиш муассасаларининг Глобал альянсига қўшилиши инсон ҳуқуқлари, эркинликларини таъминлашга қаратилган ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқади ҳамда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмларини такомиллаштиришга хизмат қилади.
Тадбирда Омбудсман фаолиятига доир бир қатор масалалар муҳокама этилди.

 

Нурилло Насриев, ЎзА