Ҳиндистонда Ўзбекистоннинг инвестиция салоҳияти тўғрисидаги махсус нашр тарқатилди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ҳиндистонга давлат ташрифи арафасида мамлакатимизнинг Деҳлидаги элчихонаси томонидан «Business opportunities of Uzbekistan» («Ўзбекистонда бизнес юритиш имкониятлари») махсус нашри тарқатилди. 
Нашрнинг ўн икки бўлимида «Нима учун Ўзбекистонга инвестиция киритиш керак», «Микроиқтисодий кўрсаткичлар ва ташқи савдо», «Инфратузилма», «Агро-саноат мажмуаси», «Бозор», «Экспорт имкониятлари», «Бизнесни юритиш бўйича Жаҳон банки рейтингида Ўзбекистоннинг ўрни», «Хорижий инвестицияларнинг кафолати ва ҳимояси», «Солиқ сиёсати», «Хорижий инвесторлар учун имтиёзлар ва преференциялар» каби мавзулар ёритилган. Алоҳида бобда «Ангрен», «Ғиждувон», «Хазорасп», «Жиззах», «Қўқон», «Навоий», «Наманган», «Ургут» ҳамда фармацевтика эркин иқтисодий зоналари ва улардаги истиқболли йўналишлар тўғрисида ҳикоя қилинади.
Журнал Ўзбекистонда бизнесни юритиш имкониятларини батафсил таҳлил қилиш ва баҳолаш учун кўплаб инфографика, жадваллар, рейтинг ва йиғма маълумотларни ўз ичига олган. Нашр бизнес форумлар, музокаралар, В2В тадбирлари ва тақдимотларда хорижий инвесторлар учун манзилли тарқатишга мўлжалланган.
Бугунги кунда Ҳиндистонда Ўзбекистонда бизнес юритишга қизиқиш ортганлиги кузатилмоқда. Деҳли ва Тошкентда қатор бизнес форумлар ва Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича икки томонлама комиссия мажлислари бўлиб ўтди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг давлат ташрифи арафасида ўтказилаётган Ҳиндистон-Ўзбекистон бизнес форуми икки мамлакатнинг 300 дан зиёд ишбилармонларини жамлайди, шунингдек, «Made in Uzbekistan» кўргазмасини намойиш этади. Бизнес форум доирасида иқтисодиётнинг етакчи йўналишларида йирик инвестиция лойиҳаларининг имзоланиши кутилмоқда. ​​

 

ЎзА