Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 26 сентябрь куни Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси Спикери Чон Сэ Гюнни қабул қилди.
Давлатимиз раҳбари меҳмонни қутлар экан, мамлакатларимиз парламентлари Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш, анъанавий яқин ва кенг кўламли ҳамкорликни кенгайтиришда муҳим ўрин тутишини таъкидлади.
Жанубий Корея Ўзбекистоннинг муҳим ва ишончли ҳамкорларидан бири экани алоҳида қайд этилди. Бугунги кунда мамлакатларимиз ўртасида турли даражадаги алоқалар ҳам ўзаро, ҳам халқаро ташкилотлар доирасида фаол ривожланмоқда.
Мамлакатимизда саноатни диверсификация қилиш ва инфратузилмани модернизациялаш бўйича устувор дастурларни амалга оширишда Жанубий Кореянинг етакчи компаниялари ва банклари билан самарали ҳамкорлик қилиб келинмоқда. Бугунги кунда иқтисодиётнинг турли тармоқларида амалга оширилаётган қўшма инвестиция лойиҳалари қиймати 7 миллиард доллардан зиёдни ташкил этмоқда.
Фан-техника ва маданий-гуманитар, тиббиёт ва таълим, сайёҳлик соҳаларида ўзаро муносабатлар кенгайиб бормоқда.
Учрашувда мамлакатларимиз парламентлари ва уларнинг алоҳида қўмиталари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, парламентларда фаолият юритаётган дўстлик ва ҳамкорлик гуруҳлари ишини фаоллаштириш, Ўзбекистон ва Жанубий Кореяда ўзаро ташриф ва қўшма тадбирларни мунтазам равишда ташкил этиш муҳимлиги қайд этилди.
Савдо-иқтисодий, инвестиция ва маданий-гуманитар соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, халқаро парламентлараро тузилмалар доирасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси Спикери Ўзбекистонда қабул қилинган мамлакатни янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида янги босқичда амалга оширилаётган таркибий ўзгариш ва ислоҳотларни юксак баҳолади ва уларни қўллаб-қувватлашини билдирди.
Чон Сэ Гюн давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевга самимий қабул учун миннатдорлик билдирди, Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Иннинг саломи ва эзгу тилакларини етказди. Юқори мартабали меҳмон Жанубий Корея раҳбарияти Ўзбекистон Республикаси Президентининг тез орада ушбу мамлакатга ташриф билан боришини кутаётганини таъкидлади.
Чон Сэ Гюн икки давлат парламентлари ҳамкорликда саъй-ҳаракатлар билан бўлажак олий даражадаги учрашувларга тайёргарлик жараёни ҳамда икки томонлама стратегик шериклик муносабатларини янада чуқурлаштиришга амалий ҳисса қўшишини қайд этди.