Бугун жаҳон ҳамжамияти Ўзбекистоннинг янги тарихидаги тинчликсевар ташқи сиёсати ўзаро ишонч, ҳамкорлик ва очиқлик тамойиллари асосида изчил амалга оширилаётганини эътироф этмоқда.
Албатта, халқаро алоқаларни кучайтириш ва мустаҳкамлашда хорижий давлатлар билан парламентлараро ҳамкорлик ҳам мазмунан бойиб бормоқда. Бу ҳозирги даврда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси фаолиятининг муҳим йўналишларидан биридир. Боиси, парламент қуйи палатасининг халқаро алоқалари мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларга мос равишда янги сифат босқичига кўтарилмоқда. Етакчи хорижий давлатлар парламентлари ва ҳукуматлари, халқаро ташкилотлар ҳамда чет мамлакатларнинг элчихоналари билан икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорлик янгича мазмун-моҳият касб этмоқда. Парламентлараро алоқалар доирасида ташрифлар алмашилиб, хорижий парламентлар вакиллари, сиёсатчилар ва дипломатлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича қатор учрашувлар ва музокаралар ўтказилди.
Мамлакатимиз парламентининг халқаро алоқаларини янада кенгайтириш мақсадида Олий Мажлис қошида 22 та парламентлараро дўстлик гуруҳи ва 2 та парламентлараро ҳамкорлик комиссияси фаолият юритмоқда. Кейинги икки йил давомида Жанубий Корея, Россия, Хитой, Европа Иттифоқи, Бельгия, Буюк Британия, Франция, Япония, Туркия, Италия каби жаҳоннинг ривожланган давлатлари парламентлари билан ҳамкорлик гуруҳлари ташкил этилди. Ҳозирги кунда парламентимизда Ҳиндистон парламенти билан ҳамкорлик гуруҳини ташкил этиш бўйича амалий ишлар кетмоқда.
Ўзбекистон билан Ҳиндистон ўртасидаги алоқалар бир неча минг йиллик тарихга эга бўлиб, мамлакатимизнинг мустақиллик йилларида икки давлат ўртасидаги муносабатлар янгича маъно-мазмун билан бойитилди. Ўтган даврда Ҳиндистон билан ўзаро манфаатли алоқаларни мустаҳкамлашда икки мамлакат парламентлари муҳим роль ўйнамоқда. Ўзбекистон парламенти делегацияларининг Ҳиндистонга, ушбу мамлакат парламенти вакилларининг юртимизга амалга оширган бир неча ташрифлари мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантиришда муҳим омил бўлмоқда.
Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Модининг Ўзбекистонга 2015 ва 2016 йилдаги расмий ташрифлари мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни янада ривожлантириш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни амалий мазмун билан бойитишга хизмат қилди.
2018 йил 13-14 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрида «Ҳиндистон-Марказий Осиё» мулоқотининг 5-мажлиси ўтказилиши икки томонлама муносабатларни янада чуқурлаштиришда муҳим аҳамият касб этди.
Жорий йил август ойида бўлиб ўтган Савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг 11-йиғилишида истиқболли қўшма лойиҳаларни амалга оширишга қаратилган қатор келишувларга эришилгани икки мамлакат ўртасидаги ўзаро манфаатли алоқаларни кенгайтиришда янги имкониятлар яратди.
Ўзбекистон – Ҳиндистон ҳамкорлигининг конструктив руҳда ва изчил ривожланиб бораётгани кўп жиҳатдан икки халқ ўртасидаги дўстона, ўзаро ишончга асосланган муносабатларга ҳамда минг йиллик тарихий-маданий, маънавий ришталар билан мустаҳкам боғланганига далилдир.
Савдо-иқтисодий ҳамкорлик Ўзбекистон-Ҳиндистон алоқаларининг муҳим йўналишларидан бирини ташкил этади. Томонлар тенг ва ўзаро манфаатли шерикликни ҳаётга татбиқ этиш борасида бой тажрибага эга.
Бугунги кунда мамлакатимизда ҳиндистонлик сармоядорлар билан ҳамкорликда ташкил этилган 145 та тадбиркорлик субьекти фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг 58 таси ушбу мамлакат капитали асосида ташкил этилган.
Мамлакатларимиз таълим, туризм, соғлиқни сақлаш, кадрлар алмашинуви соҳаларидаги ҳамкорлик борасида ҳам ижобий тажриба тўплаган. Ҳиндистон техник-иқтисодий кўмаклашиш дастури доирасида қатор ўзбек мутахассислари ахборот технологиялари, сув ресурсларини бошқариш, банк иши, меҳмонхона бизнеси ва бошқа йўналишларда Ҳиндистоннинг нуфузли олий ўқув муассасаларида малака оширди.
Албатта, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ҳиндистон Республикасига бўлажак давлат ташрифи мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янги босқичга кўтаришда, айниқса, миллий иқтисодиётимизни ривожлантиришга хизмат қилувчи инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда муҳим аҳамиятга эга. Мамлакатимиз иқтисодиётига киритилаётган хорижий сармоялар кичик бизнесни кенгайтиришга, қишлоқ хўжалиги, енгил саноат, хизмат кўрсатиш, фармацевтика ва бошқа соҳаларни жадал ривожлантириш орқали аҳоли бандлигини таъминлашга хизмат қилади.