Олий Мажлис Сенатининг янги аъзоларига гувоҳнома ва кўкрак нишонлари топширилди

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Унда Президентнинг 2017 йил 22 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси лойиҳасининг кенг жамоатчилик ўртасидаги муҳокамаси натижалари таҳлилига бағишланган масала кўриб чиқилди.

Маълумки, Марказий сайлов комиссияси, Олий Мажлис палаталари, Адлия вазирлиги, сиёсий партиялар ва бошқа жамоат ташкилотлари вакиллари, олимлар ва экспертлардан иборат ишчи гуруҳ Сайлов кодекси лойиҳасини ишлаб чиқди. Сайлов кодекси лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида жамоатчилик муҳокамасига қўйилди ҳамда Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида ўзбек ва рус тилларида жойлаштирилди.

4.jpg

5.jpg

Сайлов кодекси лойиҳасининг муҳокамасига бағишлаб ҳудудларда жами 278 тадбир ўтказилган бўлиб, унда аҳоли томонидан 436 таклиф билдирилган.

2018 йилнинг 6-7 сентябрь кунлари Сайлов кодекси лойиҳаси бўйича тегишли давлат органлари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари вакиллари билан фикр алмашиш мақсадида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси ва Венеция комиссияси делегациясининг Ўзбекистон Республикасига ташрифи бўлиб ўтди. Делегация томонидан Ўзбекистонда Сайлов кодекси лойиҳасини тайёрлаш ва кейинги сайловларда сайловчиларнинг электрон рўйхати амал қилиши жорий этилаётгани ижобий баҳоланди.

Мажлисда Марказий сайлов комиссияси томонидан Сурхондарё, Навоий, Сирдарё, Наманган вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатларининг қўшма мажлисида бўшаб қолган ўринларга сайланган Олий Мажлис Сенатининг янги аъзоларига Сенат аъзоси гувоҳномаси ва кўкрак нишони тантанали равишда топширилди.

– Шундай шарафли лавозимга сайланганимиз зиммамизга катта масъулият юклайди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Мавлуда Имомова. – 2006 йилдан буён Наманган вилояти Чуст туманидаги “Давронбек Ғайбулла” фермер хўжалиги раҳбариман. Шунингдек, ҳудудимиздаги “Баймоқ” маҳалла фуқаролар йиғинида хотин-қизлар билан ишлашга ҳам масъулман. Пахта, ғалла, чорва, балиқчилик ва асаларичиликка ихтисослашган 60 гектарли фермер хўжалигимизда 27 нафар ишчи меҳнат қилади. Сўнгги йилларда мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган истиқболли ислоҳотлар туфайли соҳа заҳматкашларига эътибор янада ортди. Фаолиятимиз кун сайин ривожланмоқда. Шуни ҳисобга олган ҳолда, келгусида менга билдирилган ишончни оқлашга, мамлакатимиз равнақига муносиб ҳисса қўшишга ҳаракат қиламан.

7.jpg
9.jpg
10.jpg
14.jpg
15.jpg

 

Абдулазиз Мусаев, Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА