Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Ниғматилла Йўлдошев 24 сентябрь куни мамлакатимизга келган Индонезия Халқ маслаҳатлашув конгресси раиси ўринбосари Ҳидоят Нур Воҳид бошчилигидаги делегация билан учрашди.
Мулоқотда Ўзбекистон – Индонезия парламентлараро ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Жорий йилда Индонезия парламенти Халқ вакиллари кенгаши, Ҳудудлар вакиллари кенгаши ва Индонезия Халқ маслаҳатлашув конгресси делегациялари мамлакатимизда бўлди. Бу қонун ижодкорлиги фаолиятини ўрганиш ва тажриба алмашиш бўйича икки мамлакат парламентлараро ҳамкорлиги ривожланаётганидан далолатдир.
Учрашув чоғида меҳмонларга 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида сўзлаб берилди. Давлат қурилишини такомиллаштириш, демократик ислоҳотларни амалга ошириш, қонун устуворлигини таъминлаш, сўз эркинлигини мустаҳкамлаш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда фаолияти тобора кенгаяётган парламент назорати муҳим ўрин тутаётгани алоҳида таъкидланди.
Учрашувда мамлакатларимиз қонун чиқарувчи органлари ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди. Шунингдек, демократик ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш бўйича тўпланган тажрибалар таҳлил қилинди. Парламентлараро мулоқотни мазмун жиҳатдан янада бойитиш учун барча зарур имкониятлар борлиги қайд этилди.
Тадбирда томонлар парламентлараро ҳамкорлик ва халқаро парламент тузилмалари доирасидаги ўзаро алоқаларни янада кенгайтириш юзасидан амалга оширилаётган ишларни давом эттиришга келишиб олди.