ЎЗБЕКИСТОН – ТУРКИЯ: ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг аниқ самаралари

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатасида 24 сентябрь куни Туркия Республикаси Буюк миллат мажлиси раиси Бинали Йилдирим бошчилигидаги Туркия парламенти делегацияси билан учрашувлар бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Н.Йўлдошев билан учрашувда икки томонлама алоқаларни янада ривожлантиришга алоҳида аҳамият қаратилаётгани, хусусан, парламентлараро мулоқотни чуқурлаштиришга ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидан бири сифатида эътибор берилаётгани таъкидланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил октябрь ойида Туркия Республикасига, Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўғоннинг жорий йилда мамлакатимизга давлат ташрифи барча йўналишдаги муносабатларни аниқ амалий мазмун билан бойитишга хизмат қилмоқда.

Парламентлараро алоқалар жадал суръатлар билан мустаҳкамланиб бораётгани манфаатли шериклик муносабатларини янада кенгайтириш имконини бермоқда. Жорий йил март ойида Туркия парламентининг «Туркия – Ўзбекистон» парламенлараро дўстлик гуруҳи раиси бошчилигидаги делегациянинг ташрифи фикримиз тасдиғидир.

Туркия парламенти делегациясининг ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Туркия Республикаси Буюк миллат мажлиси парламентлараро дўстлик гуруҳининг илк қўшма мажлиси ўтказилган эди. Унда ҳамкорликни ривожлантириш бўйича 2018 йилга мўлжалланган «Йўл харитаси» имзоланган бўлиб, ушбу ташриф ҳам мазкур келишув доирасидаги тадбирлардан биридир.

Мулоқотда томонлар Олий Мажлис Сенати ва Буюк миллат мажлиси шафелигида Ўзбекистон – Туркия ҳудудлари форумларини ташкил этиш тўғрисида фикр алмашди. Парламентлараро ҳамкорлик ҳамда халқаро парламент тузилмалари доирасидаги ўзаро алоқаларни янада чуқурлаштириш юзасидан биргаликда амалга оширилаётган ишларни изчил давом эттириш зарурлиги қайд этилди.

photo5280871146557909749.jpg

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов билан суҳбатда Туркия Республикаси билан барча соҳалардаги ҳамкорлик, жумладан, парламентлараро муносабатларнинг ривожлантирилиши Ўзбекистон ташқи сиёсатининг муҳим устувор йўналишларидан бири экани таъкидланди.

Суҳбат чоғида икки мамлакат савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар ҳамкорлигини фаол қўллаб-қувватлашга йўналтирилган ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди. Бунда қонун чиқарувчи органлар ўртасидаги алоқалар, парламентлараро дўстлик гуруҳларининг имкониятларидан фаол тарзда фойдаланиш зарурлиги таъкидланди.

Меҳмонларга мамлакатимиз парламенти қуйи палатаси фаолияти, парламентаризм соҳасидаги янгиликлар, юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида сўзлаб берилди.

Бинали Йилдирим икки мамлакатнинг олий вакиллик органлари ўртасидаги алоқалар фаол ривожланаётганини алоҳида таъкидлади. Бу каби амалий мулоқотлар мамлакатларимиз ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва албатта парламентлараро ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилишини қайд этди.

Туркия Республикаси Буюк миллат мажлиси раиси Бинали Йилдирим Мустақиллик майдонига ташриф буюриб, ҳурриятимиз, порлоқ истиқболимиз ва эзгу ниятларимиз рамзи бўлган Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гул қўйди.

Туркия парламенти делегацияси шу куни икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокамасига бағишланган қатор музокараларда ҳам иштирок этди.

 

У.Шоназаров, А.Мусаев, Т.Мамадаминов (сурат), ЎзА