Саксонота ўрмон хўжалигининг Сўқоқ бўлимида рекреацион ҳудуд ташкил этилади

Пойтахтнинг ёнгинасида шундай мафтункор гўша борки, борган кишини ўзига хос иқлими, сўлим табиати шириндан шакар мевалари билан маҳлиё қилади- қўяди. “Мадор” ёки “Мотор” сомса, Сўқоқ кабоби, аччиққина мастава …. Паркент узумлари, олмаси… Афсуски Паркент ҳақида сўралганда, кўпчилик бу маълумотлардан нарига ўтолмайди. Аслида бу ҳудуднинг жуда кўп таърифга сазовор жойлари бор. Мисол учун, Саксонота ўрмон хўжалигининг Сўқоқ бўлимига ҳеч бориб кўрганмисиз, эшитганмисиз. Бу саволга “Ҳа!”, деб жавоб берувчилар саноқли бўлса керак. Юртимизда бундай гўшалар талайгина лекин, етарлича инфратузилма йўлга қўйилмагани сабабли уларни кўпчилик билмайди. Айни шу фикрни ҳудудга уюштирилган пресс-тур давомида АҚШлик мутахассислар билдириб ўтишди.
photo5258121877317069230.jpg
 Ҳадемай бу ерга бехавотир бориб, янги яратилган экомаршрутлар орқали қулай сўқмоқларда сайр қилиш имконияти яратилади. Гап шундаки, Паркент туманидаги Саксонота ўрмон хўжалигининг Сўқоқ бўлимида рекреацион ҳудуд ташкил этиш учун АҚШлик мутахассислар жалб қилинди. 13-15 сентябр кунлари улар иштирокида Ўзбекистон ўрмон хўжалиги ходимлари малакасини ошириш курслари ўтказилди. Ушбу курслар билан яқиндан таништириш мақсадида АҚШнинг мамлакатимиздаги элчихонаси томонидан журналистлар учун пресс-тур ташкил этилди. Баҳонада бугун тизимда амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам сўраб олдик.
photo5258458847566211369.jpg
 Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси Халқаро алоқалар, экспорт ва экотуризм бошқармаси бошлиғи Абдувоҳид Захадуллаевнинг маълумот беришича, бугунги кунда Давлат ўрмон фонди ерлари 11 миллион 600 минг гектардан кўп бўлиб, шундан 3 миллион 300 минг гектари ўрмон билан қопланган ҳудуд саналади. Яъни бу ерлар беш метрдан баланд бўлган дарахтлар жойлашган ҳудудлардир. Республикамизда йилига 42 минг гектарда ўрмонлаштириш ишлари олиб борилади. Шундан 16 минг гектардан кўпроқ ҳудуд айнан орол денгизини қуриган ҳудудида амалга оширилган. Ҳозирда бу ерда тахминан беш юз минг гектардан ортиқ ер ўрмон билан қопланган ҳудудга айланишга улгурди.
АҚШда ўрмон ёнғинлари ҳақида кўп хабарлар бериб борилади, бизда бу ҳолат қандай?
 – Бизда ҳам ўрмон ёнғинлари бўлади. Энг кўп ўрмон ёнғинлари бўладиган ҳудудлар бу тўқай ўрмонлари ҳиссасига тўғри келиб, улар асосан ёзда юқори ҳарорат, чақмоқ каби табиий сабаблар ёки инсон омили сабабли ҳам юзага келиши мумкин, деб жавоб берди Абдувоҳид Заҳадуллаев. – Ҳозирда экотуризмни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётган бўлиб, дунёнинг турли давлатлари мутахассислари билан яқин ҳамкорлик ўрнатилмоқда. АҚШ билан Сўқоқ бўлимини танладик. Бу бежиз эмас, бу ер ҳали одамларга унча таниш эмас, аммо шаҳарга яқин ва қулай ҳудудда жойлашган. Кейинги босқичларда ҳам айни шу ерда тренинглар давом эттирилади. Айни вақтда 40 га яқин рекреацион ҳудудлар аниқланган бўлиб, яқин кунларда бу йўналишда қилинадиган ишлар режаси акс этган норматив ҳужжатлар ҳам ишлаб чиқилади. Биз ҳозирда АҚШнинг ўрмон хўжаликларидан экотуризм мақсадида фойдаланиш фаолияти, шу жумладан табиий сўқмоқлар яратиш бўйича тажрибасини ўрганяпмиз.
20180914_110231[1].jpg
Машғулотларни кузатишда давом этамиз, АҚШлик мутаҳассислар экосўқмоқлар ва экомаршрутларни яратиш ва инвертаризация қилиш ишлари олиб бориш бўйича тавсиялар беришади. Ҳозирда ўрмон ландшафт дизайнери мутахассислари деярли йўқ бўлиб, улар бу бўйича ҳам ўз таклифларини бериб ўтишди. Семинарда турли ҳудудлардан вакиллар таклиф этилган бўлиб, улар семинар давомида олган билимларини ўзлари фаолият олиб бораётган хўжаликларида жорий этишга ҳаракат қилишади.
– Зоминнинг табиати ва имкониятлари ҳозиргидан ҳам кўпроқ сайёҳларни жалб қилишга етади, дейди – Зомин миллий табиат боғи катта илмий ходими Хусниддин Ҳазратқулов. – Ҳозирда миллий боққа хорижий инвесторлар ҳам қизиқиш билдирмоқда. Айни вақтда музокаралар олиб борилаётган бўлиб, тез орада инфратузилмани ривожлантириш бўйича ишлар бошланади. Биз бу ерда жуда кўп нарсаларни ўргандик. Табиий ҳудудларда экосўқмоқларни яратиш тажрибаси мени айниқса кўпроқ қизиқтирди. Машғулотларда биз АҚШ тажрибасини ўрганиш баробарида уларни Ўзбекистон иқлими ва табиатига мос тарзда қандай қўллаш йўлларини ҳам ишлаб чиқяпмиз. Бунда табиий ҳудудларни ўз ҳолатини сақлаб қолишга алоҳида эътибор қаратилади.
20180914_124648[1].jpg
– Мен Ўзбекистон иқлимига мафтун бўлдим,- дейди АҚШ ўрмон хўжалиги хизмати вакили Лиа Лорд табассум ва ҳайрат билан, – бугун Ўзбекистонлик ҳамкасблар билан ишлашдан жуда мамнунмиз. Бу ерда айнан экотуризм ва табиий туризмнинг имконияти кенг, мен Ўзбекистонга учинчи маротаба келишим ва менга бу ернинг ўзига хос табиати жуда ёқади. Мен Тошкент, Самарқанд ва Бухорода бўлганман. У ерда аллақачон сайёҳларга шароитлар яратилган. Лекин, мен нафақат мутахассис балки, сайёҳ сифатида тоғларга, ўрмонларга ўзига хос табиатга эга чўл ҳудудларига боргим келади. Бироқ ҳозир бу ерларда инфратузилма ривожланганича йўқ. Инсон албатта табиатга талпинади ва табиат қўйнида ҳам дам олиш учун шароит яратилиши керак. АҚШ ҳам айни шундай босқичдан ўтган ва биз бу йўналишдаги ишларни ривожлантириш борасидаги тажрибамиз билан ўртоқлашишга тайёрмиз.
photo5258121877317069231.jpg
Сўқоқда ёввойи тоғолча, наъматак, баргига сариқ оралаган жийда, биз кўргандан бошқачароқ дўлана ва майда ёнғоқ, итузум буталари, ёввойи олма каби биз таниган ва танимаган дарахтлар ва ўсимликларга дуч келасиз. Мен албатта, шаҳар шовқинидан бироз йироқлашиш, ҳақиқий табиатнинг манзараларидан завқ олишни истаганларга бу ерга келишни тавсия этаман деб, боғ ҳудудини тарк этар эканман, ҳали сайёҳлар кўп ҳам бормай туриб, турли пластик идишлар ва халтачаларни унда бунда ташлаб кетилганига гувоҳ бўлдим. Тўғриси, хаёлимга ярқ этиб бир фикр келди. Ўрмонлар ва умуман табиатга зиён етказмай дам олишга биз тайёрмизми? Ўрмонларда сайёҳлар учун барча шароитлар яратилгандан сўнг унда бунда учраётган пластик чиқиндилар уюмларга айланмасмикин? Мутасаддилар, ёввойи табиатда экотуризмни ривожлантириш баробарида ана шу жиҳатларга ҳам эътибор қаратиши лозим бўлади назаримда.

 

Н. Тошпўлатова, ЎзА